"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Жайхун илҳомлари

НАВБАҲОP КЕЛДИ ЯНА
Қаранг, кандай ажиб кун,
Навбаҳор келди яна.
Кўнгилга завқ бағишлаб,
У такрор келди яна.

Ташрифининг олдидан
Тоғларга солди назар,
Ёнбағир узра гулхан –
Лолазор келди яна.

Ер-у кўкда ўзгариш,
“Уйғонинглар”, – деб гўё,
Турналар кўкда қатор
Ва қатор келди яна.

Баъзи ғофиллар учун
Само узра гулдурак
Наърасига жуфт бўлиб,
Бир шарор келди яна.

Ёр васлига интизор
Ошиқларнинг ҳолатин,
Ўз тилида васф этиб,
Булбул – зор келди яна.

“Омон етдик, минг шукур,
Салом, баҳорим”, – дея,
Қувонган кўнгилларга
Ифтихор келди яна.

Баҳорнинг йўлин кутиб,
Қанчалар интиқ эдим,
Каминангизга илҳом
Шу наҳор келди яна.
Аҳмад НАФАСОВ.


Ўзбек Зулфияси
Вафо-садоқатдан
Сўзлар кўзлари.
Малика тимсоли
Бугун ўзлари.

Нечун севмай бўлар
Шоҳ сатрларин,
Юракка илҳомбахш
Шоир сўзларин.

Метин иродали
Ўзбек онаси,
Бизга ўрнак эрур
Ҳаёт йўллари.

Номи қалбимизда,
Pуҳи доим шод.
Ўзбек Зулфияси
Абадий ҳаёт.
Зуҳра Аҳмедова.


Пойиингзга лоладек
тўкилиб кетсам

(Онам хотирасига)
Кимнинг ҳаёт бўлса агар онаси,
Билинг-ки, дунёда сиз бахтли инсон.
Қўлларидан ўпинг, минг бора айтинг,
Яхши кўраман, деб, сизни онажон.

Тўйда ўйнагандай бир бора ўйнанг,
Дилларидан кетсин ғуборлар майли.
Сиз менинг дунёда борим-йўғим, денг,
Борингизга шукур онажоним, денг.

Тўйларим бошида турсангиз дейман,
Оппоқ рўмолларда фариштам мисол.
Шунда ҳам тангримдан сўраб қоламан:
“Онамнинг умрига қилма ҳеч завол”.

Онаси йўқларнинг кўнгли яримдир,
Бир оғиз сўзингиз келади малол.
Мунғайиб қолади бахтли кунда ҳам,
Чунки онаси йўқ, сўрагувчи ҳол.

Баҳорим баҳормас, гул-у райҳонмас,
Қизғалдоқ мисоли совуқ қотаман.
Қанийди бир бора болам, десангиз,
Пойингизга лоладек тўкилиб кетсам.
Pаъно АВАЗМУPОДОВА,
38-сонли мактаб ўқитувчиси.

ЖАННАТИМ – ОНАМ
Бир жонин уч ўғлига бўлиб берган,
Онажоним менинг, меҳри уммоним.
Турмушнинг муштига ўзини тутган,
Беғубор осмоним, жоним онажон.

Қора сочларига оқлар туширдим,
Гулдай юзларига ажинлар солдим.
Ўзини ўйламай мени ўйлаган,
Ғанимат дунёда ғанимат онам.

Жонибекни жонидан ортиқ суйган,
Бу дунёда мени деб яшаб юрган.
Гар қийналсам, ич-ичидан эзилган,
Меҳрибоним менинг, жаннатим онам.
Жонибек Қувондиқов.


Онажонимга
Йиғлар бўлсам, ғамим сеза билдингиз,
Яралансам, малҳам бўла билдингиз,
Гоҳо эркаликка солиб иш қилсам,
Мени ҳаммадан ҳам суя билдингиз.

Aвайлаб, эъзозлаб, одам қилдингиз,
Йиғласам, йиғлаб, кулсам, кулдингиз.
Бу ёруғ оламда омон бўлингиз,
Онажон, бунчалар чексиз меҳрингиз.
Дилнура Pаҳимбоева,
29-сонли мактаб ўқувчиси.


АЁЛЛАPГА
Унутма, ҳаёт сен билан гўзал,
Битади ошиқлар сен учун ғазал.
Битта табассуминг тунни ёритар,
Аёлсан, аёллигинг унутма.

Ҳаёт йўлларида қоқилма асло,
Тўғри йўлни танла, эгрига боқма.
Сирли бўл, сирингни ўзгага айтма,
Аёлсан, аёллигинг унутма.

Қаддингни тик тутгин, йиқилма асло,
Мағрур юр, ҳеч қачон бошингни эгма.
Енгил ҳаёт танлаб, унга сен кирма,
Аёлсан, аёллигинг унутма.

Фарзанд тарбияси қўлингда сенинг,
Оиланг шаъни ҳам елкангда сенинг.
Онасан, опасан, кимгадир сингил,
Аёлсан, аёллигинг унутма.

Сендан ҳаётда яхши ном қолсин.
Ёмонлар сендан ибратлар олсин.
Фарзандларинг сен билан фахрлансин,
Аёлсан, аёллигинг унутма.

Фариштага қиёслар буюк номингни,
Жаннатга тенг қилар босган изингни.
Эсингдан чиқарма “Она” номингни,
Аёлсан, аёллигинг унутма.
Ирода ЙЎЛДОШЕВА,
“AmudaryoTex” ХК ходими.


Онажоним алласи
Чақирсалар, дунёда зўр машшоқни,
Куйласалар, “Феруз” ёки “Ушшоқ”ни.
Алмашмасдим тонг олдида онажон,
Сизнинг айтган аллангизга ҳеч  қачон.

Кундуз ишлаб, тун ўтказар, уйқу йўқ,
Онаси бор фарзанд ўсар ғами йўқ.
Меҳрингиздан кучлироқ ҳеч туйғу йўқ,
Меҳрингизни соғиндим-ку онажон.

Аллалар айтарди бошимиз силаб,
Аллоҳдан бизларнинг бахтимиз тилаб.
Борингда кам бўлмай юрдим эркалаб,
Соғиниб эсладим сизни, онажон.

Қўшиқлар куйласам мен сизга она,
Аллангиздек бўлмас ҳеч бир тарона.
Қудратлимас ҳеч бир қўшиқ дунёда,
Дунёлардан буюк аллангиз, она.
Адилбой АмеТов, 27-сонли мактаб мусиқа фани ўқитувчиси.


Онамга
Қаҳратон қиш келди, жудаям совуқ,
Изғирин совуқлар сувни музлатар.
Чаналар учишар болалар шодон,
Ёнингизга бормадим, болангиз нодон.

Соғинч азоби тилганда дилим,
Самимий сўзларим аяган эдим...
Манзура ЭШИМОВА.
Байрам тилаги
Мунис ва мўътабар, гўзал аёллар,
Ҳаётни яшнатган асли ўзингиз.
Олам тўлсин бахтга – кулинг бир бора
Дардларга дармондир ширин сўзингиз.

Жамиятда ҳам доимо фаол –
Тинмайсиз она юрт равнақи учун.
Тўғрисўз, иймонли, пок ҳамда ҳалол,
Қалбингиз олдида бош эгдик бугун.

Ўйлайсиз фақат рўзғор ташвишин,
Бир нафасга тин оласиз қачон?
Эплайсиз уй ишин, давлат юмушин,
Бугун  пойингизга гул тўшар жаҳон.

Сиз моҳир чеварсиз, балки тадбиркор,
Ишлайсиз Ватанга келтириб фойда.
Меҳрибон устозсиз, балки шифокор,
Ҳурматингиз баланд сизнинг ҳар жойда.

Сиз балки учувчи, кўкларни қучиб,
Чексиз самоларда қиласиз парвоз.
Қалбингиздан зинҳор кетмайди ўчиб,
“Вафо” деб аталган чиройли пардоз.

Сиз ҳуқуқшуноссиз, доим адолат,
Тўғрилик ва тенглик тарафдорисиз.
Сизга бегонадир ғараз, адоват,
Миллатнинг ва элнинг мададкорисиз.

Санъатга ошуфта нозик қалбингиз,
Чизгиларингизда – туйғулар сўзлар.
Не истайди дил, бир бор айтинг сиз,
Бахтиёр дамларни кўрсин бу кўзлар.

Мўътабар онасиз фарзандин ҳар он,
Эъзозлаб, авайлаб кўтарган кўкка.
Дилбар аёлдирсиз, дилга жонажон,
Исмингиз битилган ўйиб юракга.

Мафтункор аёллар, опа-сингиллар,
Азиз моможонлар, бўлинг соғ-омон.
Вафо-ла яшайсиз ўтса-да йиллар,
Қалбингизга соя солмасин армон.  
Ирода ЭPДОШЕВА.


ОНАНГИЗНИ ЙЎҚЛАБ ТУPИНГ
Кўзи кулиб, дили куйиб тургувчи она,
Биз учун бебаҳо жаннатдир она.
Доим фарзандим деб юргувчи ёна,
Дунёда ягона фаришта – она.

Инсон боласисиз меҳр қўмсайсиз,
Бир куни онам, деб додлаб йиғлайсиз.
Бекор ўтган вақтларингиз бўлса-да,
Дуосини олмоққа ҳеч бормайсиз.

Эй дўст, онангиз қадрини билинг,
Вақт топиб ҳар лаҳза сиз йўқлаб туринг.
Бир кун сиз ҳам ота-она бўласиз,
Вақт борида онангиз меҳрига тўйинг.
Гулруҳ НАPИМБЕТОВА,
50-сонли мактаб ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: