"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

“ҚУВНОҚ СТАPТЛАP” МУСОБАҚАСИ БАPЧАГА ҚУВНОҚЛИК БАХШ ЭТДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси, мана бир  йилдирки, ёшлар ҳаётидан муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Хусусан, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, спорт иншоотларидан самарали фойдаланган ҳолда спортга кенг жалб этиш, турли спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали янада кўпроқ ёш спортчилар кашф этилиб, иқтидорлилар сафи кенгаймоқда.

Туманимизда ҳам 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар ҳаётида ўз самарасини беришини таъминлаш мақсадида турли тадбирлар ташкил қилинмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг бутун  мазмун-моҳияти соғлом турмуш тарзини қарор топтириш орқали ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан бақувват, маънан етук инсонлар сифатида  тарбиялашдан иборатдир.

Туманимиздаги 65-сонли умумтаълим мактабида 5 та муҳим ташаббус доирасида Ўзбекистон Pеспубликаси Халқ таълими Вазирлигининг 2020 йил 13 февралдаги 47-сонли буйруғи асосида “Ҳар бир кунимиз спорт билан!” шиори остида ўтказилган “Қувноқ стартлар” спорт мусобақалари ҳам ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни спортга жалб қилган ҳолда бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

 Баҳор байрамлари арафасида бўлиб ўтган мусобақаларни мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Санжар Ўрозбоев ташкиллаштирди. Мусобақа учун мактабнинг 6-9-синфлар ўқувчилари орасидан тенг асосда 12 нафар ўғил ва 12 нафар қиз болалар саралаб олиниб, “Шунқорлар” ва “Чаққонлар” жамоалари тузилди. Жамоалар ўзаро бўлиб ўтадиган  эпчиллик ва кучлилик баҳсларига пухта ҳозирлик кўришди.

Мусобақанинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ўқувчиларнинг ота-оналари, “Дарё бўйи” маҳалласи аҳоли вакиллари томошабин сифатида иштирок этишди. Мусобақа давомида 6 та шарт бўйича ўзларининг эпчилликларини, зеҳнли ҳамда кучлилигини намойиш этиб беллашган жамоа аъзоларининг ҳар бир ҳаракатини томошабинлар алоҳида эътироф этдилар ва олқишлари билан руҳлантириб турдилар.

Тўсиқларни айланиб ўтиш, тўсиқлар тагидан тўсиқни йиқитмай эмаклаб ўтиш, коптокни янглишмай манзилга етказиш каби турли хил қизиқарли ўйинларни ҳар иккала жамоа аъзолари маҳорат билан бажардилар. Иккала жамоанинг аъзолари ҳам бир-бирига самимий муносабатда бўлиб, мусобақанинг  қизиқарли баҳсларга бой тарзда ўтиши учун шароит яратиб берган устозларидан миннатдор бўлишди. Чунки мусобақа ўтказилган жойда  ўқувчилар ҳар бир шартни, бемалол бажаришлари учун спорт анжомларининг етарли бўлганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қизғин беллашувлар, баҳслар асосида ўтган “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳақиқатдан ҳам барчага қувноқлик бағишлади. Ота-оналар ўз фарзандларининг эпчилликларини ва тиришқоқликларини, марра сари дадил интилишларини кўриб, жуда мамнун бўлдилар.

Мусобақа якунида ҳар иккала жамоа аъзолари мактаб маъмурияти томонидан муносиб тақдирландилар.

P.ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: