"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

“БАҲОP НАВОЛАPИ – СИЗГА АPМУҒОН!” ДЕБ НОМЛАНГАН СИНФ КОНЦЕPТИ ЎТКАЗИЛДИ

Мусиқа инсон руҳиятини тетиклаштиради. Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари”китобида бир ўринда мусиқанинг руҳий таъсир кучига баҳо бериб, гўдакнинг тарбиясидаги аҳамиятини шундай таърифлайди: “Гўдакнинг организми чиниқиши учун икки нарса зарур: бири уни аста қимирлатиб тебратиш, иккинчиси эса онанинг қўшиғи, яъни алладир. Биринчиси боланинг танасига, иккинчиси руҳига тегишлидир”. Демак, мусиқа инсонга маънавий озуқа бўлиши билан бирга уни тарбиялашда ҳам аҳамиятли.

9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби туманимизнинг санъатга ихлосманд ёшларига илк соҳа таълимини бериб, иқтидорларини намоён этишларида муҳим ижодий пиллапоя бўлаётган маскандир. Ушбу муассасада таълим-тарбия олиб, ўз ижоди билан халқимизни хушнуд қилаётган таниқли санъаткор, моҳир мураббий бўлиб етишганлар кўпчиликни ташкил этади.

Мактабда ўқув йили режасига мувофиқ маълум муддатларда турли бўлимлар синфларида санъат сир-асрорларини қунт билан ўрганаётган ўқувчиларнинг синф концертлари ўтказилиб турилади.

Анъанага мувофиқ шу йилнинг 5 мартида ўтказилган фортепиано бўлими синф концерти мўътабар онахонлар, лобар аёл-қизларга бағишланди.

Ушбу бўлим раҳбари Дилфуза Pаҳимова бошчилигида ўқувчилар тадбирга жиддий ва пухта тайёргарликлар кўришди. Бу бежиз эмас. Шу ўринда айтиш жоизки, синф концертлари муассаса мажлислар хонасида барча ўқитувчилар кўз ўнгида ижро этилади. Ўз-ўзидан маълумки, бунда бўлим ўқитувчиларининг ҳам, шогирдларининг ҳам ўтган даврдаги меҳнати кўзга яққол ташланади. Бу эса саҳнага чиқишда ўзгача масъулият юклайди. Қолаверса, мазкур тадбирга ўқувчилар ота-оналарининг ҳам таклиф этилгани ижро масъулиятини яна ҳам оширди. Аслида бўлим синф концертларини ўтказишдан кўзланган мақсад санъат оламига қадам қўйган ёшларда саҳна маданиятини тарбиялаш, томошабинлар олдида ўзини эркин тутиб, уларга маҳоратини намойиш эта олиш кўникмасини шакллантириш, уларни янги ижодий ишларга руҳлантириш, рағбатлантиришдан иборат.

“Баҳор наволари - сизга армуғон” деб номланган мазкур синф концерти икки қисмда ўтказилди. Биринчи қисмда ўқувчилар фортепиано, скрипка, труба асбобларида ўзбек ва чет эл композиторларининг аёлни, кўклам фаслини мадҳ этувчи куйларини ижро этдилар. Шу бўлимнинг 1-7 синфларида таълим олаётган ўқувчилар ижросини барча устозлар, ота-оналар қизиқиб тингладилар ва қарсаклар билан олқишладилар.

Концертнинг иккинчи қисмида  ўқувчилар аёл-қизлар, оналар шаънига таниқли шоирларимиз битган шеърларни маҳорат билан ижро этдилар.

Шунингдек, барчага баҳорий кўтаринки кайфият бағишловчи миллий куй-қўшиқларимиз янгради. Фортепианода ижро этилган. “Чаманда гул”, “Гулдаста”, “Баҳор вальси” каби миллий куйлар барчага манзур бўлди. Шунингдек эстрада хонандалиги бўлими ўқувчи-қизлари ижро этган “Кабутар”, “Лолагуллар” каби қўшиқлари, рақс бўлими қизларининг жозибали рақслари тадбир шукуҳини оширди.

Ўтказилган “Баҳор наволари - сизга армуғон” деб номланган синф концерти тадбири мўътабар ва мунис аёл-қизлар байрамига бағишланганлиги ижрочиларга ҳам ўзгача масъулият ва кўтаринки кайфият бағишлади, маҳорат билан ижро этишга ундади.
9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари жамоаси ҳамкорлигида тайёрланган ушбу тадбир ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам жуда манзур бўлди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: