"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

НАМУНАВИЙ ОЧИҚ МАШҒУЛОТ БОЛАЖОНЛАPГА МАНЗУP БЎЛДИ

Инсон ҳаётида илмий-оммабоп, бадиий-маърифий китобларнинг ўрни сўзсиз, улкан. Китоблар туфайли дунёни англаймиз, руҳий озуқа оламиз, билимимизни оширамиз. Шунинг учун ҳам  китоблар чоп этишга, босма нашрларга эҳтиёж инсониятнинг  илк ривожланиш даврларидан пайдо бўлган. Қадимги аждодларимизнинг илк ёзувлари тошларга, қояларга, деворларга ўйиб битилган бўлиб, улар ҳарф, сўз  шаклида эмас, расмлар ва белгилар кўринишида бўлган.

Бироқ даврлар ўтиши натижасида ёзувлар пайдо бўлган, турли жойларга ёзилган хабарларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга етказиш иложи бўлмаганлиги учун ҳайвонлар терисига ёзишган ва бир-бирларига жўнатишган. Китобларнинг ўзига хос тараққиёт йўли ҳақида ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатмоғимиз, биз кўриб юрганларимиз турли ранг-баранг китоблар ота-боболаримизнинг юксак ақл-закоси меваси эканлигини чуқур англаб етишларига эришмоғимиз лозим.

Шу йилнинг 26 февралида Манғит шаҳрида фаолият кўрсатаётган 40-сонли мактабгача таълим ташкилотида Дилфуза Йўлдошеванинг “Китоблар тарихи”, “Ғаройиб олам” мавзуларида ўтказган намунавий очиқ дарси шу мақсадга қаратилди.

Ташкилотнинг катта гуруҳида бўлиб ўтган намунавий очиқ  дарсда кўпгина мактабгача таълим ташкилотларининг  катта гуруҳлари тарбиячилари иштирок этдилар.
Ўзига хос тажриба алмашув, дўстона ҳамкорликка асосланган тадбирда Дилфуза Йўлдошева босма нашр китобларнинг  пайдо бўлиши тарихи ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, улкан тараққиёт пиллапояларини босиб ўтган китобларнинг инсон ҳаётидаги ўрнига ҳам кенг тўхталди. Шунингдек, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни борлигини, яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундашини алоҳида таъкидлади. Сўнгги йилларда маънавиятни юксалтириш ва китобхонликни кучайтиришга қаратилаётган эътибор ва рағбат китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб бергани, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили ҳам бўлганини ҳам сўзлаб ўтди. Болажонларга неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта, бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмаслик эканлигини тушунтирди.
Бизни ўраб турган олам ғаройиботларга тўладир. Унда жамики  жонзотларнинг умргузаронлиги табиат билан боғлиқдир.

Тарбиячининг бу борадаги маърузасини ҳам жажжи болажонлар қизиқиб тингладилар.
Маърузалардан сўнг гуруҳ тарбияланувчилари орасида китобларнинг  аҳамиятини тарғиб этувчи, атрофимизни ўраб турган оламни эъзозлаш, табиатга озор бермаслик, чор-атроф озода, обод бўлишига эришиш лозимлиги хусусида шеърлар айтдилар.

Шуниси эътиборлики, мазкур муассасада болажонларнинг пухта таълим-тарбия олишлари, соғлом овқатланишлари ва жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Турли тўгараклар ташкил этилиб, уларнинг  иқтидори юксалишига хизмат қилаяпти.

Таълим-тарбиянинг илк босқичи ҳисобланмиш мактабгача таълим ташкилотидаги бу каби амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар келгусида ўзининг ижобий самараларини беришига ишонамиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: