"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ГЎЗАЛЛИККА ИНТИЛГАН АЁЛ

ГЎЗАЛЛИККА ИНТИЛГАН АЁЛ

 

Биз кўпинча аёлларни фидойиликка тимсол қилиб таърифлаганимизда: «аёлнинг жони қирқта», деган иборани ишлатамиз. Нега? Ҳар лаҳзада оиласига талпиниб уйим-жойим, рўзғорим деб тургани учунми? Ёки ҳаётнинг бешафқат синовлари қаршисида эгилмай, қаддини тик тутиб олдинга, фақат олдинга интилиб яшагани учун унинг жони қирқта деймизми? Ярадор вужуди билан ўз тақдири йўлида Бахт эшигини очиб, юрак синиқларини яшириб, кўнглининг кемтик жойларини ўзи тўлдириб, ҳаётдан завқ олиб, яшнаб-яшариб юришлари эвазига бу зоти мукаррамага шундай таъриф берармиканмиз?! Билмадик, билолмадик… Лекин аҳли олам тан олган бир ҳақиқатни айтмоғимиз жоиздир, балки. Аёлнинг жони метинлиги, қатъияти синмаслиги, қалби ҳамиша баҳорлиги рост!

Биз манғитлик Нилуфархон Холбоева ҳақида ўйлаганимизда, бу дилкаш, суҳбати ширин аёл билан ҳар гал учрашганимизда: «агарки аёлнинг жони қирқта бўлса, шу қирқта жон соҳибаси Нилуфар, иродаси метин, қатъияти синмас, олдинга интилишдан асло қайтмас, журъати баланд бўлса-да  - барчаси шу аёлда бор», - дегимиз келаверади…

 

 

Нилуфар Манғит шаҳрида, ҳунармандлар оиласида дунёга келди. Падари бузруквори Аҳмад ота номи чиққан тикувчи эди. Отасига ҳамиша қўл-қанот бўлиб юриб онаси ҳам «Саодат чевар» деган ном олди. Уйлари ҳамиша одамлар билан гавжум бўларди. Ҳамма нарсага қизиқувчан Нилуфар ота-онасининг ишчанлигига меҳр қўйиб, уларнинг касб-корлариниўрганганида ҳали жамалаксоч қизалоқ эди. Мактабга ҳаммадан чиройли кийиниб борарди у. Йўқ, ота-онаси фарзандларига тез-тез янги кийим-бош олиб бера олишмасди. Лекин эскини янги қилиб, фасонларини ўзгартириб тикиб беришдан эринмасдилар. Нилуфар рўзғорни ҳамиша бутлаб, тўкис тутишни ота-онасидан ўрганди. Оила қуриб, янги келин бўлганида ота уйида ўрганганлари ўзига қўл келди. Умр йўлдоши Холмуроджон билан аҳилликда яшаб, 5 нафар ўғил-қизга ота-она бўлганларида инсон  ҳаётида оила энг улуғ, энг азиз, энг муқаддас даргоҳ эканлигини ҳис этиб, бахтдан энтикди Нилуфар!

- Ҳаёт курашлардан иборат -, дейишса ўзимга-ўзим: «нега  энди?» – дея савол бераверардим, - вазмин гапиради Нилуфар. – Ҳаёт - гўзал, ундан завқ олиб яшаш керак, ҳаётнинг қадрини ошириб яшаш керак, - дея такрорлашни яхши кўрардим. Аслида унисиям, бунисиям тўғри. Хеч нарсага кураш ва машаққатсиз эришиб бўлмайди. Гўзаллик ҳам меҳнат маҳсули. Ўз иродангиз, фидойилигингиз боис яралган гўзаллик ҳар нарсадан қадрли. Ана шу гўзаллик инсонга куч беради, иродани чархлайди, ҳаётга иштиёқни оширади.

Нилуфар Холбоева туман халқ назорат-тафтиш бўлимида иш юритувчи, йирик қурилиш корхонасида иш юритувчи вазифаларида ишлаб, халқ назарига тушди. Ишни аниқ, пухта ва ҳалол бажарганлиги боис, ўзи фаолият юритган идоралар раҳбарларининг, меҳнат жамоаларининг ҳурматига сазовор бўлди. Тиниб-тинчимаслиги учунми, унга ҳамкасблари "чархпалак қиз”  дея таъриф беришарди.

Нилуфар бешинчи фарзандини дунёга келтиргач, оғир дардга чалинди. Аввалига ўзини йўқотиб, бироз тушкунликка тушди. Шундай кунларнингбирида умр йўлдоши, тумандаги "Шукуржон” МЧЖда қурувчи-меъмор вазифасида ишловчи Холмурод Ўрозоқов унинг қўлларини маҳкам сиқиб:

- Нега хафа бўласан, ёнингда мен борман-ку, қара, уч нафар Алпомиш ўғлинг бор, иккита Барчин қизинг бор, сен ҳаммадан кучлисан! – дея Нилуфарга далда бўлди.

- Pост-да, атрофим тўла меҳр-муҳаббатли қароқларим билан нега мен мунғайи-и-и-б ўтиришим керак! Шу куниёқ ҳамма ғам-ташвишни, энг аввало хасталигимни унутдим, - дея оғир кунларини эслайди Нилуфар.

Инсонга энг аввало атрофидагиларнинг меҳр-муҳаббати куч бағишлайди, деганлари рост. Нилуфар ўз вужудига ёпишган оғир дардни енгиш учун жон-жаҳди билан ҳаётга интилди. Ўғил-қизларининг тарбияси, рўзғор ташвишлари билан овунди. Фарзандлари бири-биридан ақлли, меҳнаткаш бўлиб вояга етишди. Барчаси улғайиб, ота-онасига мададкор бўлишди. Катта ўғли Дилмуроджон ўрта мактабни тугатгунча онасининг маслаҳати билан ҳар йилги ёзги таътилда битта ҳунар ўрганди. Бир йили дурадгор-устага шогирд тушиб, устозининг оқ фотиҳаси билан ёғоч устаси бўлди. Янаги йили косиб (этикчи)га шогирд бўлиб, бу ҳунарни ҳам бинойидай ўрганиб олди. Дилмуроджон то мактабни битиргунича ёғочсоз-уста, этикдўз-уста, техникаларни таъмирловчи уста каби ҳунарларни пухта эгаллади. Тошкент Ахборот технологиялари Университетининг аввал бакалавр, кейинчалик 2012 йилда магистратура бўлимини муваффақиятли тугатиб, олий маълумотли мутахассис бўлди. У айни дамда 3-сонли Амударё академик лицейида информатика фанидан талабаларга сабоқ беради. Оиладаги иккинчи ўғил Жасурбек ҳам акаси каби ҳунарманд йигит бўлди. У Тошкент Давлат аграр университетининг Нукус филиалидаги қишлоқ-қурилиш меъморчилиги факультетининг учинчи босқич талабаси. Холидахон Нукус Давлат педагогика институтининг биология факультетини тугатиш арафасида. Дилфузахон билан Жаҳонгир эса Манғит шаҳридаги 16-сонли мактабда ўқишади.

Нилуфар уйида тинчгина ўтирадиган аёллардан эмас. Доим ниманингдир ташвиши билан елиб-югуриб юради. Ўзи кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлиб турган лаҳзаларида ҳам асло нолимайди. «Яхши умидлар – менинг йўлдошим», - дейди у. Юрагида ҳамиша эзгу ниятларни асраб-авайлаб, ҳаётни севиб, ҳаётга интилиб яшовчи, жўшқин табиатли Нилуфархон Холбоеванинг номзодини 2003 йилданогиронлар жамияти раисалигига муносиб кўрганларида тўғриси, унинг фаолиятини тиклаш, изга тушириш қанчалик машаққатли ва оғирлигини ҳис этиб турса-да, барибир у қувонди.

- Менга ишонч билдиришгани учун қувондим, - дейди у мамнуният билан. – Ишонч – ахир инсоннинг орзу-ниятларига, эзгу ишларига қанот-ку!

Шундай бўлди ҳам. Нилуфар оила ташвишларидан ортиб туман ногиронлар жамитининг фаолиятини жонлантириш учун елиб-югурди, қанот боғлаб учди гўё. Тумандаги 300 нафардан зиёд ногиронларнинг жамиятга аъзо бўлиб киргани унга янада катта куч бағишлади. Умр йўлдоши Холмуроджон Ўрозоқов унга ҳар бир ишда маслаҳатдош, насиҳатгўй бўлди. Қисқа вақт ичида туман ногиронлар жамиятининг фаолиятини йўлга қўйган Нилуфар Холбоева катта журъат билан Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган Pеспублика кўрик-танлови учун жамиятининг бизнес-лойиҳасини ишлаб чиқди ва танловда муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлди. Унинг «Ногиронларни ўқитиш учун компьютер-ўқув марказини ташкил этиш ва жисмоний имконияти чекланган шахсларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка тайёрлаш» мавзусидаги лойиҳаси кўрик-танлов ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, Амударё туман ногиронлар жамиятига 15 миллион сўмлик Давлат гранти ажратилди.

Бу Нилуфар учун жуда катта ютуқ, шу билан бирга кенг имконият эди. 2012 йилнинг сентябрь ойида грант соҳиби бўлган жамият аъзолари Нилуфархон Холбоеванинг қатъият билан иш юритиши боис, бир ойдан сўнг жамият офисида, компьютер-ўқув марказида машғулотларни бошлаб юборишди.

- Буларнинг барчасига энг аввало Ўзбекистон Pеспубликаси нодавлат-нотижорат ташкилотлар Миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими,туман ҳокимлиги ва умр йўлдошим, қолаверса, фарзандларимнинг чексиз меҳр-муҳаббати, қўллаб-қувватлашлари туфайли эришдим, - дейди Нилуфар. – агар менинг ортимда тинч, осойишта, обод, мустаҳкам оилам, турмуш ўртоғим, мени қўллагувчи яқинларим, ҳар ишда мададкор Ватаним камарбаста бўлмаганида мен ҳеч нарсага эриша билмасдим. Худойимга минг бора шукур, мен ана шу ободон ҳаётим боис, хасталикни енгиб яшашга қодир бўлдим.

Нилуфар ана шундай аёл. Юзлаб имконияти чекланган инсонларни меҳнат қучоғига қайтарди, қалбларида ҳаётга иштиёқ уйғотди. Унинг юраги тўла орзу. Бири-биридан эзгу орзулари бор унинг. Ўғилларига атаб янги иморатлар тиклаётир, келин тушириб, қиз узатмоққа шайланиб турибди Нилуфар! Меҳмони ҳеч аримайдиган хонадони файзга, ҳамиша очиқ дастурхонисархил неъматларга тўла, гўзал, мустаҳкам оила - обод турмуш соҳибаси у! Шунданми, маҳалла-кўйда, ҳатто Аму элининг ҳар бир овулида бу жўшқин табиатли аёл ҳақида фақат яхши, фақат ҳавасларга лойиқ гаплар айтишади яхшилар. Умрининг ҳар бир лаҳзасида ҳеч бўлмаганда бир кўнгилга яхшилик уруғини экиб яшаётган Нилуфархонни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Бу фидойи аёлдан ҳаётни севмоқни, унинг қадрини ошириб яшамоқни ўрганинг одамлар, дегимиз келади. Зотан,

 

Нилуфарнинг бойлиги кўп - бари қалбида,

Қайга борса изи тўла меҳр қолади.

Жонбахш, ширин суҳбатлари, табассумида,

Мудроқ дилни уйғотгувчи сеҳр бўлади.

 

Остонаси қутлуғ уйнинг бекасидир у,

Кўнглидай кенг уйидан ҳеч меҳмон аримас.

Элим, юртим деган алпнинг эркасидир у,

Бундай обод юракка ҳеч ғамлар доримас.

 

Оилада меҳнат гали – аҳиллик асли,

Қиз онага, ўғил эса отага қанот.

Умр йўлин безаб турар навбаҳор фасли,

Унга Аллоҳ ҳадя этган нурафшон Ҳаёт!

Нилуфарнинг бойлиги кўп - бари қалбида...

 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"Amunews.uz” нинг ўз мухбирлари.

 

Суратларда: 1. Нилуфар Холбоева турмуш ўртоғи Холмурод Ўрозоқов билан фарзандлари даврасида. 2. Нилуфар Холбоева ўзи раҳбарлик қилаётган жамият аъзолари билан. 3. Нилуфар Холбоева жамиятда ташкил этилган компьютер ўқув марказида машғулот ўтказмоқда.

Янгиликни бўлишинг: