"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ИНСОНДАГИ ХИСЛАТЛАP ТАPБИЯ БИЛАН ТАКОМИЛЛАШАДИ

Таълим жараёни тажрибали ўқитувчи томонидан ташкил этилиши, бошқарилиб туриши ва маълум мақсадларга йўналтирилиши лозим. Чунки ҳар бир ўқувчи воқеа-ҳодисаларни ўзича била олмайди. Унга ўқитувчи маълум даражада кўмак бериши лозим. Дарахтнинг етуклиги унинг меваси билан бўлганидек, инсоннинг барча хислатлари ҳам яхши тарбия билан такомиллашади.

Ибн Сино тарбия масаласида ахлоқий тарбияга алоҳида ўрин ажратган. Унинг фикрича: “Aгар инсон ақлий ва жисмоний жиҳатдан қанчалик етук бўлса ҳам ундаги билим ахлоқ қоидаларига мос бўлмаса, у киши жамиятнинг ҳақиқий аъзоси бўла олмайди”. Юксак ахлоқий фазилатлар кўпроқ ватанпарварликда ўз аксини топади.
Ибн Сино она-Ватанни ҳамма нарсадан буюк ҳисоблаб, унга хизмат қилишни ўз бурчи деб билган. Ватаннинг фани, маданиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган.

Бугунги кунда бу жараёнлар биз ўқитувчилар зиммасидаги энг масъулиятли вазифадир. Бу борада маҳалла-мактаб-оила ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Тарбия жараёнида фарзандларимизни ота-она ва устоз биргаликда тарбиялаб борсак, ҳар куни битта ибратли сўз эшитган бола бир ҳафтада еттита ибратли сўз эшитади, бунинг учтасига амал қилиб, ўзида сақлаб қолса, бу бола келажакда етук инсон бўлиб шаклланади. Ўғил болаларга мардликни, жасорат, ростгўйликни, қизларимизга ибо-ҳаё, меҳр-оқибат туйғуларини сингдирсак, тарбия борасида ютуқларга эришамиз.

Улуғ бобокалонимиз Беруний панд-насиҳат орқали болалардаги айрим нуқсонларни бартараф этишни маслаҳат қилганлар: “Одамлар ўрганган, одатланган ва кўпчиликка маъқул бўлган нарсага қаршилик кўрсатмасдан ўрганиш керак”, - дея фикр билдирганлар. Яхши хулқлар яхшилик аломатидир, ёмон хулқлардан болаларни сақламоқ лозим. Aйниқса, мақтаниш, бузуқ ниятлилик, чақимчилик, бесабрлик, нафс балоси, ёлғончилик инсонни тубанликка бошлайди. Шу боис, улуғ алломаларимиз таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратишган.

Ота-оналарни бола тарбиясига эътибор беришга даъват этар эканман, жамият фарзандлар хулқ-атворига қараб, уларнинг ота-оналарига баҳо беришини таъкидлагим келди. Чунки бола оиладан ташқари жамиятга аралашар экан, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, муомаласи, эл-улус ичида ўзини тутиши жамият назаридан четда қолмайди. Унутмангки, салгина қўйилган қалтис қадам, ўйламасдан айтилган бир оғиз сўз инсоннинг умр бўйи эришган обрў-эътибори, нуфузини, шаънини тупроқ билан тенг қилиши ҳеч гап эмас.

Мақсуда АБДУЛЛАЕВА,
64-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: