"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ТУМАНИМИЗДА ҒАЛЛАЧИЛИК КЛАСТЕPИ ТУЗИЛДИ

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига жорий этилаётган ислоҳотлар маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга ва сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Албатта, соҳадаги ишларни илм, фан ютуқларидан ва жаҳон илғор тажрибаларидан унумли фойдаланган ҳолда ташкил этиш ҳам жуда муҳим.

Жорий йил бошида туманимизда таъсисчи “Тўлқинли Исмоил чорвадор” фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Маткаримов бошчилигида “AMU RICH HARVEST” ғаллачилик кластери ўрнатилган тартибга кўра, 2020 йил ғалла ҳосилидан бошлаб, ташаббускорнинг бевосита ўз хўжалигига қарашли ер майдонларида ҳамда бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида тузилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 сентябрдаги “Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 806-сонли Қарорига мувофиқ ташкил этилган ғаллачилик кластери раиси Шуҳрат Маткаримов туманимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан 1500 гектар ғалла майдони келажаги учун шартнома имзолади.

Экилган буғдой далаларидан кўзланганидай ҳосил олиш учун барча фермер хўжаликлари ҳудудларидаги буғдойлар агротехника қоидаларига мувофиқ озиқлантирилди. Хусусан, “Аму соҳили” фермер хўжалигида уруғ сепилган вақтда ҳар гектар ҳисобига 400 килограммдан фосфор берилган эди.

Айни кунларда эса “Тўлқинли Исмоил чорвадор” чорвачиликка  ихтисослашган фермер хўжалиги молхоналаридан маҳаллий ўғит олиб чиқилиб, қиш чилласида ҳам бир текис ям-яшил бўлиб турган  буғдойзорларга сепилмоқда, жараённинг ҳаммаси замонавий техникалар ёрдамида бажарилмоқда. Вақтида озиқлантирилган, суғорилган буғдой далаларидан 70-80 центнердан ҳосил етиштириш имконияти яратилади.

Ғаллачилик кластерига  қарашли ғалла майдонларида етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш учун ҳам техникаларни, комбайнларни шай қилиб қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Айтиш мумкинки, “Тўлқинли Исмоил чорвадор” фермер хўжалиги туманимизда четдан илк зотдор моллар келтирилиб, чорвачилик ривожига улкан ҳисса қўшган чорвачилик хўжаликларидан ҳисоблади.

Ғаллачилик кластерига асос солган  мазкур хўжалик раҳбарияти келгусида кластер усулида етиштирилган ғаллани қайта ишлашни йўлга қўйишни ният қилган. Яқин кунларда Туркиядан замонавий ун тегирмонини олиб келиб ўрнатишни, маҳсулотни қайта ишлаш орқали ғалла етиштирувчилар даромади юқори бўлишини таъминлашни режалаштирилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги туманимиз иқтисодини юксалтиришда, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу йўналиш билан боғлиқ ҳисобланади. Юқори ҳосилдорлик ва тўкинлик гарови бўлган кластер усули эса бу борада самарадорлик юқори бўлишига ва ҳосилдорлик янада ортишига хизмат қилади.


О. Pажабова.

Янгиликни бўлишинг: