"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги олдидан

Самимият чўғи

 

Зомин мактаби бугунги давр адабиётига шиддат ва иштиёқ билан кириб келаётган ҳар бир ёш ижодкорга кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Қанча истеъдодларни янгидан кашф этмоқда. Йилдан-йилга бу мактаб вакиллари сони ортиб, ижодий ишлари самараси юзага чиқмоқда.

 

Талабалик йилларимда, 1999 йил август ойида Зомин тоғлари бағридаги Ўриклисой ўқув ва дам олиш масканида бўлиб ўтган ёш ижодкорларнинг 3-анъанавий анжуманида қатнашиб, бунинг гувоҳи бўлганман. Кўпгина етук шоир ва ёзувчилар назарида бўлдик. Жуманиёз Жабборов, Усмон Қўчқор, Умида Абдуазимова, Сайёра Тўйчиева, Шарофат Ботирова, Муҳаммад Юсуф, Эрпўлат Бахт, Музаффар Аҳмад, Зебо Мирзаевалар билан бўлган илиқ суҳбат ва учрашувлар унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.

 

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан Ажиниёз номидаги НДПИ ўқитувчиси Пердағалий Дабилов, журналист Баҳамдуллоҳ Нурабуллаев ва мен ҳам Зомин булоқлари, шарқироқ шаршараларини ўз кўзимиз билан кўриш бахтига муяссар бўлдик.

 

Ўшанда "манғитлик шоира қизим бор экан”, деб биз турган секцияга мени излаб келган ёзувчи ва таржимон элдошимиз Музаффар Аҳмадни танимаганимдан роса хижолат бўлганман. Айниқса, Муҳаммад Юсуфнинг: "Қорақалпоқ шоирларини ўзим таҳлил қиламан”, дегани бизни ҳаяжонга солгани ҳануз кўз олдимда.

 

Жилдираган сой устига жойлашган супада жилғалар қўшиғини тинглаб, дам олаётган Муҳаммад Юсуф ва Музаффар Аҳмадлар олдида таҳлилда бўлдик. Қорақалпоқча ўқилган шеърларни ихлос билан тинглаган Муҳаммад Юсуф: "қорақалпоқ шеърияти менга ҳузур бағишлайди. Қўшиқлари эса рақси билан уйғун. Шеърияти миллат руҳияти билан ҳамоҳанг, 70-йиллар ёшлари мадҳига айланган "Ойдинлар” қўшиғини, келинг бирга хиргойи қиламиз”, деган таклифи руҳимизни кўтарди. Пердеғалий ҳамда Баҳамдуллоҳ оғалар хиргойи қилиб бошлагач, Муҳаммад Юсуф ҳам жўр бўла бошлади. Шоир берилиб хиргойи қиларди. Худди Орол ойдинларида сайр қилиб юргандай, гўё ўзи ҳам қорақалпоқнинг бир азиз боласидай "Ойдинлар"га жўр бўлиб, унинг сеҳри билан тебранарди. Афсуски, мен бу қўшиқни билмасдим. Буни сезган раҳматлик шоирнинг:

 

- Сиз-чи?! – деган саволини жавобсиз қолдирдим. Шу пайтдаги уялганим шу даражага бориб етди-ки, ўқишимга қайтгач, айнан қорақалпоқча шеър, қўшиқ, фольклор жанрига жиддий эътибор қарата бошладим. 2000 йилларнинг (2003-2004) бошларида "Сурхон” гуруҳи яккахони Маҳмуд Намозов телерадио орқали бу қўшиқни юксак оҳангларда ижро қилиб чиқди. Эндиликда қорақалпоқ тилига меҳрим қаттиқ боғланди. Менимча Муҳаммад Юсуф менинг қалбимга ўз юртимга бўлган самимият, диққат, ҳурмат, садоқат каби хислатларни чуқурроқ жойлади.

 

Зоминда "кўз очган булоқлар” - фарғоналик Ёнғин Мирзо, бухоролик Мақсуд Асад, самарқандлик Гулжамол Асқарова (Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори), Севбора Латипова, андижонлик Нилуфар Воҳид, самарқандлик Гулшан Эрматова, ўз ХДП етакчиларидан шоир Шуҳрат Орифларни бугунги ёшлар овози сифатида, озод кўнгил куйчилари сифатида тинглаяпмиз.

 

Адабиётимизнинг бугунги, эртанги куни ҳақида қайғурадиган раҳматлик Муҳаммад Юсуф каби жонфидолар умри узоқ бўлишини тилардим.

 

Шарофат ХОЛМУPОДОВА,

32-сонли мактабнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

 

Янгиликни бўлишинг: