"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

“Улуғ мутафаккир хотирасига эҳтиром” номли бадиий кеча ўтказилди

Туманимиздаги барча таълим муассасалари қаторида 53-сонли умумтаълим мактабида ҳам ғазал мулкининг султони Низомиддин мир Алишер Навоий таваллуди кенг нишонланди.

Таълим масканида 9 февраль Алишер Навоий таваллудига 579 йил тўлиши муносабати билан ажойиб байрам тадбири ташкил этилди.  

Айтиш жоизки, адиб ўзбек мумтоз адабиётида муносиб из қолдирган. Унинг буюк мероси авлодлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда. Тадбирни очиб берган мактаб директори Ҳакимбой Мадаминов Навоийнинг авлодларга қолдирган маънавий мероси, унинг лирик ҳамда насрий асарлари хусусида сўзлади.
Таъкидланганидек, улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб келмоқда. Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлиги-ю теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймодир.

Шунингдек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида шоир хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.

Бадиий кечада мактабнинг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Нуриммат Эшбоев сўзга чиқиб, ўқувчиларни шундай буюк аждодларга муносиб фарзанд бўлишга, ўқиб, илм ўрганиб келажакда Ватан равнақига ҳисса қўшадиган авлод бўлишга даъват қилди. Шунингдек, шоирнинг тенгсиз маънавий меросини қунт билан ўрганишга, асарларидаги чуқур маъно-мазмунни англаб, дунёқарашларини янада кенгайтиришга чорлади ҳамда у зотнинг таваллуди санасини муносиб нишонлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини алоҳида таъкидлади.  

Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг таваллуд айёми халқимиз, бутун дунё учун адабиёт байрами, десак, арзийди. Боиси, Алишер Навоий ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этган. Ҳазратнинг сўз мулкининг султони, деб аталиши ҳам бежиз эмас. Шу пайтгача дунё адабиётида улуғ мутафаккир бобомизчалик бирон ижодкор ўз ижодида кўп ва хўб сўз ишлатган эмас. У кишининг маънавий мероси халқимиз учун битмас-туганмас хазинадир.

Тадбирда ўқувчилар томонидан шоирнинг ғазаллари, рубоийларидан парчалар айтилди. Ўқувчилар адибнинг насрий асарларидаги қаҳрамонлар образларига кириб қизиқарли саҳна кўринишларини ижро қилдилар. Бадиий кечани мактабнинг деярли барча фан ўқитувчилари юқори қизиқиш билан томоша қилдилар. Ўқувчи қизларнинг Навоий ғазалларига басталанган қўшиқларига ижро қилган рақслари барчага кўтаринки руҳ бағишлади.
Бадиий кеча Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан якунланди.

Чарос Арслонова.

Янгиликни бўлишинг: