"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

PУҲИЯТ МАНБАИ

Куй авжида узилмасин тор,

Шеър ярмида синмасин қалам.

Яшаб бўлмай умрини зинҳор,

Бу дунёдан кетмасин одам.

Куй авжида узилди, шеър ярмида синди-ку қалам. Дунёга келмай қолди қанча-қанча шеърлар. Қўшиққа айланмади сатрлар. Худди ўзбек шеъриятининг чинори қулагандек бўлди. Диллар ашъорсиз, боғлар булбулсиз, қўллар қаламсиз қолгандек гўё. Йиллар ўтди, вақт ўтди. Шоир ҳар доим қалбларда барҳаёт.

Шоир ҳаётлигида лолақизғалдоққа "Қабрим узра ҳилпираб тур”, - дея илтижо қилган эди. Унинг шеърлари, баётлари кўнгил гулшанида лолақизғалдоқдек яшнаб турибди. Бу лолақизғалдоқдан кўнгиллар малҳам топгай, юраклар сирдош топгай, ҳаётдан излаганингизни топа олмаганингизда, нолишга тараддудланганингизда ёнингиздаги бахтни ҳис қилдириш учун шу сатрлар тилингизда айланиши табиий:

Биз бахтли бўламиз,

Худо хоҳласа.

Худо хоҳламаса

Учрашармидик.

Учрашиш, биринчи нигоҳ бу бахтли бўлиш учун ишора эканлигини, сиз сезмаган ҳолда бахтли эканлигингизни ҳис қиласиз.

Унчалик ташбиҳ ва истиоралар кўзга ташланавермайдиган Муҳаммад Юсуф шеърлари соғинган онангизни, сўлим қишлоғингизни, биринчи ютуқларингизни эсга солиш билан бирга келажак ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,

Ажин тушсин, юзларига доғ тушсин.

Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,

Қўлларига асо - бир таёқ тушсин.

Имони соф, юзга кириб ёруғ юз,

Тўйлар кўриб елкасидан тоғ тушсин.

Ва жисмига сўнгги сафар олдидан

Ўз боласи қўлидан тупроқ тушсин.

Бу қандай тилакки, бахтнинг ўзгинаси. Шоир сизга узундан-узоқ тилак тиламаяпти. Бор-йўғи инсон дунёда ёруғ юз билан яшаши, фарзандлар камолини кўришни тилаяпти. Ўлим ҳам бахтдек гўё. Фарзандлар қўлидан жисмига тупроқ тушиш бахти, юзларига ажин тушиши, қўлига бир ассо-таёқ тушиши ҳам бир бахт эканлигини ҳис қиласиз ва сиз ширин ташвишлар, орзулар, шукроналар оламида қоласиз. Ахир куй авжида узилаётган торлар озми? Яшаб бўлмай кетаётган умрлар озми? Кексалик ҳам бир бахт эканлигини сезасиз. Шоир шеърлари сизни ана шундай андишалар асосида тарбиялайди. Ҳар бир сатри бўғзингизда турган сўздек жаранглайди.

Шоир ўз шеърларида Ватан, халқ тақдирини куйлар экан, унга қўшилиб гоҳ тарих варақларини, гоҳ келажак саҳифаларини, варақлайсиз. Шунинг учун ҳам шоир шеърларини руҳият манбаи деб атагингиз келади. У сизнинг руҳиятингизни бойитади. Ҳаётга теранроқ боқа бошлайсиз. Яқинларингиз, онангиз, фарзандларингиз ҳақида, Ватан олдидаги фарзандлик бурчингиз ҳақида бир зум ўйга толасиз. Сизни лолақизғалдоқдай сеҳрлаб турган сатрларни қандай ўқимаслигингиз, оҳангларга қулоқ бермаслигингиз мумкин! Муҳаммад Юсуф шеърлари ана шундай бетакрор ва самимий.

Бахт

Pайҳон ҳидларини йўлларга сепди.

Атиргул исини туймоқда юрак.

Сизга бир табассум ҳадя этган ёр

Бугун башариятга айтмоқда "Тилак”.

Ўша сиз қўмсаган, ўша сиз севган

Киприклари узун кокилларидан,

Байтларингиз ўқир кутиб ҳар оқшом,

Нур томиб лаблари соҳилларидан.

Кўнгил гулшанида "лолақизғалдоқ”

Айланган муҳаббат, бахт тимсолига.

"Хавотир” нелигин билмайди асло,

Шукроналар айтиб "Кўкламойига”.

Pайҳон ҳидларини сепиб турибди,

Атиргул исидан маст бугун юрак.

Гулойим БЕГЖОНОВА,

11-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: