"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

ТУМАН МАДАНИЯТ МАPКАЗИДА НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 579 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида, мактабгача таълим ташкилотларида, барча маданият муассасаларида сўз мулкининг султони, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда ўзбек мумтоз адабиётининг улуғ намояндаси ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг сўз юритилмоқда, асарларининг халқчиллиги, улкан  тарбиявий аҳамиятга  эга эканлигига юқори баҳо берилмоқда, ёшлар Навоий асарларини ўқиб-ўрганишга даъват этилмоқда.

Шу йилнинг 8 февралида туман Маданият маркази томошалар залида бўлиб ўтган “Ғазал мулкининг султони” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ҳам мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланди.

Тадбирда Манғит шаҳрида жойлашган мактаблар ўқувчилари, ўқитувчилари, шунингдек, бўлим ходимлари, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари, ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни бўлим мутахассиси Ойбек Бегимов очди ва олиб борди.
Йиғилганлар дастлаб 16-сонли ИДУМ ўқитувчиси Севара Болтабоеванинг Навоий бобомизнинг қайноқ ижод жараёни билан кечган ҳаёти, замона зайли туфайли чеккан машаққатлари, энг муҳими, шундай оғир шароитда ҳаёт кечирса-да, дунё илм-фанига қўшган беназир ҳиссаси ҳақидаги маърузасини тингладилар. Шунингдек, маърузада мамлакатимизда ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг ўлмас мероси, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ёшларнинг бу борадаги билимини бойитиш ва рағбатлантириш мақсадида кўрик-танловлар, маънавий-маърифий кечалар ўтказилаётганлиги, хусусан,  Алишер Навоий меросини кенг ва атрофлича ўрганиш, уларнинг асарларида улуғланган ғоялар мазмунини халқимизга етказиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шундай сўнг, туман Маданият маркази мутахассиси Ойбек Бегимов режиссёрлигида 16-,30-,38-,40-сонли мактаблар ўқувчилари иштирокида Навоий асарларидан саҳналаштирилган кўринишлар намойиш этилди. Ўқувчиларнинг улуғ адиб ғазал, рубоий ва бошқада жанрлардаги назмий асарларини юксак маҳорат билан ифодали ўқиганлари – уларнинг шоир ижодига ҳурмат-эҳтиромининг ифодаси бўлди десак, адашмаймиз.
Тадбир Навоий шеърлари, ғазаллари билан айтилувчи мусиқий дастур билан давом этди.

Таниқли хонандалар Анвар Худойберганов, Муроджон Ибрагимов, шунингдек, Фарҳод Худойберганов, Сайфулло Гулмонов, Хурсанд Шукуруллаев ва 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижро этган қўшиқлар, куйлар барчага манзур бўлди.

Маънавий-маърифий тадбирда йиғилганлар бу саҳналаштирилган дастур орқали Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти бўйича янада кўпроқ маълумотга эга бўлишди. Улар қалбига Навоий ижоди, унга эҳтиром туйғулари яна ҳам чуқурроқ жойланди, тасаввурлари бойитилди, яна ҳам теран ўқиб-ўрганишга иштиёқ уйғотди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: