"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

БИP ҚЎШИҚ ЖОЗИБАСИ

Бир қўшиқ таралаяпти.

Не-не қалбларни сеҳрлаб, кўнгилларни сел қилиб, юракларга ҳузур-ҳаловат, роҳат-фароғат бахш этиб, эзгуликларга чорлаб, руҳият иқлимларига аъло кайфият ато этиб, мумтоз шеъриятимизнинг беадад хазинасига мансуб бебаҳо дурдона билан ошно қилиб янграяпти бу қўшиқ!

Зулфунг очилиб орази дилжў била ўйнар,

Хиндубачае шўхдурур сув била ўйнар.

Қўшиқ давом этгани сари овоз кучайтиргич ёрдамида ижро этиладиган “замонавий” аталмиш қўшиқларнинг қулоқни батанг этувчи товушига ўрганган айрим тингловчиларда ҳам бу жонли ижро қизиқиш уйғота борди.

Ҳофиз эса вужудининг ҳар бир ҳужайраси билан куйлаётгандай, қўшиқ  сўзларига маст бўлиб, ғазал руҳиятининг уммонига шўнғиб борар эди. Пардадан пардага, байтдан байтга ўтган сайин қўшиқнинг сеҳрли жозибаси тингловчиларнинг диққатини бутунлай жалб қилар эди. Бунда шоирнинг ушбу сатрлари ўз тасдиғини топгандай эди:

Ҳофиз авж пардада куйлагани чоғ,

Гўёки тахтида ўтирган подшоҳ.

У сенга жонини беришга тайёр,

“Оҳ” чеккан чоғида торта олсанг “оҳ”.

Мумтоз шеъриятимизни севган, буюк аждодларимизга мансуб шоирларимизнинг ғазаллари жон-дилига сингиб кетган мухлислар бу ижрочи қиёфасида ўзлари етолмаган мақсадга – ғазални куй жўрлигида маромига етказиб, ўзига ҳам, тингловчига ҳам манзур қила оладиган даражада ижро қила олишга – эришган инсонни топганларидан хурсанд эдилар.

Бу қўшиқ ижрочиси, туманимиздаги иқтидорли хонандалардан бири – Тўлибой Йўлдошев ҳам бу даврада қўшиқнинг қадрига етувчи мухлислар топганидан бениҳоя шод эди ва бу туйғу янада жўшиб куйлашга ундарди. Қўшиққа қўшиқ улана борди.

Сўз ва мусиқа уйғунлигини, сўзни тўғри англаш, бу сўз замирига яширинган маъноларни ҳис қилиш, мусиқани тушуниш, лозим бўлса, улар дунёсида яшашни қисмат билган ҳофиз гўё уқтираётгандай:

“Ҳаётга бир марта келасан, шу вақтгача неларни англадинг, нелардан баҳраманд бўлдинг, қарабсанки, ҳали кўп нарсага эришмабсан, демак, комиллик истасанг, мана сенга имконият – буюк аждодларимизнинг меросини ўрган, англашга интил ва шулар орқали ўзингдан баландроқ кўтарил, ҳаётнинг маъносини англа, гўзаллигини топишга ҳаракат қил ва буни ёш авлодга ҳам ўргат!”.

Мухлисларимизни ром этган, ижоди умуммаънавият хазинаси, миллий маънавиятимизнинг қомуси бўлган Навоий қаламига мансуб ушбу ғазал сеҳрини англамоқ мақсадида уни таҳлил қилишга уриниб кўрамиз:

“Бадоеъ ул-васат” девонининг 166-ғазали шу матлаъ билан бошланади:

Зулфунг очилиб, орази дилжў била ўйнар,

Ҳиндубачае шўхдурур, сув била ўйнар.

Навоийнинг ўрта ёш лирикасига мансуб бу ғазал шоирнинг шу даврдаги камолотини, ўрта ёш гўзалликларига мафтунлигини ва эҳтирослари акс этганлигини ифодалаб турибди.

Асарнинг мазмуни бир қараганда маъшуқа жамолини таърифлашдай кўринади. Аммо ундаги таъриф анъанавий тавсифий ғазаллардан кескин ажралиб туради. Маъшуқадаги ҳар бир хусусият таърифи маълум бир қиёсий тасвир асосига қурилган, чунки мумтоз ғазалнависликнинг асосий шартларидан бири ғазалнинг ҳар бир байтида бир шеърий санъат намунаси ҳамда бир янгилик бўлиши керак. Зулфнинг эшилиб, силкина-силкина юз теграсида ўйноқлаши шунчаки қуруқ тасвирланмай, унга ҳаётий тамсил (ўхшатиш) топилган.

Тамсил усулида сув билан ўйнаб турган ҳиндубачани зулфга ўхшатади. Бу қиёсга ҳиндубача ва зулфнинг икки ўхшаш белгиси – қоралиги ва шўхлиги асос бўлади. Шунингдек, бу ўхшатишдан маъшуқа юзининг сувдай тиниқ, мусаффо ва ҳаётбахшлиги аниқ англашилади. Шоир ғазалнинг мазмунига мос, шўх ва ўйноқи оҳанг танлаган.

Ғазалнинг мумтоз қўшиққа айланиши ва халққа манзур бўлишида ҳам мана шу ҳолат муҳим аҳамиятга эга. Ғазал радифига “ўйнамоқ” феъли танлангани ҳам бежиз эмас. Бунинг сабаби, ғазал мазмуни ва бадиий тасвир мослигига эришишга интилишдан иборатдир.

Зулфнинг болаларга хос ўйинқароқлиги тасвири кейинги байтларда ҳам ўша маромда сақланган:

Ул шўх кўнгил лавҳин этиб тийра нафасдин,

Бир тифлдур, алқиссаки, кўзгу била ўйнар.

 

Ўйнай-ўйнай боғлади уй-қумни фусундин,

То ғамзаси ул наргиси жо-ду била ўйнар.

Ҳаётий лавҳалар билан қиёслаб тасвирлаш, тамсил усули бу ғазалда услубий воситага айланган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Навоий поклик, беғуборлик, ўйинқароқлик, чаққонлик каби болаларга хос хусусиятлардан кўпгина ғазалларида фойдаланган.

Масалан:

Қалағай сафҳада руқъангни кўруб оқти ёшим –

Тифлдекким, югурур кўрса мулавван кўпалак

байтида “руқъа” – хат, мактуб, “тифл” – ёш бола, “мулавван” – ранг-баранг, “кўпалак” – капалак. Ошиқ ёрининг мактубини ўқир экан, унинг кўзларидан томаётган соғинч ёшлари мактуб битилган оппоқ қоғозга томиб, унинг четларига, ҳошиясига томон сирғалиб кетади, бамисоли ёш бола қанотлари гулранг капалакни қувлаб кетаётгандай.

“Қалағай сафҳа”ни ҳам қадимда атрофи гулдор ҳошияли рўмолнинг “қалағай рўмол” деб аталишини луғатлар орқали билиб олганимиздан кейин атрофи рангли гулдор ҳошияли, лирик қаҳрамоннинг мактуби битилган оқ қоғоз эканлигини тушуниб оламиз.

“Тифл”, “ҳиндубача”, “муғбача” тимсоллари Навоий ғазалларида кўп учрайди.

Навбатдаги байтда маъшуқанинг кўзи тасвирланади:

Тонг йўқки, кўзинг бўлса кўнгил бирла мулойиб,

Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйнар.

Байтнинг мазмунини шундай ифодалаш, мумкин: “Сенинг кўзинг менинг кўнглим билан ўйнашгани таажжубланарли эмас, чунки Мажнуннинг оҳу билан ўйнаши табиий”. Бундан яна шуни англаса бўладики, шоир маъшуқанинг кўзи оҳуники сингари гўзал, ўйноқи эканлигини, шунингдек, лирик қаҳрамон кўнглининг мажнунҳоллигини ҳам сўз орасида тасвирлаб ўтган.

Маъшуқа юзидаги хол ҳам ҳаётий асосларда акс этган ҳолда тасвирланади:

Бир лўлийи бозигар эрур чанбар ичинда,

Холингки, ўшал ҳалқайи гесу била ўйнар.

Бу байтда таърифланаётган холнинг жозибадорлиги ёрнинг тебраниб турган сочлари орасидан ўйнагандай бўлиб кўринаётгани чамбарак ичида ўйин кўрсатаётган лўливаш гўзалга таққосланган.

Мустақиллиги билан ажралиб турувчи, мақтаъ (охирги байт)дан олдинги байтда шоир зоҳидга танқидий муносабатини тамсилий  усулда қистириб ўтади:

Зоҳид ила нафс этса тамасхур, не ажабким,

Ит сайд қилур вақтида тулку била ўйнар.

Бу байтда итнинг ов чоғида тулки билан ўйини лавҳаси зоҳиднинг нафсга муносабатини очиб беришига хизмат қилган. Байт заминига нафснинг тулкидек ҳийлагарлиги ҳам сингдирилган. Нафснинг кучи, уни енгиш осон бўлмаслиги, бошқа мумтоз шоирлар, хусусан Паҳлавон Маҳмуднинг ушбу рубоийсида ҳам ўз аксини топган.

Ўз нафсингга бўлсанг амир – шунда мардсан,

Ўзгаларга бўлма ҳақир – шунда мардсан.

Йиқилганни тепиб ўтмоқ мардлик эмас,

Афтодага бўлсанг дастгир – шунда мардсан.

Ғазал ихлосмандларини жуда қизиқтириб келган тилсимлардан бири еттинчи, тугалланма байтнинг мазмунидир.

Муғ дайрида маст ўлса, Навоийни кўрингким,

Бир олма киби гунбази мину била ўйнар.

Бир қарашда байтнинг мазмуни жуда соддадек туюлади. Гўёки “Майхонада маст бўлган чоғида Навоийни кўрингки, у олам гумбазини қўлида бир олма каби ўйнатиш қудратига эга бўлади”.

Аммо ғазал мақтаъсининг фалсафий тус олиши Навоий ғазалиёти учун умумий хусусият эканлигига кўп бора амин бўлган ғазалхоннинг бу шарҳдан кўнгли тўлмайди.

Мумтоз шеърият тадқиқотчилари бўлган олимларимизнинг фикрича, бу байт ичида сўфиёна мазмун яширинган. Бу фикрларга кўра байтдаги “муғ” – маънавий майхона, унда маст бўлиш – Ҳаққа эришиш тимсолидир. Бунда маънан шу даражага эришган лирик қаҳрамоннинг олам гумбазини бир олма каби ўйнаши (борлиқни маънавий жиҳатдан тугал англаб етиши)ни аниқроқ тасаввур этиш мумкин.

Ғазал ёзишдаги мақсадига эришмоқ учун Навоий кўп марта зулф тасвирига мурожаат қилган. Фикримизнинг исботи сифатида турли ғазаллардаги ушбу байтларни келтиришимиз мумкин:

Икки зулфунг телба кўнглумға қаронғу кечалар,

Заъфдан беҳудлуғум уйқу анча бу кечалар.

Ёки:

Икки зулфунг тўлғонур ҳар дам сабо таҳрикидин,

Икки ҳинду нағма бирла зоҳир этгандек усул.

Ғазалдаги ҳар бир сўз, ибора, ташбеҳ тасвирланаётган манзара ёки тимсолга қанчалар муносиблиги ўқувчида завқ уйғотувчи, ҳайратга солувчи хусусиятга эга. Бунга қўшимча равишда эса ғазал сўзига мос мусиқани моҳирона чалувчи созандалик, ғазал сўзларини соҳир овозда куйловчи хонандалик иқтидорига эга ҳофиз Тўлибой Йўлдошев ҳам ўз ижролари билан янада юксак парвозларга элтувчи қанот бағишлаб келмоқда. Зеро, ҳар бир ғазал ёки шеърнинг мухлис қалбини забт этишида унинг мусиқа билан уйғунлашуви ва моҳирона куйланишининг аҳамияти бениҳоя каттадир.

Амударё туманининг А.Темур номли овули ҳудудида туғилиб, вояга етган Тўлибой ўрта мактабни тугаллагач, 1986 йилда Нукус шаҳридаги Ж.Шомуродов номли билим юртига ўқишга кирди. Ўзидаги ихлос ва иқтидорига кўра, назарга тушиб, устозлар олқишига сазовор бўлди. Шунинг натижасида 1988 йилда Москвада ўтказилган Иттифоқ ёшлари фестивалига қатнашган Ўзбекистон делегацияси аъзолари қаторида Қорақалпоғистон вакиллари, жумладан, О.Худойшукуровлар билан биргаликда қатнашди ва ўз истеъдодини қўшиқлар куйлаш орқали намойиш қилди.

Т.Йўлдошев 1992 йилдан буён туманимиздаги 4-мактабда мусиқа фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб, шогирдларини санъат олами билан таништириб, устозлик қилиб келмоқда.

Ўзига талабчан бўлганлиги сабабли ўз билим ва малакасини ошириш мақсадида 2017 йилда Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институтига ўқишга кириб, ўқиш ва иш жараёнини бирга олиб бормоқда.

Изланишлар туфайли Тўлибойнинг репертуари тобора бойиб бормоқда.

А.Навоий, Бобур, Огаҳий ғазаллари билан айтиладиган мумтоз, дурдона асарлар, замонавий шоирлар шеърлари асосида яратилган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, тожик тилларидаги қўшиқлар билан бирга афғонча тароналар ҳам унинг ижросида дилтортар наволар сифатида кишини мафтун этади. Тўлибойнинг машҳур ҳофиз ва бастакор Абдулазиз Имомов ижодига ҳам ихлоси ниҳоятда баланд. Шу сабабдан ҳофиз қўшиқларини ўрганаётган пайтда устоз яшаган, ижод қилган муҳит билан танишиш мақсадида 2014 йилда Термиз шаҳрига бориб А.Имомовнинг хонадонида меҳмон бўлиб, унинг оила аъзолари билан танишиб, устозга бўлган ҳурмат-эҳтиромини билдириб, ижод мактабидан сабоқ олиб қайтди.

Т.Йўлдошевнинг ўз маҳорати ва билимини ошириш, репертуарини бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кўриб, келгусида улуғ санъаткорлар сафидан жой олишига, муносиб издош бўлишига ишонч пайдо бўлади.

Атоқли ҳофиз Шерали Жўраевнинг фаолияти ҳақида гапирар экан, адабиётшунос, профессор Нурбой Жабборов: “Сиз ўз ижодингиз билан Навоийни халққа шунчалик яқин қилдингизки, бу хизматингиз шоир ўз қўли билан тўн кийдиришига арзийди”, деган эди.

Тўлибой Йўлдошев ҳам шоир ғазаллари билан куйланадиган қўшиқларни айтиб, Навоий асарларига эътибор ва эҳтиромни кучайтираётган экан, албатта, катта мукофотларга сазовор бўлишга арзийди.

Бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистонимиз бутун дунё афкор оммаси назарида юқори мавқега кўтарилаётган пайтда олдимизда юртимиз келажаги бўлган ёшларнинг тарбиясига эътибор, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш вазифаси турар экан, буни адо этишда асосий манбалардан бири аждодларимизнинг маърифий, фалсафий ва бадиий мероси бўлмоғи лозим.

Юртбошимизнинг Парламентга Мурожаатида кўрсатилган вазифаларни адо этишда ҳам асосий фаолиятнинг дебочаси юртимизни бутун дунёга танитган алломаларимиз қолдирган бебаҳо меросни ўрганишдан иборат бўлиши керак. Шунда ҳамма ишларда муваффақиятларга эришувимизда буюк ватандошларимиз руҳи бизга мададкор бўлади.

Машҳур шоиримиз Э.Воҳидов: “Киши фарзандларининг камолга етишида қанча кўп жон куйдирса, отаси олдидаги қарзидан қутула боради”, деган эди. Демак, биз фарзандларимиз олдидаги бурчимизни қанчалик чуқур ҳис қилсак, ҳаракатларимиз йўналиши шунчалик аниқ бўлиб бораверади.

Аҳмад НАФАСОВ,

мустақил тадқиқотчи.

Янгиликни бўлишинг: