"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8395.15 -6.53
  • 1 EUR = 9510.03 -113.11
  • 1 RUB = 127.67 -1.35

ТИЛАНЧИ ЧОЛ ҲИКМАТЛАPИ

ОДАМИЙЛИК САБОҒИ
Нуронийлар гурунги ёхуд саҳифага сиғмаган ривоят
Қоғозга туширган — Шодмонқул Салом
011

Маҳалла гузарида икки нуроний киши ўтирибди. Улардан бири ниманидир сўзлар иккинчиси эса жим эшитарди. Чолларга салом бердим, ровий алик олди. Тингловчи назаримда эшитмади. Сўзловчи гапини давом эттирди: "Ҳамма жойда ва ҳамма замонларда бўлганидек гавжум бозор эди. Кенг саҳндаги устунларнинг бирига елка бериб ўтирадиган тиланчи чолга ҳам ҳамишагидек кўпчилик эътибор қилмас, кўнглига келгани бир-икки чақа ташлар, чолнинг "Одам бўл!” деган бўғиқ хитобига парво қилишмасди.

Чол эса бошқа қавмдошларига ўхшаб мўл-кўл дуо қилмас, ўткинчиларга ялиниб ёлвормас, аксинча, кирланиб кетган дўпписини олдига қўйганча жим ўтирарди. Бозорда кўпдан буён савдо қилувчи бир йигит бўлиб, у ҳам чолга кўникиб қолган, у билан қизиқмас, аҳён-аҳёнда унга садақа ташлаб ўтарди.

Бир яхши кунда унинг кўнглига келган савол ўзига қизиқ туюлди ва тушлик маҳалида дўконини ёпиб чол ўтирадиган томонга йўл олди. У доимгидек ҳазин қиёфада кўзларини бесабаб артиб-нетиб ўтирарди. Йигит унинг дўпписига танга ташлади ва одатий сўзларни эшитди: "Одам бўл!” Чол ҳатто йигитнинг юзига бош кўтариб қарамади ҳам.

Шунда йигит унинг қаршисига чўккалаб ўтирди ва қариянинг юзига сер солди. Улар бир-бирига тикилиб қолишди: йигит қизиқсиниб, чол бемаъно.
— Нега сен бошқаларга ўхшаб гапирмайсан, дуою илтижо қилмайсан? — чолдан сўради йигит.

Чол атрофга олазарак боқди ва ярашиқсиз тарзда кемтик оғзини очиб кулишга ҳаракат қилди. Йигит уни телбага йўйди ва ўрнидан қўзғалмоқчи эди. Чол ердаги дўпписини қўлига олиб, тангаларини ерга тўкди. Дўппини ушлаб, йигитга қисиқ кўзларини ўқдай қадаб деди:
— Буни жирканмасдан, ихлос билан кий!

Йигит унинг айтганини қилиб, дўппини бошига кияркан шу заҳоти ёнгинасида ниманингдир ириллаган товушини эшитди. Илкис ўрнидан туриб қараганида ириллаган нарса каттакон кулранг бўри эканини ва жондорнинг бамайлихотир бозор оралаб кетаётганини кўрди.

Бу ғаройиб ҳолдан ажабланиб турган йигитнинг кўзлари не ажабки, кўзойнак таққан, улкан димоғдор илонга тушди. Илон худди одам каби эмин-эркин вишиллаб бозор ораларди. Бул морнинг изида эса чиройли сават тишлаб, акиллаб бораётган итни ҳам кўрди савдогар йигит. Унинг бироз қўрқувга, хавотирга тўлиқ ҳайрати баттар ошган эди.

…новвот тарозилаётган тошбақани, ун сотаётган майнани, "Кеб қолинг, бахтингизни синаб кўринг” деб қичқираётган тулкини, ўроқ ясаб ўтирган темирчи йўлбарсни, унинг олдида қоп елкалаб тик турган қўйни, очиқроқ жойда тамаки тортиб турган бир жуфт каламушни ва яккам-дуккам одамларни ҳам кўрди савдогар йигит…

Шу пайт унинг тиззасида қаттиқ оғриқ турди. Бурилган эди бошидан дўпписи учиб тушди. Чол тиғли асо билан унинг тиззасига туртаётган эди. Чол тангаларини ердан олиб тағин дўпписига соларди. Йигит унга тиз чўкиб ёлвора бошлади.
— Мен кимман, одамманми йўқми, кимман, айтиб бер?

Чол жавоб бермади. Йигит унинг жимлигини ўзича тушунди ва дўппига яна танга ташлади. Мўйсафид эса тағин "Одам бўл!” деб хитоб қилди. Йигит энди кўзига ёш келгании ўзи ҳам илғамай гапга тушди.
— Жон ота, бир оғиз айт менинг кимлигимни. Мен шуни билайин, сени уйимга олиб кетиб ардоқлаб юраман, ўз отамдай кўраман…

— Одам бўл, одам бўл, одам бўл… — чол бошқа жавоб қилмади.

Бугун у бозордаги донишманд қария ҳам йўқ, унинг синоатига гувоҳ йигит ҳам. Аммо ўша ҳақиқатнинг мантиғи ҳамон амалда. Шундай эмасми?”.
Гузардаги нуроний тилидан бу қадим ривоятни эшитиб ўйланиб қолдим…

002
ЯХШИМИ,ЁМОНМИ?
Қоғозга туширган — Хуршид Даврон
011

Узоқ йиллар мен ҳам ана шу тиланчи чол ҳақида ҳамқишлоқ бободан бир ривоят  эшитганман.

Тонг-саҳар пайти бозорнинг ўзи ўрганган жойида, кирланиб кетган дўпписини ерга қўйганча, раста устунларининг бирига елка бериб ўтирган тиланчи чолнинг олдига бир йигит келиб сўрабди:
-   Ота, мен олис юртдан келдим. Айт-чи, бу шаҳарнинг одамлари ўзи қанақа, яхшими, ёмонми?
-  Аввал сен айт, — дебди тиланчи чол -  шаҳрингдаги одамлар қанақа эди, яхшимиди, ёмонмиди?
-  Эҳ,ота, мен айтмай, сен эшитма. Ўша шаҳар одамларидай муттаҳамларни кўрмаганман, бу ерларга ўшаларнинг дастидан қочиб келдим.
-  Овора бўпсан,бу ердаям худди ўшанақа одамлар яшайди. — деб ғамгин бош чайқабди тиланчи чол.
Йигитнинг ҳафсаласи пир бўлиб бозордан чиқиб кетибди.

Айни пешин пайти тиланчи чолнинг олдига бошқа бир йигит келиб сўрабди:
-   Ота, мен ҳозиргина қўшни юртдан келган карвондан тушдим. Иложи бўлса шаҳрингизга оиламни олиб келмоқчиман. Айт-чи, бу шаҳарнинг одамлари ўзи қанақа, яхшими, ёмонми?
-  Меҳмон, — дебди тиланчи чол бошини ҳам кўтармай, — ўша сен яшаган шаҳрингдаги одамлар қанақа эди, яхшимиди, ёмонмиди?
-  Зарурат бўлмаса шаҳримни тарк этмасдим. Чунки мен яшаган шаҳар аҳли жуда меҳрибон, саховатли ва меҳмондўст одамлар.
-  Куйинма,бу шаҳардаям худди ўшанақа меҳрибон, саховатли ва меҳмондўст одамлар яшайди. — деб бошини кўтариб йигитнинг кўзларига тикилибди тиланчи чол.
Бу гапни эшитган йигит хурсанд бўлганича бозордан чиқиб кетибди.

Ҳар икки суҳбатга гувоҳ бўлган  косиб  жаҳл билан  дўкончасидан бошини чиқариб тиланчи чолдан  сўрабди:
-  Бу нима қилиқ, бирига шаҳримизни ёмон дейсан, иккинчисига яхши дейсан? Қанақа одамсан ўзи?
- Ҳамшаҳар, — дебди тиланчи чол бошини ғамгин чайқаб. — Бирига шаҳримизда ёмон кўпаймасин, иккинчисига яхши кўпайсин деган ниятда ўша гапларни айтдим. Инсон ёмонлик изласа ёмонлик, яхшилик изласа яхшилик топади..

Узоқ йиллар ўтсаям бу ривоят ҳамиша эсимда

Янгиликни бўлишинг: