"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

БОЛАЛАP ОНАЖОНЛАPИ ВА БУВИЖОНЛАPИГА ШОДЛИК УЛАШДИЛАP

Ҳар гал баҳор фасли ўзининг бири-биридан дилбар байрамлари, кўнгилочар тадбирлари, айниқса, яшнаш-яшариш фасли - Наврўзона қадриятлар мадҳ этилувчи турли хил адабий-бадиий, мусиқий кечалари билан халқимиз қалбига олам-олам завқ бағишлайди.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам баҳорнинг илк кунларидан тантаналар, тадбирлар бошлаб юборилди. Оилаларда, маҳаллаларда, умумтаълим мактабларида, идора ва ташкилотларда соғиниб кутилган баҳорни, Аёлни, Наврўзи оламни шарафловчи шеър-у қўшиқлар, эзгу тилаклар жаранглади.

36-сонли умумтаълим мактабида эса бу нафосатли айёмни 2-“Б”синф ўқувчилари бошлаб беришди. “Онажоним – Онам!” деб номланган адабий-мусиқий тадбирга ўқувчилар ўз устозлари Сарагул Юсупова билан пухта тараддуд кўрдилар. Байрам ўтказиладиган хона Онани, Аёлни шарафловчи шиорлар, гуллар, баҳор кўкатлари билан безатилди. Бошланғич синф ўқитувчиси Сарагул Юсупова аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келаётганлигини гапирди. Дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар оналар, аёллар шаънига бағишланганини,  юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлигини фахр билан тўлқинланиб сўзлади.

Шундан сўнг, болажонлар ўз оналарига бағишлаб, шеър ва қўшиқлар куйладилар. Ўқувчилардан Зилолахон Адилова, Беҳзоджон Pаҳимбоев, Фарангиз Аминбоева ҳамда Бобуржон Қадамбоевлар томонидан ижро этилган ашула ва рақслар, она сўзи иштирокидаги шеърлар, мақол ва ҳикматлар барчанинг қалбига қувонч ва ҳаяжон бағишлади.

Ўқувчилар таниқли ўзбек шоирлари қаламига мансуб шеърларни ифодали ўқиганларида уларнинг азиз онажонлари ҳаяжон билан тингладилар. Муҳтарама онахонларга шеърий тилаклар билдирган ўғил-қизларнинг ижроларидан байрам иштирокчилари бўлган онажон ва бувижонлар қалблари чексиз қувончларга тўлди.

Айниқса, “Онажоним”, “Бувижоним” қўшиқлари ўқувчиларнинг оналари ва бувижонлари учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Онанинг ўз фарзандига меҳр-муҳаббатини қуёш тафтига қиёслайдилар. Фарзанднинг онага бўлган меҳри ҳам шу қадар буюк бўлмоғи учун фарзанд ўз ота-онаси олдидаги бурч ва масъулиятларини чуқур англаб етмоғи жоиз. Хусусан, у гўдаклигида онаси узун тунларни бедор ўтказиб, ёшлигини, куч-қувватини ўғил-қизлари камолоти учун бахш этганини ҳар бир фарзанд юракдан ҳис этиб, бу буюк зотнинг  қадрини дунёнинг ҳамма моддиятларидан баланд тутмоғи лозимлигини ўқувчилар ўзлари ўқиган шеърлар, куйлаган қўшиқлари орқали ифодалаб беришгани барчага манзур бўлди.

Тадбирнинг мусиқий қисми янада ҳаяжонли қувончли лаҳзаларга бой тарзда ўтди. Болалар “Андижон полкаси” “Лазги” куйларига рақсларга тушдилар. Юзларида қувонч ва бахтиёрлик акс этиб турган болалар ижросидаги шўх рақслар барчага хуш кайфият бағишлади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: