"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

СПОPТЧИ ҚИЗЛАP ЮТУҚЛАPИ – ТУМАНИМИЗ ШАPАФИНИ ТОБОPА ЮКСАЛТИPМОҚДА

Юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиб, ўзлигини намоён этишларига  яратилаётган шароитлар ҳар жабҳада қувонарли ютуқлар қўлга киритилишига асос бўлаётгани жуда қувонарлидир.

Туманимизда фаолият юритаётган Болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўсиб келаётган ўғил-қизлар 21 та спорт тури, шу жумладан, 15 та олимпиа спорт турлари билан шуғулланишмоқда.

Айни кунда спорт мактабида жами 134 та гуруҳ мавжуд бўлиб, 1800 нафардан зиёд тарбияланувчиларни бағрига олган. Шуларнинг 314 нафари қиз болалардир.

Жами фаолият олиб бора-ётган мураббийларнинг эса 13 нафари аёл-қизлардир.

Одатда биз спорт ҳақида гап кетганида бу ўғил болаларга хос соҳа деб ҳисоблардик. Кейинги йилларда спортнинг енгил атлетика, бадиий гимнастика, сузиш, югуришдан ташқари кураш, оғир атлетика, бокс, футбол турлари бўйича ҳам аёл-қизлар вакиллари муносиб ютуқларга эришиб, ўзбек аёл-қизларининг нималарга қодир эканликларини ўз фаолиятларида исботлашмоқда.

Қувонарлиси, туман Болалар ўсмирлар спорт мактабида фаолият олиб бораётган барча гуруҳлардан ҳам иқтидорли, юртимиз спорт шаънини юқори кўтарадиган спортчилар етишиб чиқмоқда. Улардан бири Олтиной Шукуруллаевадир. У 21-сонли мактаб ўқувчиси, бир неча йиллардан бери спортнинг оғир атлетика тури билан шуғулланиб келади. Бу интилишлари эса самарасиз кетгани йўқ. 2019 йилнинг октябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида Олтиной ўз вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлмаган туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли ёпиқ сув ҳавзаси сузиш спорти билан шуғулланувчилар билан гавжум бўлади. Давлатимизнинг 4,49 млрд. сўм пул маблағи эвазига қурилган мазкур иншоот ҳозирги замонавий талабларга тўла жавоб беради ва шуғулланувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Ҳозирги кунда бу ерда соғломлаштириш гуруҳлари ва бошланғич тайёргарлик гуруҳлари ташкил қилинган. 8-9 ёшгача бўлган болалар бепул, ундан катталари эса пуллик соғломлаштириш гуруҳларида машғулотлар олиб боришади. Айни кунда мураббий Жавоҳир Матирзаев ҳафтанинг уч кунида ўғил болалар, уч кунида қиз болалар билан сузиш спорти бўйича машғулотлар олиб бормоқда.

Яқинда Беруний шаҳрида бўлиб ўтган сузиш бўйича Қорақалпоғистон биринчилиги мусобақасида унинг шогирдлари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Хусусан, эркин сузиш бўйича Севинч Солиева учинчи, Маржона Тозабоева учинчи ўринларни эгаллади. Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон очиқ чемпионатида эса Айгерим Марксова учинчи ўринни эгаллади.

Спорт мактабида шуғулланувчиларнинг имкониятларини аниқлаш ва қунт билан шуғулланишига ундаш мақсадида туманда ҳам кўпгина мусобақалар ўтказилиб турилади. Туман миқёсида алоҳида ютуқларга эришган, қобилиятини намоён этганлар нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўриши учун мураббийлар улар билан алоҳида машғулотлар олиб боришади. Бундан кўзланган мақсад эзгу – туманимиз спорт шарафини юксалтириш, ёш спортчиларнинг иқтидори яна ҳам ривожланишига эришиш.

Ўтган даврда спорт мактабининг Маъмура Матёқубова мураббийлик қилаётган гимнастика гуруҳи тарбияланувчилари ҳам кўпгина нуфузли мусобақаларда муносиб ўринларни эгаллаб келишди. 50 нафардан зиёд нафис спорт тури билан шуғулланаётган қизалоқларнинг устози билан машғулот ўтаётган лаҳзаларини кузатишнинг ўзи завқли. Ва... яна агар кўнгилда истак бўлса, инсон бутун танасини ўзига бўйсундира олишига амин бўласиз.

Бунинг уддасидан чиқиб, Навоий шаҳрида бўлиб ўтган Навоий вилояти очиқ биринчилигида мураккаб бадиий чиқишларини ижро этган Эъзоза Бахтиёрова биринчи, Зарина Илҳомова биринчи, Мадина Болтабоева, Гулноза Амирова, Диана Лениновалар эса иккинчи ўринларни енгиб олдилар. Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида Дилнура Мансурбоева, Машҳура Отахонова, Дилнура Солиевалар биринчи, Машҳура Тилавова иккинчи, Севинч Муротбоева учинчи ўринларга лойиқ кўрилди.

Айтиш жоизки, тарбияланувчилар билан мураббийларнинг қунт билан шуғулланиб, иқтидорларини ривожлантиришга интилишлари ўзининг тотли меваларини бераётир. Фикримизнинг далили сифатида айтадиган бўлсак, 2019 йилда спортнинг шахмат туридан Ўзбекистон чемпионатида 1 та кумуш, каратэ-WKF бўйича 2 та бронза, ўзбек жанг санъати бўйича 1 та бронза, Осиё чемпионатида ўзбек жанг санъати туридан 2 та бронза, халқаро турнирларда боксдан 4 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза медалларини, Тошкент шаҳар очиқ кубогида таэквандо- WТF  туридан 2 та бронза, бадиий гимнастика бўйича ўтказилган турнирда 4 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза медалларини олишга сазовор бўлишди.

Спорт мактаби тарбияланувчилари жамоавий ўйинларда ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқдалар. Хусусан дзю-до жамоаси Қорақалпоғистон чемпионатида 1-ўринни, бокс жамоаси 1-ўринни, таэквандо-WТF жамоаси иккинчи, ўзбек жанг санъати жамоаси биринчи ўринни забт этди.

Албатта, эришилаётган натижаларда спортчи аёл-қизларнинг салмоқли ҳиссалари бор.

Спорт бугунги кунда ўқувчи қизлар учун нафақат чиниқиш, жисмоний тобланиб, соғлом бўлиш омили, балки, ўз иқтидорини намоён этадиган фаолият турига ҳам айланмоқда.

Ҳа, спортда ҳикмат кўп. Туманимиз қизлари спорт фаолиятида бу ҳикматларнинг кўп қирралари намоён бўлаётир.

Биз фасли навбаҳор ила қадам-бақадам кириб келадиган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан туманимизнинг спортчи аёл-қизларини қизғин муборакбод этиб қоламиз. Илоҳим, доимо барча мусобақаларда юзлари ёруғ бўлиб, ғалаба нашидасини суриш бахти насиб этаверсин!

Ойгул PАЖАБОВА.
 

Янгиликни бўлишинг: