"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

СЎНМАС ЮЛДУЗ

Зулфия – ХХ аср ўзбек шеъриятининг юлдузи, ўзбек миллати ғурури.

Бетакрор истеъдод эгаси, жўшқин ва сермазмун ижодкор, ўткир қалам соҳибаси, маҳоратли таржимон, жамоат арбоби, ўзининг бутун ҳаётини оиласига, халқига, она Ватанига, ижодга бахшида этган. Унинг ҳаёт йўли ҳар бир инсон учун ибрат мактаби бўла олади.

Зеро, Зулфия исмини тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда синовларда тобланган, қийинчиликларга дош берган, кучли иродали, ақл-заковатли, шижоатли, садоқатли аёл сиймоси гавдаланади. У садоқат, матонат тимсоли, унда ҳақиқий ўзбек аёлига хос барча фазилатлар мужассам.

Зулфия ҳар бир шеърида, ҳар бир сатрида баҳор тароватини, соф севгини, вафодорликни, ватанпарварликни, бахтни, ҳаётни куйлади.

“Ҳаёт кемаси” номли шеърида:
Ҳаёт ишқ бўлиб ундайди олға,
Кимнингдир пинҳон ташвиши.
Кемамни сурар нақ дарға,
Шу кимса тақдири бўлиб менга куч,
Олиб юрур тўлқин оппоқ йўлида.

Бунда бахтли эканидан ғурурланса, гоҳ бахтининг кемтиклигидан афсусланади. Лекин барибир у яшашга, ижод қилишга ташна!

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Унинг ижоди инглиз, француз, немис, япон, ҳинд, румин, поляк, мўғул, болгар, араб, форс, рус ҳамда қардош халқлар тилларига таржима қилинган. Зулфия – тинчлик ва дўстлик куйчиси. У Осиё-Африка бирдамлиги Кенгаши, Ёзувчилар уюшмасининг, Хотин-қизлар қўмитасининг вакили сифатида Ҳиндистон, Австралия, Япония, Бирма, Шри-ланка, Югославия, Болгария ва яна кўплаб бошқа мамлакатларда бўлди.

Биринчи Президентимиз И.Каримов шундай деган эди: “Зулфиянинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг заковати, фазл-у камолининг ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган”.

Зулфиянинг қуйидаги олтин сатрлари бугун халқимизнинг унга бўлган эътиборини тасвирлагандай гўё:

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,
Асли сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин, дориломон ҳур,
Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман.

Бугун Зулфия қизлари ҳар соҳада илдамлаб, унга муносиб бўлмоқда.

Зулфиянинг ўлмас асарлари, бетакрор шеърлари ва порлоқ сиймоси барчамизнинг қалбимизда мангу яшайди.

Насиба ЕШМУPОДОВА, 55-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: