"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ЎҚУВЧИНИ АНИҚ МАҚСАДЛАP САPИ ЕТАКЛАШ – БИЗНИНГ ВАЗИФАМИЗ

Баъзан ўқитувчилар ҳам, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам ўқувчиларнинг бирор касб-ҳунар ёки мутахассисликка қизиқмаётгани ҳақида айтиб, қўлидан телефон тушмаслигидан нолиб қолишади.

Шу вақтгача мен мактаб амалиётчи руҳшунос ўқитувчиси сифатида уларга қандай жавоб берсам экан, болани келажагига бундай  лоқайдлик, телефонга боғлиқликдан қандай қутқарса бўлади, деб кўп ўйлар эдим.

Шу йил 6 февраль куни мактабимизнинг юқори синфлари ўқувчиларининг туман ҳокими С.Йўлдашев билан учрашуви ва биргаликда  “Амударё соҳили” фермер хўжалигига қарашли чорвачилик комплексига бориб, хўжалик аъзоларининг четдан наслдор қорамоллар олиб келиб, чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш борасида олиб бораётган ишлари билан танишуви натижасида ўқувчиларимизнинг айнан ушбу соҳага қизиқишлари ортганини сезиб, аслида уларни бирон касбга ёки мутахассисликка қизиқишларини уйғота олмаган ўзимиз айбдор эканлигимизни  англадим. Ўша учрашувдан сўнг ҳам бир неча кунгача ўқувчилар таассуротларини қайта-қайта эслаб юришди.

Туманимиз раҳбарининг чорвачилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини  бошлаш  истагида бўлган битирувчиларга ҳукуматимиз томонидан кўпгина имкониятлар яратилаётгани ҳақидаги сўзлари уларнинг кўнглида соҳага умид, иштиёқ уйғотди. Шунингдек, “Шу элнинг равнақига ҳисса қўшаман, ишлайман” деган ёшларни доимо  қўллаб-қувватлашга тайёрман” деган сўзлари уларни тўлқинлантириб юборди.

Менинг назаримда, туманимизда турли соҳаларда тадбиркорлик фаолияти туфайли ё олий ўқув юртларида ўқиб, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳалол меҳнати туфайли улкан ютуқларга эришган, обрў-эътибор қозонган кишилар билан учрашувлар, суҳбатлар ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш ўқувчиларнинг касб-ҳунарга, билим  олишга қизиқишлари ошишига замин яратади. Шундай тарзда уларнинг келажаги ҳақида ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишига эришишимиз мумкин. Мақсадлар эса ўқувчини интилишга, курашишга ундайди ва лоқайд ўқувчилар муаммоси ўз-ўзидан барҳам топади.

Мунира ЎPОЗБОЕВА,
33-мактаб амалиётчи психологи.

Янгиликни бўлишинг: