"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10209.9 +1.30
  • 1 EUR = 12021.1 +125.00
  • 1 RUB = 137.46 -5.37

Таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури намойиш этилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларга эътиборни янада кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида илгари сурган 5 ташаббус ғояси фикримизнинг исботидир. Мамлакатимиз бўйлаб мазкур 5 ташаббусни кенг тарғиб қилиш юзасидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда ҳам бу борада тегишли чоралар белгиланиб, турли тадбирлар ўтказилиб борилмоқда.
Яқинда беш ташаббуснинг биринчиси ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида 16-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида машҳур санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Ёшлар учун ташкил этилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистонда хизмат  кўрсатган артистлар  Муҳаббат Нуржанова, Pаджив Отажонов ҳамда эстрада юлдузлари  Pуҳия Алланиёзова, Қувват Аметов ва Арслонбек Асқаровлар ўзларининг ажойиб куй-қўшиқлари билан иштирок қилдилар. Дастлаб хонандалар йиғилганлар билан самимий суҳбат ўтказиб, мусиқа  санъати ҳақида қизиқарли маълумотлар бердилар.

Таъкидланганидек, мусиқа инсон маънавий дунёсига, бадиий-эстетик диди ва эҳтиёжлари ўсишига бир хил бўлмаса-да, кўтаринки таъсир этади. Мусиқа санъати бошқа санъат турларига қараганда ёшлар тарбиясига кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатади. Яхши куй-қўшиқ инсон қалбининг нозик торларини чертиб, унга маънавий қувват бағишлайди. Агар у Ватан мадҳига, юрт шаънига бағишланган бўлса, аҳамияти янада юксалади.

Ўқувчилар ўзларининг мусиқа санъатига оид бўлган ҳамда санъат соҳасини эгаллаш учун нималар қилиш лозимлиги юзасидан берган саволларига тўлиқ жавоблар олдилар.

Шундан сўнг, хонандалар ўзларининг ижодидаги энг сара куй-қўшиқларни ижро қилдилар. Янграган дилтортар оҳанглар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Мазкур тадбир ўқувчи ёшларнинг мусиқа санъатига қизиқишларини янада оширди.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: