"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Амударёда Ўзбекистон Pеспубликаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари профилактик тадбир ўтказишди

Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида ёнғинлар ҳамда ис газидан заҳарланишларга доир фавқулодда ҳодисалар содир бўлиб, инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Мамлакатимизда шу каби фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан ФВВ томонидан кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда ҳам фавқулодда содир бўладиган ҳодисаларнинг олдини олиш, шундай вазиятларда хавфдан сақланиш, атрофдагиларга ҳам ёрдам кўрсатиш чораларини тушунтириш бўйича профилактик тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Pеспубликаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан полковник Сардор Aтамуҳамедов, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, туман газ ва электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Профилактик тадбирлар доирасида масъуллар, аҳоли яшаш жойларида табиий ва ис газидан заҳарланиш, ёнғинлар, қутуриш касаллиги ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тумандаги Навоий ҳамда Бўстон маҳаллаларидаги хонадонларда аҳолининг яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар.

Маълумот тариқасида айтиш керакки, шу даврга қадар туман ҳудудида 49 та маҳаллада ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича 49 та тушунтириш- тарғибот тадбирлари ташкил қилиниб, 12466 та аҳоли хонадонларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганиб чиқилган. Ўрганишлар натижасида 809 та камчилик ҳолати аниқланиб, 714 таси жойида бартараф этилган ҳамда 24 та фуқароларга табиий ресурслардан қонун доирасида фойдаланмаганлиги сабабли маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Тадбир давомида табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, бехосдан узилиб қолиши, хона ичида тўпланиши, ёқиб қаровсиз қолдириш, улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш, ёнғин, ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ содир бўлаётган фавқулодда вазиятлар ҳақида сўз юритилди. Бундай ҳолатлар ҳатто инсонларнинг турли хил тан жароҳати олиши ёки ўлими билан якунланаётганлиги ҳам қайд этилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини, уларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш мақсадида ўтказилган тарғибот тадбирида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қилиниши лозим бўлган чоралар, ушбу ҳолатларнинг аянчли оқибатлари хусусида кўплаб саволлар берилди. Тадбир ташкилотчилари барча саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоб бердилар.

Қолаверса, аҳолининг табиий ва ис гази, электр энергияси масалаларида қийнаётган мурожаатлари тингланди. Мурожаатлардаги масалаларни ҳал қилиш бўйича тегишли ташкилотлар билан келишиб олинди.

Таъкидлаш керакки, электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш бугунги кундаги долзарб вазифалардан бирига айланган. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эса ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Чарос Aрслонова,

туман ҳокимлигининг Aхборот хизмати раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: