"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ЖАЙХУН ИЛХОМЛАPИ

Яхшилар ёди

(“Синтез” гуруҳи мусиқачиси

Б.Худойберганов хотирасига)

Оҳангларга жойлаб соҳир наволарни,

Эркалатиб тонгда майин саболарни,

Мухлислари берган эди баҳоларни

Ҳамон янграр дилбар қўшиқ, куй-созлари

Унутмайди дўсту шогирд, устозлари.

 

Ортиб борар элда ёди – ҳурматлари,

Етти ёшу етмиш ёшли улфатлари,

Ҳазиллари, дилкаш, ширин суҳбатлари

Ҳамон янграр дилбар қўшиқ, куй-созлари

Унутмайди дўсту шогирд, устозлари.

 

Яшайди эл тўйи, байрам, базмида ҳам,

“Синтез”, ”Наво” – эстрада вазнида ҳам,

Замонавий шўх ўйноқи назмида ҳам

Ҳамон янграр дилбар қўшиқ, куй-созлари

Унутмайди дўсту шогирд, устозлари.

 

Ёрқин юлдуз порлаб чиқди замонида

Санъат арши, саҳна кўшки – бўстонида,

Ўчмас ёдгор номи тарих майдонида

Ҳамон янграр дилбар қўшиқ, куй-созлари,

Унутмайди дўсту шогирд, устозлари!

Турсунбой

Абдуллаев.

ЗУЛФИЯГА

Зулфия шеърида бир ажиб сир бор,

Қандайдир дилтортар, сокин, беғубор.

Гоҳи шўх, кўнгилни кетар қувнатиб,

Гоҳида кўз ёшлаб, қалбни тилкалар.

 

Хаёлан кимгадир талпинаверар,

Қалбан излайверар қай бир маконни.

Ўтмиш ва бугуннинг ичида юрар,

Соғинчлар ўртайди ўртанган жонни.

 

Ўқисам, табассум инар юзимга,

Баъзан аччиқ ёшлар тўлар кўзимга.

Зулфия янгидан жонланаверар,

Шеърларин ўқисам, менинг наздимда.

Меҳрибон ШОМУPОДОВА,

1-сонли мактаб ўқувчиси.

ОТАГА ТИК БОҚҚАН ОДАМНИНГ...

Иймони йўқ, йўқдир Худойи,

Отага тик боққан одамнинг.

Очилмагай асло чиройи,

Отага тик боққан одамнинг.

 

Осмонида қуёш порламас,

Суҳбатига шайтон чорламас.

Юзи қора, дерлар ярамас,

Отага тик боққан одамни.

 

Қирққа кирмай қариб қолади,

Ғам-аламдан қад букилади.

Ҳар қадамда бир қоқилади,

Умри хароб бундай одамнинг.

 

Олға қараб юрмайди иши,

Бошида бор мудом ташвиши.

Одам қатор кўрмас ҳеч киши,

Отага тик боққан одамни.

 

Бир текисда бўлмас ҳаёти,

Баъзан кўкка етар фарёди.

Шомурод дер, борми муроди,

Отага тик боққан одамнинг?!

Шомурод ХЎЖАНОВ.

ИСТАК

Қўлларим ҳеч тиним билмайди,

Билмадим, у нени кўзлайди.

Келажакка олға қадамни

Ташламоқни  кўнгил истайди.

 

Эзгуликни кўзлайман ҳар дам,

Яхшиларни албат, қўллайман.

Ялқовликка ҳеч ҳушим йўқдир,

Кеча-кундуз тиним билмайман.

 

Оқ қоғозни тўлдириб баъзан,

Ўйларимни тўкиб оламан.

Осмонларга учиб хаёлда,

Тиним билмай ижод қиламан.

Дилдора PАЖАБОВА, “Дўстлик” маҳалласи.

ЗУЛФИЯХОНИМГА

Қорларнинг тагида,

Баҳор уйғонди.

Баҳорни куйловчи,

Кўнглим тўлғонди.

 

Бошимда дўппи,

Эгнимда атлас.

Ўзбекнинг қизиман,

Таъриф керакмас.

 

Баҳор куйчиси,

Улуғ Зулфия.

Одамлар қалбига,

Битган мадҳия.

Нафиса Ҳамроева,

46-мактаб ўқувчиси.

ОНАМГА

Ҳаёт гоҳ зулмат,

Гоҳо қоронғи.

Меҳр-муҳаббат,

Бу ҳаёт тонги.

 

Ёнимда бедор,

Азиз ва суюк.

Онажоним бор,

Мен учун буюк.

 

Дардим олар у,

Юрак ғашланса.

Тунлар бедор у,

Кўзлар ёшланса.

 

Шукурлар бўлсин,

Аллоҳимга ҳам.

Менинг жаннатимдир,

Меҳрибон онам.

Латофат Болтабоева.

ОТА-ОНАМ

Дунёда бор бир одам,

Қалбига сиғар олам.

Сўзлари дилга малҳам,

Удир меҳрибон онам.

Суянган тоғим отам.

 

Сўзларида ҳикмат жам,

Бизни деб яшар ҳар дам.

Омон бўлсин деб болам

Дуо қилгувчи отам.

Ва меҳри уммон онам!

Олмагул ТЎЛИБОЕВА, 40-сонли мактаб ўқувчиси.

Юракдаги дард

(Дадаси ташлаб кетган қиз тилидан)

Дада! Бугун сизни жуда соғиндим,

Кўзларим сизни кўришга муштоқ.

Яна суратингиз билан овундим,

Бир жойдамиз, лек кўнгиллар йироқ.

 

Мана, уч ойдирки, сиздан хабар йўқ,

Йўқламадингиз ҳеч, мунис қизингиз.

Юракка отдингиз соғинч деган ўқ,

Излаб тополмадим босган изингиз.

 

“Қизларим аҳволи не экан”? дея,

Келмадингиз, бир бор излаб бизларни.

Ҳаёт чархпалаги айланиб, бир кун,

Жуда соғинасиз мунгли кўзларни.

 

Мен ва сингилларим айбимиз недир?

Жавобсиз бу савол юрагим тиғлар.

Соғина-соғина сизни қизингиз,

Алам ва дард ила садосиз излар.

 

Ҳа! Мен туғилдим қиз бола бўлиб,

Наҳот  шудир,  менинг катта гуноҳим?

Юрагим бормоқда аламга тўлиб,

Ҳеч кимса билмайди фарёд-у оҳим.

 

Фақат қалам-қоғоз бўлар сирдошим,

Унга тўкилади кўнгилдаги дард.

Балки бу ҳам Аллоҳ юборган синов,

Барчасига кўниб яшамоғим шарт!

 

Мен ва сингилларим – сизнинг қизингиз,

Биз бахтли бўлишга ҳаққимиз йўқми?

Ахир бизлар сизнинг ҳаёт изингиз,

Pаво кўрганингиз ғам деган ўқми?

 

Бугун бағрингизда гул эмас, алаф,

Гулдек қизларингиз сиздан олисда…

Йиллар ўтиб, асло келманг биз тараф,

“Кечир”, деманг яна майин овозда.

 

Аллоҳ менга омад этганда ҳадя,

Бир кун таниламан, шоира бўлиб.

Эслайсиз: “У менинг қизгинам”, дея,

Менинг ютуғимдан фахрга тўлиб.

 

Дада! Сизга учта қиз берди  Худо!

Лек; “ўғил эмас”, деб кечдингиз биздан.

Барча оталарга энг сўнгги сўзим –

Устун кўрманг асло, ўғилни қиздан!  

Ирода ЭPДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: