"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

НАВPЎЗ ТАШPИФИ

Ватан, мунча гўзал боғ-у роғларинг,
Сойларга сир сўйлар ҳур қароғларинг.
Қуёш нурин ичган қир-у тоғларинг,
Лолалар базмига хумор чоғларинг,
Камалак рангларга чулғанди бугун!

Саболар келтирди ажиб хуш ифор,
Бағрингда не сеҳр, не синоат бор.
Жаранглар сочганда дилларда ашъор,
Оғушинг соғиниб келади баҳор –
Энтикиб Она Ер уйғонди бугун!

Самони титратди момогулдирак,
Офтобин соғинган Ҳамалдан дарак.
Ўрик гулларини этиб чирпирак,
Боғларда изғирин кезар жонсарак,
Тун ва кун баҳорий тенгланди бугун!

Аму соҳилларин кездим саро-сар,
Қадимий Жайхундан топмайин асар.
Ўркачлари синган анов тўлқинлар
Сувлар карвонига бағрини босар...
Кўнгилим дарёга айланди бугун!

Ҳар кўнгил дарёдир бугун урпоққа,
Меҳр жомин тутиб Қорақалпоққа.
Бир дарё оқмоқда Орол қум ёқда
Оби-ҳаёт бериб тузли тупроққа –
Мўйноқ юракларга жойланди бугун!

Минг йиллик булоқлар кўз очди гўё,
Аслига қайтгандай Сир, Амударё.
Орол томонларда бор меҳригиёҳ –
Уммондай талпиниб турибди Дунё.
Кўнгил дарёлари мавжланди бугун!

Самолар бағрида ажиб тантана,
Кетган қушлар қайтиб келмоқда яна.
Бепоён Оролқум кенгликларига
Баҳор чечакларин сочди қувона.
Мўйноқ эл Наврўзга шайланди бугун!

Абри баҳор билан унди найсонлар,
Ифорин таратиб гул-у райҳонлар.
Ажойиб! Маҳлиё ҳатто жаҳонлар,
Камалак рангига дўнди сайҳонлар –
Она Ер атласдай товланди бугун!

“Сумалакка!” – чорлов янгради юртда,
Сурхон эл, Бухоро ва Самарқандда.
Базми Наврўз қизиб борар ҳар кентда –
Тошканд-у Хоразм, азим Устюртда.
Тулпорлар улоққа чоғланди бугун!

“Кел ҳо, кел!” Боболар қайроғин чалиб,
Давраларга тушди диллар юксалиб.
“Омон-омон”лардан, “Лазги”дан олиб,
Созанда, гўянда – бари жамланиб,
Ватан Наврўзига бойланди бугун!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: