"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10184.7 +10.60
  • 1 EUR = 11455.8 +43.50
  • 1 RUB = 142.48 -3.97

УЙШИНДА БАҲОP ЎЗ СЕПИНИ ЁЙДИ, НАВPЎЗ ТАНТАНА ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизнинг шимоли ҳисобланмиш бизнинг ҳудудимизга ҳам интиқ кутилган баҳор ўз сепини ёймоқда, табиат уйғониб, дов-дарахтлар яшил либос киймоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик инмоқда. Кун билан туннинг баҳорий тенгкунлиги – Наврўз ҳам кириб келди.
Шу муносабат билан 13 март куни Уйшин овулида жойлашган 47-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Ассалом, Наврўз” деб номланган тадбир ўтказилди.Унда мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ҳудуд аҳолиси ва фахрий ўқитувчилар иштирок этиб, байрамни нишонладилар.
Тадбирда ўқувчилар эътиборига халқимизнинг энг қадимий ва миллий байрами бўлган Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи ва асрлар оша яшаб, бизгача етиб келган ушбу қутлуғ сана муносабати билан адо этиладиган миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ҳақида батафсил маълумотлар берувчи маъруза ўқилди.
Маърузада таъкидланганидек, Наврўз бу тинчлик, тотувлик, фаровонлик байрами. Миллати, динидан қатъий назар, шу юртда яшаётган барча миллатлар, элатлар учун бирдек севимли айём. Бу байрам қадим-қадим замонлардан буён элимиз ардоқлаб келаётган, элимизни, юртимизни улуғлаб келаётган байрам. Чунки қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Бундай сайлларда оддий деҳқон ҳам, амалдор ҳам барчаси бирдек иштирок этган, Наврўзнинг тантанали кутиб олинишига ўз ҳиссасини қўшган. Эл, улус билан бирликни, тотувликни яна бир карра ҳис қилган. истиқлол туфайли қайта тикланган миллий байрамларимиз орасида Наврўзи оламнинг ўрни бўлакча, меҳр-оқибат, эзгулик, саховат, мурувват каби юртдошларимизнинг юксак инсоний фазилатлари яққол намоён бўлувчи ушбу байрам халқимизнинг азалий анъаналарига ҳамоҳанглиги билан янада қадрлидир.
Халқимиз озодаликни, саришталикни азал-азалдан юксак қадрлаб келади. Айниқса, байрам, қутлуғ кунлар олдидан бу одатлар янада яққол намоён бўлади.
Байрам муносабати билан ҳар йили ўтказиладиган ободончилик, бунёдкорлик ишлари ва ҳудудимизни озода, саришта қилиш йўлидаги ҳаракатларимиз туфайли чор-атроф янада чирой очади. Бунда байрам олдидан ўтказиладиган хайрия ҳашарининг аҳамияти жуда катта.
Мактаб бадиий ҳаваскорлари ижросида тайёрланган мусиқий дастурда ҳам Наврўз, кўклам, обод ва фаровон юртимиз мадҳ этилди. Ўзаро меҳр-оқибатли, қадимий қадриятларга содиқ мактаб ўқитувчилар жамоаси ва маҳалла кайвони оналари ҳамкорлигида қайнатилган икки улкан дошқозондаги сумалак байрам дастурхонига тортилди. Кекса ва нуроний отахон, онахонлар ва барча “омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик” дея ният қилиб, ушбу баҳорнинг дармонбахш таомларидан тотдилар, шундай дориломон, фараҳли кунларга етганига шукрона айтдилар, бутун дунёга тинчлик, омонлик тилаб дуо қилдилар.
Ўйин-кулгу давом этди. Айниқса, ўқувчиларнинг халқимизнинг миллий қўшиқларини, айтишувларини маҳорат билан ижро этишлари, жозибали рақслари йиғилганларга завқ-шавқ бағишлади.
Наврўз байрами бошланишидан саккиз кун олдин ўтказилган ушбу тадбир барчага ҳақиқий байрам шодлигини ҳадя этди, ўчмас хотиралар қолдирди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: