"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИГА ЭҲТИPОМ КЎPСАТИЛДИ

Ҳар йили баҳорнинг илк куни – 1 март мамлакатимизда ажиб оҳангларга тўла тадбирлар билан кутиб олинади. Гўё  шу кундан яшнаш ва яшариш фасли – гўзал баҳорга монанд туйғулар уйғонади дилларда. Албатта, бу туйғулар Ўзбекнинг асл фарзанди, бахт ва мангу баҳор, ёшлик куйчиси Зулфияхоним номи, шарафи билан боғлиқ. Мамлакатимизнинг барча ўқув муассасаларида, ижодий жамоаларда, овул ва маҳаллаларда давралар кенгдан олиниб, шеърият кечалари, мушоиралар бири-бирига уланиб кетади. Атлас-у адрасларга бурканган зебо қизлар, ҳатто жажжи қизалоқларнинг “Зулфияхоним издошиман” деб шеър ўқишларини кўрсангиз, қалбингизда ҳаваслар уйғонади. Беихтиёр бу шеърият давраларига қўшилиб, жаранг сочаётган назмий оҳанглардан баҳра оласиз.

“Зулфия – баҳор куйчиси” деб номланган адабий-мусиқий тадбирни катта иштиёқ билан тайёрлаган 75-сонли умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Гуласал Маткаримова ҳамда Шаҳло Айтбоевалардан нафақат мактаб жамоаси, балки ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам миннатдор бўлишди.

Аввало шуни алоҳида қайд этиш керакки, тадбирда Зулфия ижоди, ҳаёти ва фаолиятига доир кўргазма ташкил этилди. Шоиранинг китоблари, шоира асарлари асосида тайёрланган адабий-бадиий саҳна асарлари ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Асқар Матмуродов очди ҳамда Зулфияхонимнинг машаққатли, лекин шарафли ҳаёт йўли ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди. Мактабнинг 7-синф ўқувчи-қизлари ижросидаги “Баҳор вальси” рақси билан бошланган тадбирда 11-синф ўқувчилари Шоҳида Ҳайитбоева ва Лайло Ўрозимбетовалар Нодирабегим ҳамда Зулфияхоним сиймоларида намоён бўлишиб, ўзбекнинг икки буюк шоираси ижодидан намуналар ўқидилар.


Шундан сўнг, 8-синф ўқувчилари Зулфияхонимнинг суронларга тўла ҳаёт ва ижод йўли ҳақида, шоиранинг матонати, жасорати ҳамда буюк муҳаббати, садоқати хусусида сўзладилар. Тадбир давомида 5-синф ўқувчилари томонидан Зулфияхонимнинг фарзандлари Ҳулкар ва Омонга, набираси Улуғбекка бағишлаб ёзган шеърлари ифодали ўқиб берилгани барчага манзур бўлди. Бундан ташқари, улар Зулфиянинг туркум шеърларини мароқ билан ифодали ўқиб бердилар. Айниқса, мазмунида меҳрибон она, садоқатли аёл сиймолари мужассам бўлган “Менинг меҳрибон онагинам”, “Бизнинг оналар” шеърларини тадбир иштирокчилари мароқ билан тингладилар.

Тадбирда Зулфияхоним ҳақида Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир каби замондошлари томонидан билдирилган фикрлар ва уларнинг самимий эҳтиром туйғуларига тўла сўзларини келтиришиб, Зулфияхоним ижоди дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб ўқилиши ҳақида ифихор билан сўзладилар. Мактабнинг 7-синф ўқувчилари эса Ғ.Ғуломнинг “Зулфиябегимга”, Э.Воҳидовнинг “Вафо” поэмаси, Ҳамид Ғуломнинг “Илтижо” шеърларидан парчалар ўқиб беришди.

Тадбир давомида 11-синф  ўқувчиси Хурсандой Жалғашбоева Зулфия ҳаёти ва ижодига оид викторина ўйинларини ташкил этиб, Зулфияхоним асарларининг билимдонларини баҳсга чорлади.

Гўзал мушоира, билимдонлик баҳслари, куй ва қўшиқлар, дилрабо рақслар жўрлигида ўтказилган тадбир Зулфияхоним даҳосига самимий эҳтиром тарзида таассуротларга бой бўлди.


Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: