"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

“Навоий сиймосига улуғ эҳтиром” номли тадбир бўлиб ўтди

Алишер Навоий - ўзбек халқининг улуғ шоири ва буюк мутаффакири бўлиб, унинг номи дунёнинг энг машҳур шоирлари қаторида тилга олинади. Навоий бутун ижодий фаолиятини инсониятнинг бахти учун курашга, халқнинг осойишталиги, ободончилик ишлари, санъат ҳамда адабиёт тараққиётига бағишлади.

Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онг-у шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

9 февраль санаси буюк сиймо таваллуди сифатида ҳар йили кенг миқёсда нишонланади. Барча таълим муассасаларида абабий-бадиий кечалар ташкил қилинади.
Хусусан, туманимиздаги 65-сонли умумтаълим мактабида ҳам Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабатига бағишланган бадиий кеча бўлиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бундай тадбирлар ташкил қилиниши улуғ бобокалонимизнинг бой адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этишни кенг йўлга қўйиш, ўқувчи-ёшлар қалби ва онгига Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини, бадиий хусусиятини ва тарбиявий аҳамиятини чуқур сингдиришга хизмат қилади.

Шу мақсадда ўтказилган “Навоий сиймосига улуғ эҳтиром” дея номланган тадбирда мактабнинг 6-синф ўқувчилари ажойиб чиқишлар қилдилар. Бадиий кеча 6-“Б” синф ўқувчилари ҳамда синф раҳбари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилноза Худойберганова ташаббускорлигида бўлиб ўтди. Тадбирни мактабнинг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Насруллаев очиб берди ҳамда мутафаккир истеъдоди ва ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Бадиий кеча бошида ўқувчилар буюк сиймо машаққатли ҳаёти ҳамда бетакрор ижоди хусусида қизиқарли маълумотлар баён қилдилар.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий ҳам шеъриятда, ҳам насрда мислсиз маънавий мерос қолдирди. Унинг асарларини бутун жаҳон халқлари севиб мутолаа қилади. Навоий ижодининг гултожи, туркий тилда ёзилган илк “Хамса” асари бешта достонни ўз ичига олиб, булар “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Саббаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонларидир.

Шунингдек, Навоий асарларининг барчасида асосий мавзуси комил инсонни тарбиялаш бўлиб, бунга эса фақатгина илм ўрганиш орқалигина эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, халқимизнинг улуғ мутафаккири, маърифатпарвари ва буюк шоири Алишер Навоий ёшларни тарбиялаш ишига алоҳида эътибор берган. У ҳар бир асари орқали фарзандларни илм-ҳунарни, меҳнатни севишга ундаб, ўрганилган илм ва ҳунарни халқ, Ватан равнақи йўлида сарф қилиш зарурлигини уқтирган.

Бадиий кечада ўқувчилар Алишер Навоий ғазаллари, рубоийларидан парчалар айтдилар. Шунингдек, ўқувчилар томонидан Навоий ва Гули суҳбати, Ҳусайн Бойқаро ва Навоий суҳбати саҳна кўринишлари ижро қилинди. Кечада иштирок этаётганлар саҳна кўринишларини мароқ билан томоша қилдилар. Айниқса, синф қизлари ижросидаги “Бибихоним” рақси барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбирда нафақат ўқувчиларнинг, балки иштирок қилаётган бошқа фанлар ўқитувчиларининг адабиётга ва бадиий сўз санъатига бўлган қизиқишлари янада ошди.
Бадиий кеча барчада катта таассурот қолдирди.

Чарос Арслонова.

Янгиликни бўлишинг: