"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10209.9 +1.30
  • 1 EUR = 12021.1 +125.00
  • 1 RUB = 137.46 -5.37

“Аждодлар мероси мангу муқаддас” номли бадиий кеча ўтказилди

Алишер Навоий туркий тил асосчиси, улуғ мутафаккир шоир, олим. Нафақат ўзбек мумтоз адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам ўзининг бетакрор асарлари билан ўчмас ном ҳамда авлодлар маънавиятини юкслатирувчи буюк мерос қолдирган. Бутун мамлакатимизда адабиёт, сўз санъатининг моҳир устаси Низомиддин мир Алишер Навоийнинг таваллуди куни муносабати билан турли хил тадбирлар ташкил қилинади. Ушбу тадбирларда буюк сиймо Алишер Навоий хотирланади, эъзозланади ҳамда эҳтиром кўрсатилади.

Туманимизда ҳам ушбу сана кенг миқёсда нишонланади. Барча таълим масканларида адабий-бадиий кечалар ташкил қилиниб, ўқувчилар турли чиқишлар билан мозийга саёҳат қилишади. Шу каби ажойиб тадбирлардан бири туманимиздаги 60-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.

“Аждодлар мероси мангу муқаддас” дея номланган тадбирни мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Ғаниева очди ҳамда олиб борди. Устоз ўз сўзида, Алишер Навоийнинг ўзбек мумтоз адабиётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти, жаҳон халқларининг машҳур олимлари томонидан адибнинг асарларини кўплаб чет тилларига таржима қилинганлиги, севиб мутолаа қилиниши ҳамда мутафаккир асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Бадиий кечада мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этишди. Билимга чанқоқ ўқувчилар ўзларининг Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, айниқса, шеъриятига бўлган қизишларини, билимларини намойиш қилишди ҳамда мутафаккир ижод маҳсулларидан намуналар келтиришди. Мактабнинг 5-синф ўқувчилари адибнинг рубоийларидан ва “Хамса” асарининг биринчи достони, ахлоқий-дидактик руҳда ёзилган асар “Ҳайрат ул аброр”дан парчаларни йиғилганлар эътиборига ҳавола қилдилар. Шунингдек, 6-синф ўқувчилари Навоий ҳикматларидан намуналар келтирдилар ҳамда ўзбек адабиётининг забардаст вакили Миркарим Осимнинг адиб болалигига бағишланган “Зулмат ичра нур” асаридан саҳна кўринишларини ижро қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий ўз асарлари билан жаҳон шоир-у мутафаккирларини лол қолдирган. Дунёнинг машҳур кишилари ўз асарларида буюк сиймога ажойиб таърифлар келтириб ўтганлар. Бу эса мактабдаги изланувчан 7-синф ўқувчиларининг диққатини тортди. Ўқувчилар ўз чиқишларида жаҳоннинг машҳур кишиларининг Навоийга берган таърифларини келтириб, Алишер Навоийга бағишлаб ёзилган шеърлардан намуналар айтиб, у ҳақидаги асарлардан саҳна кўринишлари намойиш қилдилар.

Ундан ташқари, 8-синф ўқувчилари Навоий шеъриятидан ғазаллар ҳамда рубоийлар айтишиб, шеърият гулшанига саёҳат қилдилар. Ўқувчилар шоирнинг “Келмади”, “Бўлдум санга”, “Бол”, “Қилғил” ва “Дейин” радифли ғазалларини ифодали тарзда айтишиб, ғазалларнинг мазмуни ҳақида тушунчалар бердилар. 9-синф ўқувчилари эса Навоий ижодининг гултожи бўлган “Хамса” асарининг тарихи, асар таркибидаги достонларда акс этган мазмун-моҳият ҳақида маълумотлар келтирдилар.
Адабий-бадиий кеча барча иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, адабиётга, сўз санъатига қизиқишларини янада оширди.

Чарос Арслонова.

Янгиликни бўлишинг: