"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

“Ғазал мулкининг султони” мавзусида очиқ дарс ташкил қилинди

Мамлакатимизда улуғ мутафаккир шоир, ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос ўринга эга бўлган инсон Алишер Навоийнинг таваллуд айёми кенг миқёсда нишонлаб келинмоқда. Айниқса, таълим муассаларида турли хил тадбирлар, адабий-бадиий кечалар ташкил қилинмоқда.

Туманимиздаги барча таълим масканлари қаторида бизнинг 69-сонли умумтаълим мактабимизда ҳам ушбу сана муносиб нишонланди. Мактабимизда юқори синф ўқувчиларининг бадиий кечаларидан ташқари, бошланғич синфларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган очиқ дарслар ҳам ўтказилди.

Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилноза Бобожонова эса очиқ дарс ташкил қилди. Шоир таваллудининг 579 йиллигига бағишланган, “Ғазал мулкининг султони” дея номланган очиқ дарсга 4-“А” синф ўқувчилари муносиб тайёргарлик кўришганини дарс давомида намоён қилишди. Ўқитувчи дастлаб ушбу очиқ дарсни “Аждодларга муносиб авлод бўламиз!” шиори билан бошлади. Сўнгра, улуғ шоирнинг асарлари ўқувчи-ёшларимиз тарбиясидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб, шоир шеъриятидан парчалар келтирди.

Ўқувчилар 3 та жамоага ажратилиб, билимлари синаб кўрилди. Ҳар бир ўқувчи синф тахтасидаги мевалар расмлари туширилган қоғозчаларда акс эттирилган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид саволларга жавоб берди.

Ўқувчиларнинг шоир ғазалларини ёддан ифодали ўқишга ҳаракат қилишлари устознинг ўқувчиларда буюк бобокалонимиз ижодига бўлган қизиқишларини уйғота олганлигидан далолат беради. Жажжи болажонларнинг тарихий шахслар образларига кириб, ижро қилган саҳна кўринишлари дарс жараёнига кўтаринки руҳ бағишлади.

Очиқ дарснинг қизиқарли ўтишида Дилноза Бобожонованинг меҳнати катта бўлди. Шундай жонкуяр, меҳнатсевар устозларимиз бор экан аждодларимизга муносиб авлодни шакллантира оламиз.

Сапаева Барно, 69-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: