"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ЮPАКДАГИ ХАЗИНА

ЮPАКДАГИ ХАЗИНА

(очерк)

Зебо. Исми жисмига, суврати сийратига мос, истараси иссиқ, гап-сўзларида самимийлик балқиб тургувчи бу аёлни илк марта, кўрган киши: «Мунча хушрўй, мунча хуштабиат бўлмаса бу аёл!» - дея ҳавас қилиши табиий.

Сабаби, Зебо Pажабова нафақат аёл, она ва назокатли рафиқа, балки қалами ўткир ижодкор, моҳир таржимон, юзлаб ёшларнинг севимли устози сифатида танилган, нафақат ўзи туғилиб ўсган Амударё туманида, ҳатто Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида юксак обрў-эътибор топган аёллардан.

"Амударё ҳақиқати”  (ҳозирги пайтда "Тараққиёт кўзгуси”) номи билан минглаб мухлисларининг эътиборини қозонган туман газетасида Зебо Pажабованинг ўрни катта. У гарчи мутахассислиги педагог бўлсада, газета ишини  тажрибали журналистлар каби яхши биладиган, ҳаётда ҳам, ишда ва оилада ҳам ўз тенгқурларидан анча илгарилаб кетган, барча масалаларда ўз шахсий фикрига, ўз услубига эга ижодкор сифатида шаклланган, ниҳоятда фидойи инсон.

Зебо Pажабова Манғит шаҳрининг энг файзли, гавжум Навоий маҳалласида, зиёли оиласида дунёга келди. Отаси (худо раҳмат қилсин) Жумамурод Pажабовни таниган ва билганлар «темир интизомли одам, Жумамурод мелиса» дея ҳурмат-эътибор кўрсатишарди. Бошқирд қизи бўлган онаси (Аллоҳ раҳмат қилсин) Дания холанинг жуда кўп чиройли сифатлари Зебогулга ўтган.

-Оилада 10 нафар ўғил-қиз вояга етганмиз, - дейди Зебо болалик хотираларини ёдга оларкан. -Ота-онам бизга камдан-кам ҳоллардагина кийим-кечак сотиб олишарди. Онажоним, кейинчалик опаларим ҳар хил жемпер ва кофталар, иссиқ пайпоқлар, рўмоллар тўқиб беришарди.Онам кечалари неча соат ухлаган эканлар-а, деб ўйлайман ҳозир. Чунки ҳар гал эрталаб ўрнимиздан турганимизда бош учимизда ўзимиз учун онажоним тикиб қўйган нимча, костюм, кўйлакми, нимадир тахлаб қўйилар, нонуштага эса доим бирон бир ширинлик пиширилган бўларди.

Оиладаги бундай батартиб ҳаёт тарзи Жумамурод ота билан Дания хола фарзандларининг қаноатли, меҳнаткаш, саришта ва тежамкор, режали бўлиб вояга етишишларига замин яратди.

Ўрта мактабни муваффақиятли тугатган Зебо гарчи синфидаги энг аълочи ўқувчи бўлса-да, оилавий шароит тақозосига кўра ўша йили ўқишга бора олмади.

-Аввал ҳаётни ўрган, қизим, қобилиятингни сендан биров тортиб ололмайди, кейин ҳам ўқиб олаверасан, иккала опанг талаба бўлса, онанг қийналиб қолмасин, -маслаҳат берди отаси.

Мактабни битирган йилиёқ у туман ахборот-ҳисоблаш (статистика) бўлимида назоратчи сифатида илк иш фаолиятини бошлади. 1978 йилдан 1983 йилгача туман иқтисодий ҳаётига доир барча маълумотлар йиғиладиган мазкур бўлимда Зебо Pажабова шу соҳанинг етук мутахассислари билан бир сафда иш олиб борди. Жамоада обрў-эътибор топди.

-Идорамизга журналистлар тез-тез келиб туришарди, - эслайди Зебо. -Уларнинг ишига ҳавасим баланд эди. Баъзан ўз қўлимдан ўтаётган юзлаб ахборотлар, маълумотлар асосида газетада ёритилаётган таҳлилий мақолаларни ўқиб: «нега шундай мақолаларни мен ҳам ёза олмайман?» - дея ҳавасим келарди.

Ана шу ҳавасми ё тақдир тақозосими Зебо Pажабова меҳнат  фаолиятининг қарийб беш йили «Амударё ҳақиқати» газетаси таҳририяти ижодий жамоаси билан боғланди. У таҳририятда дастлаб мухбир, кейинчалик газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири вазифаларида ишлаб, баракали ижод қилди. Иш, оила, жўш­қин ижод билан бирга ўз билимини ошириш мақсадида Нукус Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Адабиётни, адабий жанрларни, ўзбек тилшунослигининг ўзига хос сирларини, янги қирраларини қунт билан ўрганди. Ўзининг лирик шеърлари, мунозарали мақолалари, ёшлар тарбиясига оид, чуқур фалсафий мушоҳадаларга бой, ўткир сюжетли ҳикоялари, таржималари билан газетхонлар эътиборини қозонди.

-Касбимни қанчалик севмай, қўлимга ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси дипломини олгач, негадир мени мактаб оҳанрабодай ўзига тортди. Болалар билан бирга, уларнинг қувончларига ошно бўлгим, уларнинг беғубор оламига сингиб яшагим келди, - дейди у. 

Ана шу орзу Зебо Pажабовани 32-сонли мактаб бағрига чорлади. Мактабда беш йил давомида ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

-Ҳаётнинг ўзи катта мактаб, - дейди у. - Ана шу улкан мактаб таълимини олмаган инсон ҳаётдан ҳеч қачон ўз ўрнини топа олмайди. Умри ҳам, иш фаолияти ҳам бесамара ўтади. Тўғриси, менга иш фаолиятимдаги энг буюк устоз - бу қайноқ ва жўшқин Ҳаёт! Бу ҳаёт даргоҳида қоқилсам ҳам, муваффақият қозонсам ҳам, бир лаҳза бўлсин, бу мактабдан безмадим. Интилдим, фақат олдинга интилиб яшадим.

Фақат олдинга интилиб яшаш, жўшқинлик - Зебо Pажабованинг ҳаёт шиорига айланди. Унинг ташкилотчилик қобилияти, ишда ниҳоятда интизомлилиги, киришимли, самимий муомаласи боис, туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси лавозимига таклиф этишди. Унинг бу ердаги фаолияти таҳсинга лойиқ бўл­ди. Туманда ёшлар тарбияси, хотин-қизлар ҳаётига доир муаммоларни ҳал этиш, гиёҳвандликка қарши, турли ёт оқимлар, айниқса диний экстремизмга қарши кураш мавзуларида туман миқёсидаги тадбирларни ўтказишда фаоллик кўрсатди.

1995 йилда яна ўқитувчилик фаолиятига қайтган Зебо Pажабова ўзи меҳнат қилаётган Қорақалпоғистон халқ таълими Вазирлигига қарашли 8-сонли иқтидорли болалар мактаб-интернатида яхши ўқитувчигина эмас, эндиликда етук устоз даражасига етди. Таълим соҳасидаги ўзгаришлар, янги инновацион технологиялар, кўргазмали қуроллар асосида дарс ўтиш, турли маърифий тадбирлар ўтказиш унинг оддий иш жараёнига айланди.

-Болани синфга қамаб А.Навоий ижодий фаолиятидан икки-уч кунлаб маъруза ўқиганингиздан кўра Навоий асарлари бўйича бир соатлик синфлараро баҳс-мунозарали тадбир ёки мусиқий кеча ўтказишнинг аҳамияти жуда катта, - дейди Зебо ўз иш фаолияти ҳақида сўзларкан. - Кўпинча шундай тадбирлардан кейин қизларимиз Гули ёки Ширинга, ўғил болаларимиз Фарҳодга хос хислатларни такрорлаётганларини, Навоий асарларидаги ижобий қаҳрамонларга ўхшашга ҳаракат қилаётганларини ҳис қилиб қувониб кетаман. Шу ўринда адабиёт, айниқса, ўзбек адабиёти ёшлар тарбиясида, уларнинг маънавий етук инсонлар бўлиб вояга етишларида энг кучли тарбия қуроли эканлигини таъкидлагим келади. Мен ўқувчиларимдан ҳар бир дарсда ким қандай адабий китоб ўқиётгани ҳақида сўрашдан, улар билан суҳбатлашишдан, бир дўст каби сирлашишдан чарчамайман.

Асримиз бошида буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» дея бонг урганларида нақадар ҳақ эканлигини нафақат ўша давр, балки бугунги давримиз ҳам қайта-қайта исботламоқда. Чунки ёмон тарбия наинки бир инсон, балки бутун бир миллат, мамлакат ёки дунё учун фалокат келтиради. Яхши тарбия эса инсонни ҳам, ҳаётни, миллат ва мамлакатни, дунёни кулфатлардан асрайди. Биз ўқитувчиларнинг зиммамизга ана шундай буюк ва саодатли вазифа юкланган. Инсон ва миллат, ҳаёт ва мамлакат, дунё тақдири ишониб топширилган. Биз шунга муносиб равишда ишлашимиз керак.

Бундай ҳаёт тарзи Зебо Pажабовага хос эзгу фазилатлардан бири, холос. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси, ёшларнинг севимли устози Зебо Pажабова жамоада жамоатчи ва фаол ҳамкасб, шогирдлари даврасида ардоқли устоз, куюнчак ва фидойи муаллима, қавм-қариндошлар ичида одамгарчиликни жойига қўядиган оқибатли, эпли келин, оилада севимли рафиқа, меҳрибон она, қадрдон буви! Қайнотаси Озод ака Эшниёзов ва қайнонаси Pозия опа уни асло келиним дейишмайди, балки:

-Зебогул қизим, Зебожон болам, - дея алқашади.

Умр йўлдоши Шавкатжонни сўзлатсангиз бутун меҳр-муҳаббатини бир сўзга жамлаб: «умрим Зебоси!» - дейди самимият билан. Шу оддийгина эътироф билан ўз рафиқасининг оилада, ўз ҳаётида тутган мавқеининг нақадар буюклигини ифода этади у.

Ана шундай аҳил жуфтликнинг ширин мевалари Барнохон ҳам онаси касбини танлади. Pус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, бахтли оила бекаси. Ўғли Фарруҳжон Манғит касб-ҳунар коллежининг ҳуқуқшунослик бўлимини тугатиб, айни пайтда Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласи посбони вазифасида хизмат қилмоқда.

-Яқинда неварали бўлдик, - дейди қувонч билан Зебо. - Бир пасда буви ҳам бўлиб қолибман.

Байрам кунларида, таваллуд кунида Зебо Pажабованинг уйида телефон қўнғироғи тез-тез жиринглайди. Тошкентдан, Нукусдан, Урганчдан, қўйингки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида таълим олаётган, меҳнат қилаётган шогирдлари опани йўқлашади. Байрам билан, таваллуд айёми билан қутлайди.

Зебо Pажабова 30 йиллик педагогик фаолияти давомида қанча-қанча ўқувчиларини мустақил ҳаётга кузатган, оқ йўл тилаган бўлса-да ҳеч қачон «Фалончи менинг шогирдим», демайди.

- Ўзим ўқитдим, деб ҳамма ўқувчиларни «шогирдим», дейиш нотўғри, - дейди у. - Сендан сабоқ олган, сенинг билимингни, ҳаётга қарашларингни, фазилатларингни тан олган, қадрлайдиган ўқувчингнинг ўзи «Устоз!» деб ҳузурингга келади. - Ана шу ўқувчинг сенга муносиб шогирд. Синф тўла боланинг ҳаммасини «шогирдларим», дея даъво қилиш - ўқитувчига муносиб эмас. Биз муаллимлар болалар қалбида ҳурмат, эътибор, ҳавас уйғота оладиган фазилатга эга бўлмоғимиз керак.

Бу Зебо Pажабованинг тажрибали муаллима ва ижодкор инсон сифатидаги хулосаси, шахсий фикри. Биз уни зимдан кузатиб, фикрларини тингларканмиз, Зебогулнинг яна бир гўзал хислатини кашф этдик: оддийлик ва камтарлик. Наздимизда ана шу оддийлиги, камтарлиги Зебо Pажабовани эл севган ижодкор-муаллима сифатида танитган, шахс сифатида шакллантиргандай:

У шундайин яшайди. Оддий,

Меҳнат эрур умрин безаги.

Мартабаси, ҳатто мансаби-

Оддийгина муаллимлиги.

Шундай яшар, ҳар битта бола,

Унинг кўзин нури, қароғи.

Ва кўнглида гуллаган лола-

Келажакнинг  порлоқ чироғи.

Бу ҳаётдан топган бир коми

Камтаргина оиласидир.

Устоз деган улуғвор номи

Юракдаги хазинасидир.

 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"Amu news” нинг махсус мухбирлари.

Суратда: Зебо Pажабова шогирдлари даврасида

 

Янгиликни бўлишинг: