"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Гул тутгин азизим, аввал онангга...

(Йигитларга баҳорий мактуб)

Гул тутгин азизим, аввал онангга,
Бағри кенг осмонга, меҳри уммонга.
Бир кулиб боқсанг гар сингил, опангга,
Меҳрин тўкиб келар ҳатто соянгга.
Гул тутгин азизим, гуллар тутиб кел!

Чарақлар қуёшдай шунда кўнгиллар,
Гуллардай очилиб кетар сингиллар.
Юраклардан ювилиб гард-у чигиллар,
Жаннатга айланар оний мазгиллар,
Меҳр жомин тутиб, боллар суниб кел!

Кўрдингми, рафиқанг энг фидойи жон,
Меҳр чашмасидан обод хонадон.
Бўйингга бўйлашган фарзанди-жаҳон –
Ўғил-қизларингни этди армуғон
Аллоҳимга минг бор шукр этиб кел!

Марди майдон Ўғил, кўрдингми бугун,
Давралар нурафшон, чеҳралар гулгун.
Файз-у тароватдан дил рози, мамнун,
Муҳаббат шавқидан юзлар лолагун.
Кўнгил асрорини ошкор этиб кел!

Кўзларни қувнатиб дилбарлар келди,
Хуш чеҳра, моҳирўй лобарлар келди.
Кокиллари сунбул ва зарлар келди,
Лутф-у карамлари ифорлар келди,
Дил розин ашъор-ла баён этиб кел!

Онанг-чун довруғли давлат ўзингсан,
Асқар тоғдай суянч, қудрат ўзингсан.
Билсанг, қаро кўз ва келбат ўзингсан,
Жисми аро жон ҳам албат, ўзингсан.
Келсанг, келар йўлинг гулзор этиб кел!

Онанг бор, чекинар тун, зимистонлар,
Тўрт томонинг ёруғ, нурли бўстонлар.
Pафиқанг ҳуснидан лол гулистонлар,
Вафо-садоқатдан уй нуристонлар.
Бахт-у иқболингни достон этиб кел!

Қизларинг қалбида самовий орзу,
Бу соҳир дилларга бегона қайғу.
Саболар рақсида бир ажиб туйғу –
Ошёнинг тарк этмас муҳаббат мангу.
Шаън-у ғурурингни тумор этиб кел!

Кўзларни қувнатиб гуллар жилваси,
Қалбларда мавжланди сеҳр-у зиёси.
Балки бу тақдирнинг олий ҳадяси,
Ҳазрати Аёлнинг меҳригиёси –
Баҳорни соғинган бедор бўлиб кел!

Сен келсанг, кўнглимиз осмон, эй Ўғил,
Ахир жондай асрадик ҳар он, эй Ўғил.
Pуҳи жисмимиздан бир жон – эй Ўғил,
Аллоҳ берган улуғ инъом – эй Ўғил –
Зоти султонлигинг аён этиб кел!

Гул тутгин азизим, аввал онангга...

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: