"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

“АЖОЙИБ МАТЕМАТИКА” ТАДБИPИ МАТЕМАТИКАГА ДОИP БИЛИМЛАPНИ ЯНАДА БОЙИТДИ

Туманимиздаги барча умумий  ўрта таълим мактабларидан бўлганидек, 14-сонли мактабда ҳам февраль аниқ фанлар  ойлиги деб белгиланганлигига мувофиқ турли тадбирлар ташкиллаштирилди. Ойлик доирасида очиқ ўқув машғулотлари, кўргазмалар, турли беллашувлар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Ўқитувчиларнинг ўз фанига ижодий ёндашуви, интерфаол усулларни қўллай олиши ва дарс машғулотларини ўқувчилар учун  қизиқарли тарзда олиб бора олиши жиддий синовлардан ўтказиладиган, ўқувчиларнинг кундалик машғулотларни қай даражада эгаллаётганини кўрсатадиган ойлик доирасидаги тадбирларда мактабдаги барча синфлар қамраб олинди. Фан ўқитувчилари томонидан ташкил этилган тадбирлар ва беллашувларда, очиқ ўқув машғулотларида ўқувчиларнинг фаол иштироки таъминланиб, фанга бўлган қизиқишлари янада оширилди.

14-сонли мактабда мазкур фан ойлиги муносабати билан аниқ фанлар ўқитувчилари Алибек Бекмуродов, Шавкат Мадатовлар раҳбарлигида ташкил этилган тадбир эса “Ажойиб математика” деб номланди.

Тадбир математика фанини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида маъруза  билан бошланди. Айнан аниқ фанларга ихлос қўйган юқори синфлар ўқувчилари орасидаги беллашувга қизғин тайёргарлик кўрилгани жараёнда яққол намоён бўлди. Бунда улар Аль Беруний ва Аль Хоразмий номли гуруҳларга бўлиниб, математика ва информатика фанларидан олган билимлари бўйича ўзаро куч синашдилар.

Жамоалар биринчи шартга кўра саҳнада жамоаси номини шарҳлаб бердилар ва беллашувга чиқишдаги мақсадларини ифодалаб, ўзларини таништирдилар. Иккинчи шарт “Ақлли бўлсанг, ғолиб бўл” деб номланди. Бу шарт асосида иккала жамоа ҳам мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари ва ота-оналар кўз олдида ғолиб бўлишга, математика билимдони эканлигини исботлашга зўр куч билан интилдилар. Бунда ўқувчилар тафаккурини синайдиган расмлар қўйилиб, фарқларини топиш топширилди.
Берилган ҳарфлардан бошланувчи математик терминлар ёзиш бўйича ўтказилган учинчи шарт ҳам қизиқарли ва ҳаяжонли бўлди. Тезкорлик ва топқирлик талаб қилинувчи бу шартни ўқувчилар аъло даражада адо этдилар. Ҳар иккала жамоа аъзолари математик терминларни кўпроқ ўйлаб топишга уриниб, бир-биридан ортда қолмасликка ҳаракат қилдилар.

Одатда мактабдаги дарс машғулотларида айнан бир мавзу юзасидан ўқувчиларга дарслик доирасида билим берилади. Агар  ўқитувчи ижодий изланиб, ихтисослигига доир қўлланмаларни, янгиликларни ўқиб борса, болаларга ҳам мавзу юзасидан кенгроқ тушунча, кўпроқ маълумотлар бера олади. Бундай билимлар турли беллашувларда ўз самарасини кўрсатади.

Айнан мазкур тадбирдаги шартларнинг барчасида, айниқса, геометрик фигуралар ясашда ўқувчиларнинг аниқ фанлар юзасидан чуқур билим олаётганликлари аён бўлди.

Буни беллашувни холис баҳолаб борган ҳакамлар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишди.

“Ажойиб математика!” Тадбир номи бундай номлангани ҳам бежиз эмас. Дарҳақиқат, бу беллашув ҳам ажойиб, қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўлди. Шу билан бирга нафақат беллашув қатнашчиларининг, балки бошқа ўқувчиларнинг ҳам математикага доир билимларни янада бойитди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: