"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Бошланғич синф ўқувчилари иштирокида китобхонлик тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди

Китоб инсон маънавиятини юксалтиришнинг энг асосий воситаси ҳисобланади. Кўп китоб мутолаа қилган инсоннинг ақл-у, заковати, фикрлаш доираси, дунёқараши бошқаларникидан тубдан фарқ қилади. Китоб ўқиш инсонни маънавий соғлом, баркамол шахс бўлиб шаклланиш сари олиб боради.

Қолаверса, инсон учун ҳаёт дея аталмиш узоқ сафарда, энг яқин йўлдош, ҳамроҳ, энг яхши дўст ҳам китобдир.

Юртимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, фарзандларимизни китоб ўқишга кенг жалб қилиш, шу орқали китобхонликни кенг тарғиб қилиб, уларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш ҳамда ёш авлодни келгусида Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган комил инсон қилиб тарбиялаш бугунги кундаги энг устувор вазифалардан бирига айланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ғоясидаги тўртинчи ташббус ҳам айнан шу мақсадга йўналтирилган. Муҳтарам Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг маданият ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ушбу бешта муҳим ташаббусни аҳоли, айниқса,  ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида туманимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимиздаги 19-сонли умумтаълим мактабида “Беш ташаббус” тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Мактабнинг 1-“Б” синф ўқувчилари ҳамда синф раҳбари Гулсанам Жуматова ташаббускорлигида ташкил қилинган тадбирда ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам қизиқиш билан иштирок этишди.

Юртбошимизнинг “Китобсиз келажак йўқ. Ёшларни китобга, китобхонликка қайтариш керак” деган сўзлари шиор қилиб олинган китобхонлик тадбирини жажжи болажонлар китоб ҳақидаги ажойиб шеърлар билан бошлаб бердилар. Aлифбе китобидаги ҳарфларни ўрганиб, эндиликда ўқиш ва ёзиш саводхонлигини эгаллай бошлаган жажжи болажонлар томонидан айтилган китобхонлик, мутолаанинг аҳамияти ҳақидаги ажойиб шеърлар тадбир иштирокчиларида китобга бўлган меҳрларининг янада ошишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Жажжи ўқувчиларнинг синф раҳбари Гулсанам Жуматова ҳам бешта муҳим ташаббус, ёш авлоднинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун юртимизда яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шундан кейин синфнинг жажжи ўқувчи қизалоқлари томонидан ажойиб рақс ижро этилди. Маҳорат билан ижро этилган рақс тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирда иштирок этган ота-оналар фарзандларининг билим ўрганишга бўлган иштиёқини, китобхонликка бўлган муносабатини, мутолаага қизиқишларини кўриб беҳад мамнун бўлдилар. Ўз ўрнида уларни билим дунёси сари бошлаган, ҳар бирига астойдил ҳарф ўргатган, меҳрини ҳам, билимини ҳам аямаган қалби қуёш устозларга миннатдорчиликларини билдирдилар.

 Тадбир якунида ота-оналар синф кутубхонасига бир-биридан қизиқарли бўлган турли хил китоблар совға қилдилар.

Чарос Aрслонова.

Янгиликни бўлишинг: