"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Туманда бепул ҳуқуқий маслаҳат бериладиган “Мадад” ННТ ҳуқуқий-маслаҳат бюроси иш бошлади

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлигининг таклифига биноан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига  ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан  ташкил этилган “Мадад” — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган эди.

Ташкилотнинг асосий вазифаси фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Ундан ташқари, ташкилот томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни сафарбар этиш, фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳам амалга оширилади. Шу қаторда ташкилот масъуллари аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш билан ҳам шуғулланади.

Бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш билан бирга “Advice.uz”, яъни e-maslahat.uz ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини ҳам таъминлайди.

Ушбу  ҳуқуқий ахборот портали 2019 йил  апрель ойидан бошлаб, ишга туширилган бўлиб, унда жамоатчилик турмушининг ҳамма жиҳатларини ўз ичига олган асосий ҳуқуқий турдаги масалалар бўйича мингдан ортиқ контентлар жойлаштирилган. Мазкур портал орқали Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун имкониятлар яратилган. Бу ҳам  ўз навбатида аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишда яратилган қулайликларнинг бир кўриниши бўлиб ҳисобланади.  

“Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталига онлайн тарзда келиб тушадиган мурожаатларнинг классификациясига назар ташласак, улар асосан меҳнат муносабатлари, оилавий муносабатлар, уй-жой ва коммунал масалалар, фуқаролик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таьлим, суд-ҳуқуқ масалалари, тадбиркорлик, солиқлар, давлат хизматлари, транспорт, истеъмолчи ҳуқуқи ва бошқа соҳалар билан алоқадор саволлардан иборат.

Қарорга асосан, “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларини, шунингдек, туманларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюроларини босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, Амударё туманида жорий йилнинг январь ойидан ишга туширилди.

Ҳозирги кунда “Мадад” ННТ ҳуқуқий-маслаҳат бюроси томонидан туман аҳолисига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, керакли маслаҳатлар берилмоқда.

Туманда ўз фаолиятини бошлаган “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси фуқароларни қизиқтирган барча соҳалар, яъни меҳнат муносабатлари, оилавий муносабатлар, уй-жой ва коммунал масалалари, фуқаролик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таьлим, суд-ҳуқуқ масалалари, тадбиркорлик, солиқлар, давлат хизматлари, транспорт, истеъмолчи ҳуқуқлари кабилар бўйича юзага келган муаммоли вазият бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга доим тайёр.

Айгул Машерипова, “Мадад” ННТ туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси.

Янгиликни бўлишинг: