"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ОНА НИДОСИ

Онамнинг фақат бир кўзи бор эди. Нариги кўзи ўрни чуқур бўлиб ётар, уни кўрганимда жирканиб кетардим.

Мен айнан онамнинг бир кўзи йўқлиги сабабли тенгдошларим олдида хижолат чекар, очиғи, ундан ор қилардим.

Отам ёшлигимда автоҳалокат туфайли ўлиб кетганди. Оиламизни боқиш онамнинг зиммасида эди. Онам мактаб ошхонасида ишларди.

Мактабда бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим онам мендан хабар олиш учун синфимизга кирганида, уятдан худди ерга кириб кетгудек бўлардим.

Шу-шу синфдошларим мени “бир кўзли хотиннинг ўғли” деб устимдан куладиган бўлишди. Ўша пайтда, очиғи, шу ногирон аёлдан туғилганим учун ўз тақдиримга лаънатлар ўқирдим.

Бир куни онамнинг юзига тик боқиб, унга шу гапларни айтдим: “Қачонгача сиз туфайли ўртоқларимга кулги бўлиб юраман? Сиздек онам борлигидан ўла-ўлгунча ор қиламан! Сизнинг борлигингиз мен учун хақорат!” – деб баланд овозда қичқирдим.

Онам... жиммм, индамади. Ёлғиз кўзи билан менга термулиб қолди. Кейин орқасига ўгирилиб, маъюс тортганча нари кетди. Мен ўша пайтда айтган гапларимни мулоҳаза қиладиган ҳолатда эмасдим. Ғазабдан ўзимни қўйгани жой тополмадим. Шу пайтда онамнинг кўнгли, ҳис-туйғулари мени умуман қизиқтирмасди. Мен у билан бир уйда туришни истамасдим, зотан, бу уй ҳам аслида ижарахона эди.

Мактабни ҳам битирдим, сўнг тил ўрганиб, чет элга ўқишга кетдим.

Бироз яшагандан сўнг ўша ерда уйландим. Таниш-билишларимдан қарз олиб, ўзимга уй сотиб олдим. Кейин болаларимиз дунёга келди. Мен ҳаётимдан ўта мамнун эдим.

Онам ёдимдан ҳам кўтарилган эди. Бир куни онам менинг уйимни излаб, сўраштириб, топиб келибди. У неча йиллардирки, мени кўрмаган эди. Эшик олдида ўйнаб ўтирган болаларим аввалига бир кўзли кампирни кўриб, қўрқувга тушдилар. Кейин эса устидан кула бошлашди. Мен эса уларга: “бу аёл бувингиз”, дея олмадим. У остонамдан ҳатлаши билан: “нега келиб болаларимни қўрқитасиз?” деб дўқ билан ўшқирдим. Онам гуноҳкорона бош эгиб: “мен бошқа уйга келиб қолибман, узр”, деди-ю, чиқиб кетди.

Орадан яна йиллар ўтди. Бир куни собиқ синфдошларимдан мактуб олдим.

Хотинимга: “хизмат сафарига кетаяпман”, дедим-у ўша ёққа отландим.

Ижара уйимиз эшигини уй бекаси очди. У менга онамнинг вафот этганини айтди. Аввал хаёлан енгил тортгандек бўлдим. Кейин эса юрагимни тушуниксиз бир маҳзунлик чулғади. Уй бекаси уйидан бир конверт чиқариб берди.

Онам менга бериб қўйишларини тайинлаган экан. Дарҳол хатни ўқишга тутиндим:

“Жигарбандим, жигар гўшам, кўзимнинг оқ-у қораси! Соғ-саломат юрибсанми? Омонмисан? Эрта-ю кеч сени ўйлайман, сени дуо қиламан, болам, болажоним..! Уйингга бориб болаларингни қўрқитганим учун мен аҳмоқ онангни кечир.

Болажоним, сен кичкиналигингда отанг билан бирга автохалокатга учрагандинг. Отанг ўша пайтда ҳаётдан кўз юмганди. Сен эса..., бир кўзингни йўқотгандинг. Отангдан қолган уйни сотиб, ижара уйга кўчиб ўтдим. Уйнинг пулини жарроҳлик амалиёти харажатлари учун тўладим.

Жарроҳлар бир кўзимни ўйиб, сенинг қорачиқларинг ўрнига жойлаштирди.

Хайриятки, кўзларимиз бир хил экан. Ҳеч ким сенинг кўзинг бошқа бир вужуддан кўчирилганини сезмасди. Мен шу  пайтга қадар: “болам, сен менинг кўзим билан дунёни кўриб юрибсан”, дея олмадим. Дунёда бир ҳақиқат бор: сен менинг ўғлимсан. Менга шу етади. Сени жонидан ҳам яхши кўргувчи онанг!” деб ёзилган эди ўша хатда.

Мен шу кундан бошлаб ҳаётимда юз берган мудҳиш хотираларни эслаб, одамларнинг айтган гаплари юрагимга тиғдек ботиб, инсонларга нафратим кундан-кунга ортиб борди.

Мен нотавон ўғил..! Одамларнинг гаплари билан шунчалик худбинликка бориб, онаизоримни шу кўйларга солдим!

Минг ҳаракат қилмай, мени камситган одамларга бўлган нафратимни йўқота олмаяпман.

 

Mehrob.uz

сайтидан олинди.

Янгиликни бўлишинг: