"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ШОҲ ВА ШОИP, МАТОНАТЛИ САPКАPДА З.М.БОБУP ДАҲОСИГА ЭҲТИPОМ КЎPСАТИЛДИ

Февраль ойи халқимиз, айниқса ўқувчи-ёшлар учун бири-биридан аҳамиятли саналарга бойлиги билан жуда файзли ўтади. Мазкур ойнинг илк кунлариданоқ буюк сўз санъаткори, миллий тилимизнинг асосчиси, ғазал мулкининг султони, йирик давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбирлар, тантанали мусиқий кечалар хотира маросимлари ўтказилиб, ўқувчи-ёшлар томонидан ташкиллаштирилган саҳна кўринишлари барчага қувонч ва шодлик улашди. Шунингдек, шоҳ ва шоир, матонатли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур даҳосига ҳам эҳтиром кўрсатилиб, умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасаларида турли тадбирлар ўтказилди.

Бобокалонимиз Бобур ижодига бағишлаб, 16-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган Бобурхонлик кечасида ҳам мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилаётганлигини ва севиб ўқилаётганлигини, жаҳон аҳли мутолаа қилаётганлигини таъкидладилар. Унинг шоир сифатидаги сиймоси ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймо эканлигини, кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолдирганини, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олганини фахр билан эътироф этдилар. Бобурнинг нафис ғазал ва рубоийлари шеъриятнинг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин», «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилганини ҳам тилга олдилар.

Ўз навбатида 8-синфлар ўқувчилари бу улуғ сиймонинг жаҳон адабий муҳитида тутган ўрни, давлат ишларини олиб боришдаги юксак  маҳорати ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, миллатимиз фахри бўлган буюк аждодимизнинг оила, фарзандлар тарбиясидаги намунали ибрати, ўз асарлари, айниқса, тарихий-мемуар жанрдаги “Бобурнома” асари орқали дунё маънавияти ҳамда тарихига қўшган улкан ҳиссаси ҳақидаги ўз билимларини намойиш этдилар.

Бобурнинг ёшлиги, илм-маърифат, давлат ишларини бошқаришдаги бетакрор қобилияти, миллий мумтоз адабиётимизга  қўшган катта ҳиссасини саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди. Айниқса, “Бобурнома” асаридан тайёрланган саҳна кўринишидаги тарихий лавҳалар, Бобурнинг ватанпарварлик руҳидаги, ишқ-муҳаббатни тараннум этувчи дилбар ғазаллари ҳар бир қалбда шоҳ ва шоир, буюк давлат ва жамоат арбоби, матонатли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига ва унинг бой адабий меросига ҳурмат ҳамда ихлос уйғотди.

“Биз Бобур издошларимиз” деб номланган мазкур маънавий-маърифий тадбирни ташкил этишда ўқувчи-ёшлар ўз устозлари Комила Худойберганова ҳамда Қундуз Ибодуллаевалар раҳбарлигида Бобур ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ тарихий воқеаларни пухта ўргандилар, асарларидан парчалар ёдладилар. Ғазаллар мазмун-моҳияти, шоир асарларининг тили, услуби бўйича қўшимча дарс-машғулотларда иштирок этдилар. Натижа эса кутилганидан зиёда бўлди.
Тадбир барчада Бобур адабий меросига меҳр-муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

P.ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: