"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8182.73 -6.33
  • 1 EUR = 10158.9 +100.30
  • 1 RUB = 145.1 +4.04

БОЛА ҲУҚУҚЛАPИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Ҳар бир фарзанд оилада дунёга келади. Оилада дастлабки тарбия сабоқларини олади. Боланинг тили ҳам оилада чиқади, биринчи сўзи "ота” ва "она” сўзлари билан бошланади. Боланинг табиати ва феъл-атвори ота-она табиати ва феъл-атворига монанд бўлиб, ота-она ўз аксини кўзгуда кўргандек ўз фарзандида кўриб туради.

Янги 2014 йилни муҳтарам Президентимизнинг "Соғлом бола йили” деб эълон қилишида ҳам чуқур маъно бор. Негаки, биз ҳаётимизни болаларсиз тасаввур қилолмаймиз. Бош Қомусимиз – Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, барча болаларимиз бахтли бўлишга ҳақлидирлар. Болалар ҳуқуқлари ва эркинликлари қонун томонидан ҳимоя қилинади ва кафолатланади. Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари бўйича 100 дан зиёд Қонун, Фармон, қарор ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ меъёрларининг устуворлигини ҳамда болалар аҳволини яхшилаш учун халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини эътироф этган ҳолда МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб, 1992 йилда "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенцияни ратификация қилди. 2008 йил 7 январда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун соҳадаги ҳуқуқий тартибга солиш механизмини мустаҳкамлаш, жумладан, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими самарадорлигини янада оширди. Сўнгги йилларда "Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги ҳамда "Ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунлар кучга кирди. Шунингдек, Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик, Меҳнат, Жиноят кодекслари, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бола ҳуқуқларининг кафолатлари ўз ифодасини топган. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли бугун бола ҳуқуқларини самарали таъминлаш баробарида жаҳон амалиётида кенг қўллаб келинаётган ювенал адлия тизими имкониятларидан фойдаланишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 25-моддасига мувофиқ ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур турмуш даражасига эга бўлишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан фойдаланиш ва уни амалга ошириш масъулияти оилада ота-она зиммасига юклатилган. Буни тўғри англаган ва чуқур тушунган оилада давлат ва жамиятга муносиб ўғил-қизлар вояга етади. Шу сабабли оилада болалар тарбиясига масъул бўлиш, оилавий низо ва жанжалларнинг олдини олиш, судлар томонидан уларнинг ўз вақтида ҳал қилинишини таъминлашга эришиш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.

Болаларни аввало нимадан ҳимоя қилиш лозим? Биринчи навбатда уларнинг болалигини ва келажагини ҳимоя қилиш, ҳаёти мақсадли, мазмунли, завқли ва албатта бахтли бўлиши учун кўмаклашиш биз катта ёшдаги кишиларнинг бурчимиздир. Қолаверса, уларни қаровсизлик ва назоратсизликдан, бекорчилик ва спиртли ичимлик ичиш, тамаки ва нос чекиш ҳамда гиёҳвандлик, қиморбозлик каби қатор зарарли иллатлардан, "оммавий маданият”, диний-экстремистик оқим таъсирларидан асрашимиз шарт. Зарур ҳимоя-профилактика тадбирларини кўриш - огоҳлик – назорат нуқтаси тарбиявий ишлар диққат маркази бўлиб қолсин.

Бундай кўламдор ва масъулият юки оғир, шу билан бирга дунёдаги энг эзгу ишнинг уддасидан албатта чиқиб, 2014 – "Соғлом бола йили” Давлат Дастурида белгиланган улуғвор ва залворли вазифаларни бажаришга барчамизнинг қурбимиз етади. Бунинг учун биз ўзимизда етарли куч-қувват, билим, маҳорат ва имконият топа оламиз.

Илҳом Нуруллаев,

2-сонли Амударё туман Давлат Нотариал идораси нотариуси.

Қобул ШОМУPОДОВ,

"Тараққиёт кўзгуси" мухбири.

Янгиликни бўлишинг: