"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАP – ЎЙИНЧОҚ ЭМАС

ХХI асрни биз, замонавий технологиялар асри деймиз. Замонавий технологияларнинг кундан-кунга ривожланиб, ижтимоий ҳаётимизда ўрни ортиб бормоқда. Кундалик турмушимиздаги ҳар хил соҳаларни ва турли жабҳаларни кузатар эканмиз, технологияларнинг салбий таъсири ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ. Жумладан, кампьютер, интернет кириб бормаган ўқув муассасаларини учратишимиз мушкул. Албатта, ҳозирги ёш авлоднинг компьютер, интернет маьлумотларидан фойдаланиши катта ютуқ. Афсуски, «Танганинг икки тарафи бўлади» дейилганидек, компьютер тармоқларидан турли хилдаги мақсадларда фойдаланаётган шахсларни учратиб турамиз. Бунга мисол тариқасида ҳозирги кунда ҳар қадамда кўришимиз мумкин бўлган ва фаол иш олиб бораётган компьютер клубларини кўрсатиб ўтмоқчиман. 11-12 ёшлардаги мактаб ўқувчиларини ўқишдан чалғитиб, билим олишга бўлган қизиқишини сусайтириб юборувчи бундай клублар бугунги кунда ўқувчиларимизнинг севимли масканига айланиб улгурган. Бундай компьютер клубларида ёшларимизнинг психологиясига салбий таъсир кўрсатувчи турли хилдаги ўйинлар кўплаб топилади.

Компьютер клуби - ўйин зали бўлиб, фойдаланувчилар бу ерда турли ўйинлар ўйнашдан ташқари, клип ёки фильм томоша қилиши мумкин.

Ҳозирги кунда мактаб ўқувчилари дарсдан кейин тезроқ уйига ёки турли тўгаракларга боришга эмас, компьютер клубларига боришга ошиқишади. Ачинарлиси шундаки, улар тажанг ва бепарво бўлиб, билим олишни эсдан чиқараётганини, ота-оналари тушлик ва йўл кира учун бераётган пулларини ҳавога совураётганини англаб етишмайди. Англаб етганда эса кеч бўлиши мумкин. Бундай нохуш ҳолатлар келиб чиқишига айбдор ким? Ҳали жуда ёш бўлган ўқувчи-ёшларимизнинг замонавий технологиялардан фақат "ўйинчоқ” сифатида фойдаланаётганининг сабаби нимада?

Бундай вазиятда, энг аввало, ота-оналар ўз фарзандига ёш пайтидан катта эьтибор қаратиши ва улар билан кўпроқ ишлашиб, ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаб бориши лозим. Ўқитувчилар ўқувчиларга компьютерларни фақат ўйин учун эмас, ундан ўзларимиз учун зарур бўлган маълумотларни олишимиз ҳамда турли электрон дастурлардан тез ва самарали фойдаланишимизни тушунтириб ўтишлари керак.

Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлари бундан 15-20 йил олдинги ёшлардан кескин фарқ қилади – билими, интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикр юрита олиш қобилияти сезиларли даражада ошган. Улар мобил телефон, планшет, телевизор ёки ноутбукларнинг исталган функциясидан фойдаланишни тезда ўзлаштириб олмоқдалар. Бундай ривожланиш ва фаровонлик даражаси юксалиб бораётган Ўзбекистонда юртдошларимиз шахсий компьютер, ноутбук, смартфон ва планшетларга эга бўлишига қарамасдан, компьютер клублари ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Аксарият компьютер клублари қоронғи биноларда жойлашган бўлиб, ўйинлар қаҳрамонларининг тасвирлари билан безатилган бўлади. Бундай муҳитда эса ёшларимиз ўзини худди шу ўйин иштирокчисидек сезади ва ўйинга "шўнғиб” кетган бола турли психологик ҳолатларга тушади.Психологларнинг таъкидлашларича, буларнинг барчаси инсон, айниқса, ёшларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади.

Хулоса шуки, азиз тенгдошлар, замонавий технологияларни фақат ўйинчоқ учун эмас, биз, ўзларимизга фойдали бўлган ишлар учун ишлатайлик. Турли ёшдаги мактаб ўқувчиларининг компьютер клубларига эмас, кутубхоналарга қизиқишини оширайлик.

Шу ўринда Президентимиз И.А. Каримов "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: "Табиийки, "оммавий ахборот” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Шунинг учун яқин кўмакчимизга айланган замонавий технологиялардан фойдаланганда уларнинг салбий таъсирини эсдан чиқармаслик лозим. Зеро, ҳамиша огоҳ, ўзини-ўзи бошқара оладиган ва меъёрни биладиган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди”, деб таъкидлаб ўтган. Шундай экан, замонавий технологиялардан фойдаланганимизда унинг салбий ва ижобий томонларини ҳисобга олишимиз зарур ва иложи борича ижобий томонларидан фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.

Инобат Ибодуллаева,

НДПИ талабаси.

Янгиликни бўлишинг: