"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Математика фанидан ўтказилган беллашувда ўқувчиларнинг билимлари синаб кўрилди

Умумтаълим мактабларида мунтазам равишда ҳар бир ўқув предмети бўйича фан ойликлари ўтказиб келинмоқда. Фан ойлигини ўтказишдан мақсад – дарс ва дарсдан ташқари ўтказиладиган тадбирларнинг таълим-тарбиядаги аҳамияти, ўқувчиларнинг мазкур фанга бўлган қизиқишларини ошириш, билим самарадорлигини ошириш, ҳозирги замон фан ва техникаси ютуқлари билан доимо танишиб бориш, ўрганишга бўлган интилишларини ўстириш, ўқитувчи ва ўқувчининг ижодий ҳамкорлигини тарғиб этишдан иборатдир.

Шу мақсадда ҳар ойда таълим муассасларида фан ойлиги тадбирлари ташкил қилиниб келинмоқда. Туманимиздаги 57-сонли умумтаълим мактабида ҳам математика ва информатика фанлари ойлиги муносабати билан тадбир ташкил қилинди. Ушбу тадбирни ташкил қилишда мактабнинг математика фани ўқитувчиси Маҳлиё Худайберганова фаоллик кўрсатди. Фан ойлиги доирасидаги мазкур тадбир ўқувчиларнинг математика фанидан олган билимларини синаш мақсадида беллашув тарзида ўтказилди. Беллашувда юқори синф ўқувчиларининг билимлари ҳамда қобилиятлари еттита шарт асосида синовдан ўтказилди.

Мактаб директори Машариф Pўзметов беллашувни кириш сўзи билан очиб, математика фанини ўрганишнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида гапириб, биз буюк математик олимлар авлоди эканимизни, уларга муносиб фарзанд бўлишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади. У ўқувчиларни математика фанини чуқурроқ ўрганишга, унинг очилмаган қирраларини очишга, республика ва халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришга даъват қилди. Шунингдек, мактаб директори ўринбосарлари Жасур Ўрозбоев, Жаҳонгир Юсуповлар, руҳшунос Aнора Жуманова ҳамда тарих фани ўқитувчиси Pасул Бозорбоевлар ҳам фан ойлиги доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан кейин шартлар маълум қилиниб, беллашув бошлаб юборилди. Беллашувда барча жамоалар фаол иштирок этиб, бир-биридан ортда қолмасликка ҳаракат қилдилар. Ўқувчилар ўзларининг математика фанидан олган билимларини тўлақонли намойиш этдилар. Табиийки, ўқувчиларнинг фан бўйича эгаллаган чуқур билимлари математика фани ўқитувчиларининг машаққатли меҳнатлари самарасидир. Устозларнинг меҳнатлари маҳсулини намоён қилишлари учун эса фан ойликлари тадбирларини ташкил қилиш айни муддао бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, фан ойликлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар фан бўйича ўқув-методик ишларни жонлантириш, ўқитувчилар ижодий фаолиятларини кучайтириш, изланувчан, ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва тарғибот қилиш, таълим жараёнида қўллаётган услубларини такомиллаштиришдан иборатдир.

Ушбу масъулиятли вазифаларни амалга ошириш барча таълим соҳаси фидойиларидан катта куч-ғайрат ҳамда шижоат талаб қилади. Шунингдек, фан ойликлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни бажариш жараёнида фан ўқитувчилари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик алоқалари ҳам мустаҳкамланади.

Чарос Арслонова.

Янгиликни бўлишинг: