"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

СУМАЛАК САЙЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Халқимизнинг энг қадимий, миллий байрами Наврўз – яъни баҳорий тенгкунликни доимо орзиқиб, кўнгилларимиз талпиниб кутамиз. Ушбу байрамнинг узвий қисми ҳисобланмиш сумалак сайлини соғинамиз. Бу бежиз эмас. Боиси ҳар йили қўни-қўшни, яқинлар билан кўпчилик бўлиб қайнатиладиган бу дармонбахш таомнинг тоти йил бўйи тилингиздан кетмайди, чор-атрофдаги маҳалладошларга косалаб тарқатиш асносида кексаларнинг қиладиган дуоларидан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.
Дошқозон атрофидаги қўлинг-қўлингга тегмай, югуриб-елиб, сумалак майсасини келида туйиб, олов ёқиб, сув ташиб қилинган меҳнатлар чарчоғи сумалак қирмизи рангга кириб, пишганидан дарак берганида бутун вужудингдан чиқиб кетгандай бўлади гўё. Ўйин-кулгулар, ҳазил-мутойибалар ва эзгу тилаклар сайлга ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Шу йил 14 март куни 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилар жамоаси ҳам ўзлари меҳнат қилаётган мактаб ҳовлисида сумалак сайлини ўтказишди.

Аввало – шуни таъкидлаш керакки, мактаб педагогик жамоаси ўқувчи-ёшларга бугунги кун талабларига монанд таълим-тарбия беришмоқда. Битирувчилари орасида кўплаб моҳир ўқитувчилар, таниқли шифокорлар, санъат усталари етишиб чиқмоқда. Бокс бўйича халқаро мусобақалар ғолибларини, Ўзбекистон чемпионларини тарбиялаган таълим масканида йилнинг муҳим саналари, қутлуғ кунларни муносиб нишонлашга ҳам улкан аҳамият берилади.

Сумалак баҳона дийдорлашиш, ҳаётий сабоқларидан баҳраманд бўлиш ниятида таклиф этилган овулнинг нуроний онахонлари, фахрий ўқитувчилар кўмагида ёшлар югуриб-елиб хизмат қилишди. Онахонлар маслаҳатларига кўра, сумалак тайёрлаш жараёни бошлаб юборилди.

Маълумки, сумалак пиширишнинг ҳам ўзига хос, қатъий амал қилинадиган тартиб-қоидалари бор. У шунчаки кўпчилик бўлиб йиғилишиб таом тайёрлаш эмас, балки асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб, яшаб келаётган халқ қўшиқлари, лапарлари, ўйинлари ижро этиладиган, ўтин ёраётган, сув ташиётган йигитларнинг абжирлиги, кучлилигини, қизларнинг сумалакка андармон аёлларга кўмаклашишида чаққонлиги, одоби ва муомаласи синовдан ўтказилган. Мазкур мактабда ҳам сумалак сайли ана шундай тартиб-қоидалари, ўйин-кулгулари, рақслари билан ўзига хос эсда қоларли тарзда ўтказилди.

Маҳалланинг фаол онахонлари маслаҳатларига кўра мактаб ҳовлисида эрталабдан сумалак учун зарур бўлган нарсалар тахт қилиб қўйилди. Ушбу таом учун муҳим бўлган буғдой майсасини ўқувчилар келида туйиб, етказиб турдилар. Ундан чиққан ширали сув кетма-кет дошқозонга солиниб, маромига етгунича қайнатилди. Битирувчи синф ўқувчилари, айниқса, ғайрат билан меҳнат қилиб, онахонлар, устозлари дуосини олишди. Сумалакка ҳисса қўшиш ниятида келган барча иштирокчиларга дастурхон ҳам ёзилиб, таомлар тортилди.

Ўзгача меҳр билан қилинган меҳнатлар самараси – тотли таом тайёр бўлганидан сўнг, барча ўқувчиларга, чор-атрофдаги хонадонларга тарқатилди.

Ушбу тадбирнинг ўзи ўқувчи-ёшлар учун Наврўз байрамининг узвий қисми – сумалак сайлига хос халқимизнинг қадимий ва ҳамиша навқирон урф-одатлари, анъаналарининг қадр-қимматини яққол кўрсатиб берувчи бир ҳаётий сабоқ бўлди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: