"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

КЎЧАТ ЭКИШ ҲАМ МАЪНАВИЯТ

Баҳорнинг ташрифи энг аввал боғлардан бошланади, дейишади. Бу гапда жон бор, албатта. Сабаби, кўкламнинг  илк юмушлари кўчат экиш, янги боғлар яратиш, аввалги боғларга шакл беришдан бошланади. Кўчат экиш, турли дарахт қаламчаларини тайёрлашнинг ҳам ўзига хос гашти бор. Буни боғбон-у соҳибкорлар жуда яхши билишади.

Ҳар йилги эрта кўкламда бир ҳолатга алоҳида эътибор бераман: маҳаллаларда, туманимизнинг олис овулларида йўл бўйларига, ариқлар четига ўтқазилган кўчатларнинг тупроққа илдиз қўйиб, униб кетиши жуда қийин. Нима учун? Чунки экилган ниҳоллар кўчат экиш мавсумидан сўнг, негадир унутилади. Унутилган ниҳоллар эътиборсизлик туфайли, албатта, қуриб қолади.

Хўш, ниҳоллар униб-ўсиб, тупроққа илдиз қўйиши учун нималарга эътибор бериш керак?

Аввало шуни айтиш керакки, иложи бўлса, янгидан кўчат экиладиган ҳудудларда куз мавсумида чуқурчалар ковлаб қўйилгани маъқул. Сабаби, ковланган чуқурчалар қиш бўйи қор ва ёмғир сувига, шунингдек, кузги-қишги суғориш мавсумида яхоб сувига тўйинади. Тўйинган, бағри шамоллаб, янги ҳаво олган чуқурчаларга ўтқазилган ниҳол жуда тез ривожланади. Бир жойдан иккинчи жойга кўчирилаётган ниҳолнинг илдизини авайлаш, иложи бўлса, шамол таъсиридан сақлаш керак.

Анор дарахти учун сув камроқ тушадиган унумдор ер танлаган маъқул. Анорни тез-тез бостириб суғораверса, ҳосили камайиб, илдизпоялари  атрофида захланиш кузатилади. Шунинг учун анор дарахтини захланиш бор жойга экмаган маъқул.

Анжир – кўп йиллик дарахт. Шу билан бирга унинг меваси минг дардга даво ҳисобланади. Анжир дарахтини ҳам худди анор каби унумдор ерга, иложи бўлса, боғнинг четроғига, суғориш қулай бўлган жойга ўтқазилса, тез униб кетади. Анжир яхши парвариш қилинса, авлоддан-авлодга етгулик мева бераверади. Меваси сарғиш тус ола бошлаган пайтда суғорилса, мевалари жуда ширин, тез пишади, то кузгача мазза қилиб, анжир мевасига тўясиз.

Дарахт қаламчаларини тайёрлашда соғлом, тўғри нард  (шоха)лар танлаб олинади. Оқ терак, бўй терак, кўк терак, қурилишда энг бақувват кегай терак, оқ тол ва қоратол новдаларини 50-60 сантиметр узунликда қирқиб, ерга суқиб қўйиладиган  қисми жиндайгина йўнилади. Бунда новданинг ўзак қисми очилиб, пўстлоғи салгина олинади. Шундай қилинса, новданинг ўзагидан тупроқнинг тепа қисмида қолган қисмига озиқ узатилиши осон бўлади. Қаламчалар тез-тез суғориб турилса, илдиз қўйиши ҳам тезлашади.

Боғ яратиш ҳам ўзига хос меҳнат ва санъаткорликни талаб этади. Доимий равишда шу ишга ихлос билан ёндашиб, ҳар бир ниҳолга алоҳида меҳр берсангиз, асло ютқазмайсиз.

Дарахтларни бир-бирига пайвандлаш орқали эса боғингизда юқори ҳосилли мева навларини яратишингиз мумкин. Масалан, менинг боғимда нашвати ва нокнинг бир неча тури, ёнғоқ, бодом, ананас, ўрикнинг энг сархиллари, серҳосил анжир, бир неча хил узум, анор дарахтлари барқ уриб ўсиб турибди. Гилос, олча, шафтоли, шотутнинг бир неча турларидан ҳар йили мўл-кўл ҳосил оламиз. Ҳам оилага, ҳам эл-юртга фойдали, дармондориларга бой мевалар дастурхонимиз ва ҳаётимиз кўркидир.

Кўчат экинг, яхшилаб парваришланг, экиб, асло унутиб юборманг. Кўчат экиш ҳам юксак маънавият белгисидир.

P. ЕШЧАНОВ,
Чойкўл овули.

Янгиликни бўлишинг: