"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

БОЛАЖОНЛАP ЎЗ ОНАЛАPИНИ “СИЗ ҚУЁШИМСИЗ, ОНАЖОН!” ДЕЯ ШАPАФЛАДИЛАP

Барча замонларда Онага, Аёлга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг қадр-қимматини баланд тутиш халқимиз учун энг азиз қадрият ҳисобланади. Айниқса, Она билан бола ўртасидаги узилмас меҳр риштаси, Аёл муҳаббати ва садоқати ҳақида сўз очилганда қалблар жунбушга келади.

Дарҳақиқат оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки улар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

38-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Сиз қуёшимсиз, Онажон!” деб номланган тадбирда ҳам оналарнинг жамиятда ва оилада тутган ўрни, фарзандлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги йўлидаги фидойиликлари мадҳ этилиб, муҳтарама Онажонлар ва опа-сингилларни шарафловчи дил сўзлари изҳор қилинди, уларга бири-биридан латиф шеърлар бағишланди.

Мактабнинг 2-“В”синф ўқувчилари ва синф раҳбари Муҳаббатхон Аллаберганова томонидан тайёрланган байрамона тадбирда мактаб саҳнаси баҳор гуллари, турли  табиат манзаралари акс эттирилган суратлар, баҳор мадҳидаги шеърий битиклар билан безатилди.

Ўз фарзандларининг чиқишларини меҳр ва қувонч билан томоша қилган ота-оналарга ўқувчилар ўз қўллари билан тайёрлаган гулдасталарни тақдим қилганларида барча онахонлар мамнун бўлишди. Тадбирни болажонларнинг севимли ўқитувчиси Муҳаббатхон Аллаберганова оналар ва аёллларни мадҳ этувчи шеърлар билан бошлади.

Байрамона табриклардан сўнг, ўқувчилар ўзлари тайёрлаган  концерт дастурини намойиш қилдилар. “Шўх қизлар” рақсини ижро этган қизалоқларнинг баҳор гулларини эслатувчи шўх-шодон ҳаракатлари барчага баҳорий кайфият бахш этди. “Онажонимсиз”, қорақалпоқча “Шинқовуз”, “Ўзбекистон – чемпион” рақсларини маромига етказиб, маҳорат билан ижро этган ўқувчиларни томошабинлар гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.

Тадбирда онажонларни мадҳ этувчи шеърларга ҳам кенг ўрин берилди. Пўлат Мўмин, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев каби халқимизнинг ардоқли шоирлари ижодига мансуб аёлларни шарафловчи шеърлар айтилиб, қўшиқлар куйланди. Айниқса, “Ойижон, ёнимда бўлсангиз бас” қўшиғи янграганида байрам тадбирига таклиф этилган азиз ва муҳтарама онахонлар болажонларнинг ёқимли ижроларидан тўлқинланиб, олқишлар билан ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Тадбир якунида ўқувчилар онажонларини яна бир бор байрам билан муборакбод этишди. Онажонлар ҳам ўз навбатида Аёлга чексиз эҳтиром туйғулари улуғланган байрам тадбири қалбларига қувонч бағишлаганини изҳор қилдилар.

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек, “Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”.  Чунки, аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.  

Бўлиб ўтган тадбир ҳам барчада баҳорий кайфият уйғотиб, қалбларга қувонч  бағишлади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: