"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

“БУ – МЕНИНГ ОНАМ” ТАДБИPИДА АЗИЗ ВА МУҲТАPАМА ОНАХОНЛАP ШАPАФЛАНДИ

Баҳор фаслининг илк куниданоқ халқимиз ажиб орзулар оғушига чулғанади. Юртимизга байрамлар нафасини олиб келгувчи март ойи – Ўзбекнинг суюкли фарзанди – бахт ва баҳор куйчиси, вафо ва садоқат маликаси Зулфияхоним даҳосига самимий эҳтиром туйғуларига йўғрилган нафис тадбирлар билан бошланади ва аёлга, мангу тириклик ва гўзаллик туйғуларига тўлиб-тошади. Айниқса, аёл-қизлар байрами муносабати билан мамлакатимизда азиз Аёлларни шарафловчи дилбар давралар тузилади, файзли дастурхонлар атрофида бу зоти карималар мадҳига энг сара куй-қўшиқлар жаранг сочади.

Туманимиздаги 11-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда ҳам мунис ва меҳрибон, фидойи онажонларга чексиз эҳтиром кўрсатилди. Мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Барно Pажабова томонидан тайёрланган “Бу – менинг онам” адабий-мусиқий тадбирда 11-“А” ва 11-“Б” синфларнинг 7 нафар зебо қизлари 5 та шарт асосида ўзаро беллашдилар. Аввало шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадбирнинг “Бу – менинг онам” деб номланишида ўзига хос маъно ва мазмун мужассам: тадбир ўтказилган жой шарқона безатилди, гуллар, 5 та муҳим ташаббусни ўзида мужассам  этган кўргазма, яшнаш ва яшариш фасли – баҳорга монанд табиат манзаралари иштирокчиларга хушнудлик бағишлади. Иштирокчи қизлар Маҳлиё Ялғашева, Шоира Pажабова, Шаҳло Кенжабоева, Дилшода Қўшмонова, Комила Собирова, Турсуной Бектемирова, Озода Қўшмоновалар беллашув шартларини маҳорат билан бажаришди. Биринчи шарт бўйича ҳар бир иштирокчи ўзини ва албатта меҳрибон онажони ва оиласини таништириш маросимини ўтказишди. Таништиришнинг назмий ифода этилиши янада ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Улар ўз онажонларига, тадбир иштирокчиларига байрам табрикларини йўлладилар.

Иккинчи шарт – мантиқий саволлардан иборат бўлди. Бу саволларга берилган жавоблар орқали иштирокчи қизларнинг ақл-фаросати, диди, муомала маданияти ва билимдонлигига баҳо берилди.

Учинчи шартда эса қизларнинг саҳна ва нутқий  маданияти синовдан ўтказилди. Бу шартда иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарларидан фойдаланган ҳолда 5 та муҳим ташаббуснинг бири – китобхонлик савиясини намоён этибгина қолмай, ўзлари севган қаҳрамонлар образларини саҳнада гавдалантирдилар. Хусусан, Турсуной Бектемирова, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидан она образини ижро этиб берди. Комилахон Собирова эса Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асаридаги “Гилам пайпоқ” ҳикояси асосида она сиймосини гавдалантирди. Маҳлиё Ялғашева ва Дилшода Қўшмоновалар эса биргаликда келин саломлар ижро этишди.

Иштирокчи қизларнинг барчаси беллашув шартларида  белгиланган талаблар доирасида ўз маҳоратларини кўрсатишди.

“Бу – менинг онам” тадбирида иштирок этган ўқувчиларнинг ота-оналари ва томошабин ўқитувчи ҳамда ўқувчи-ёшлар қизларнинг ҳар бир чиқишини олқишлар билан кутиб олдилар. Бўлиб ўтган байрамона тадбир Аёлга – онага юксак эҳтиромнинг муносиб ифодаси бўлди ва барчада катта таассурот қолдирди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: