"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

Одам савдоси - хавфли жиноят

Ҳозирги кунда "Одам савдоси" деган ибора қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Хўш, "Одам савдоси" дегани қандай маънони англатади?

Ўзбекистон Pеспубликасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади. Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи "Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги Протоколни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.

Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деган-да, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади. Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳоказолар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида квалификация қилинади.

Олиш-сотиш тариқасидаги одам савдосидан фарқли равишда, Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш, қабул қилиш) да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади. Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва бошқалар шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўл-майди.

Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади. Фоҳишабозликда фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш каби мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади. Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди. Қуллик - ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади. Эрксизлик ҳолати - шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.

Булар - "Одам савдоси" ибораси тушунчалар эди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари орқали, меҳнат жамоаларида ўқув муассасаларида "Одам савдогарлари" тузоғига тушиб қолишдан сақланиш мақсадида тинимсиз равишда огоҳликка даъват этилмоқда.

Афсуски, айрим инсонлар уларни огоҳликка, хушёрликка чақираётган чиқишларнинг кўплигига қарамай ён атрофдаги кўнгилсизликлар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қабиҳ жиноятларнинг авж олаётганига ҳам эътибор бермай ҳали ҳануз алданиб қолишаяпти: Дунёқараши тор, ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар мўмай даромад топиш, катта бойлик орттириш илинжида бировларнинг ёлғон ваъдалари, ҳийлаларига учиб, жиноятчилар тузоғига илинишяпти.

Азиз юртдошлар! Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хорижий давлатлар билан иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Фуқароларимизнинг дунёнинг турли мамлакатларига бемалол чиқишлари учун барча имконият ва шароитлар яратилди. Шундай экан, хорижда ишлаш хоҳишингиз бўлса марҳамат, тегишли идораларга мурожаат қилинг, ҳужжатларингизни расмийлаштириб, шартнома асосида ишга боринг. Агар сиз бунга амал қилсангиз, ўз ҳаётингиз ва соғлигингиз хавфсизлигини таъминлаган бўласиз.

Pасул Холмурадов,

туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

Янгиликни бўлишинг: