"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати туманимиз аҳолиси билан учрашди

Мамлакатимизда халқ вакиллари бўлган депутатлар ҳудудлардаги аҳолининг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилишга астойдил бел боғлашган. Шу мақсадда улар аҳоли билан учрашувлар ташкил қилишиб, инсонларни қийнаётган муаммо ҳамда масалаларни ўрганишмоқда.

Тумандаги 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида 1-Нукус сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Pуслан Джумамуродов ҳудуддаги аҳоли билан учрашди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Pуслан Джумамуродов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Янгибай Ешмуродов, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Адилбой Юсупов, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Pеспубликаси Кенгаши етакчи мутахассиси Мажит Мурзамбетов, ЎзМТДП туман Кенгаши етакчи мутахассиси Юлдуз Ўринбоева, ҳудуддаги Дарё бўйи, Беш том маҳаллалари, Қипчоқ овули ҳамда Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғини ходимлари, маҳалла аҳолиси иштирок этдилар.

Учрашув давомида йиғилганларга Президентимизнинг 2020 йил 24 январь кунги Олий Мажлисга мурожаатномасининг, Қонунчилик палатасида охирги икки ойда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Хусусан, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш бўйича низомни бузганлик учун жавобгарлик белгиланаётгани, Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда дори воситаларининг ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар, геодезия тўғрисидаги қонунлар тўғрисида сўз юритилди. Бундан ташқари, маҳалла тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, демократик жамият қуриш жараёнида қонун устуворлиги, қонунга итоаткорлик масалалари муҳим аҳамият касб этади. Қаерда қонунлар устувор аҳамият касб этса, фуқаролар қонунга итоаткор муносабатда бўлишса, ўша ерда шахс ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади, жамият тараққиётга юз тутади.

Қонунлар устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида ташкил қилинган мазкур учрашув мобайнида маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган масалалар ҳамда муаммолар ҳам тингланди. Жумладан, маҳалла ҳудудидаги аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжи борлиги, маҳаллада чиқинди ташлаш жойи йўқлиги, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ҳудудга мактабгача таълим ташкилоти зарурлиги, мини футбол майдончаси қуриш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олиш масалалари юзасидан мурожаатлар қилинди.

Қолаверса, Беш том маҳалласида яшовчи фуқаролар Қипчоқ овулида жойлашган 1-сонли ҚОПга йўл узоқлиги сабабли ҳудудда тиббиёт маскани ташкил қилиш масаласида, 11-, 66-, 65-сонли мактабларда спорт зал йўқлиги сабабли янги спорт зали қуриш ҳамда керакли инвентарлар билан таъминлаш масаласида хонадонларга янги трансформатор кераклиги хусусида ҳам мурожаат қилдилар. Мазкур муаммоларнинг баъзилари шу ернинг ўзида ҳал қилинди, қолган масалаларни эса аҳоли фойдасига ижобий ҳал қилиш учун тегишли мутасаддилар билан келишилди.

Депутатлар билан ўтказилган учрашув аҳолига жуда манзур бўлди.

Чарос Арслонова,

туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: