"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ОТА ДУОСИ

Бегона жой, бегона одамлар,бизникига унча ўхшамайдиган урф-одатларга ўрганишим учун кўп қийналишимга тўғри келди. Бир ёқда яқинларим билан борди-келди йўқ. Иккинчи томондан бирин-кетин туғилган болаларим. Ўша кунларнинг бирида қаттиқ касал бўлиб ётиб қолдим. Аввалига қаттиқ иситма тутди. Эрим тез ёрдам чақирди. Лекин иситмамни тушираолишмай, мени касалхонага олиб кетишди. Касалхонада бир ойча ётиб қолдим. Уйдагиларга хабар беришга йўл қўймадим. Ичимда, эса нуқул "отамнинг қарғиши урди. Узоқ жойга турмушга беришни истамагани бекор эмас экан”, - дейман. Хали оёққа турмасдан,бутун баданимга пуфакчали тошмалар тошиб кетди. Кўринмаган шифокорим, олмаган муолажам қолмади. Энди шифокорлар хар куни ўзлари уйимга келиб, текшириб, турли дориларни танамда синаб кўришарди. Айрим хонада худди моховлардек бир ўзим ётаман. Товоқ-қошиқ, хамма нарсам ажратилган. Болаларимга юқиб қолишларидан қўрқиб, ёнимга киритишмайдиган бўлишди. Бир куни катта қизим аста эшикдан кириб келди.

- Она, сизни соғиняпмиз. Аммо дадам киришга рухсат бермаяптилар. Сиз тузалмайдиган касалга йўлиқибсиз.

Қизим шундай деб йиғлаб юборди. Унга қўшилиб мен хам йиғладим. Шу кеча жуда кўп йиғладим. Йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Тушимга оппоқ соқолли нуроний бир отахон кирди.

- Йиғлама, қизим, - деди сочларимни силаб.

- Ота, дейман унга -. Ҳамма жойимни яра-чақа босиб кетган. Ҳатто бошларимгача яра. - Майли қизим, хафа бўлма. Эртага эрталаб бозорга бор. Бозор айлан, қизим. Шу дам уйғониб кетдим. Хонам қандайдир ёруғ нурга тўлганини сездим. Бу нур менинг юрагимга оқиб кира бошлади. Pуҳим енгиллашди. Юрагим ҳаприқа бошлади. Шу тун тонгни бетоқат кутдим. Эрталаб эрим кириб келди. У менинг ташқари чиқишимга асло рухсат бермади. Устимдан қулфлагани эшитилди. Ўрнимдан туришга уриндим. Сал ҳолсиз эдим. Тушим эсимга тушиб, бошимни ушладим. Во  ажабо, авваллари суви чиқиб турадиган яралар ўрни қотиб, қуриган тери уваланиб туша бошлади. Кўзгу олдига бордим, баданимдаги яралар ранги сал қорайгандек туюлди.

- Қизим, эшикни оч, - дея эшикни қўлларим билан ура бошладим. Аста эшик очилди. Эшик олдида қўрқувдан кўзлари катта очилган қизим турарди.

- Менга пул бер, мен бугун бозор қилиб келаман - дедим.

Уйимиз хар йили ярмарка ўтказиладиган кўча бўйида жойлашган эди. Шу куни ҳосил байрами муносабати билан ўтказиладиган ярмарка очилганини кўчага чиққач билдим. Жуда қувониб кетдим. Бироқ қувончим узоққа бормади. Биринчи учратганим яқин қўшним эди. У мени кўриши билан афтидан саломлашмаслик учун тез  бурилиб жўнаб қолди. Кўчанинг икки тарафида дўконларда картошка, сабзи, пиёз, қовун-тарвуз сотилаётган  эди. Аммо ёнларига боришим билан сотувчилар менга орқа ўгириб олишарди. Бир жойда картошкага қўлимни тегизишим билан сотувчи аёл: - Ҳой, ифлос қўлингни торт”, деб бақирди. Сал нарида турган сотувчи киши эса менга ачинди шекилли:

- Опа, келинг, мендан савдо қилақолинг. Фақат хафа бўлманг, қўлингизни теккизманг, ўзим энг яхшиларидан ўлчаб бераман - деди. Пулимни эса олмади. Уйга қайтаётиб биринчи учраган  чўлоқ тиланчи бобога бор пулларимни садақа қилдим. У мени узоқ дуо қилди. Шундагина икки соатлардан бери бозорда юрганимни, ўзимни анча  енгил сезаётганимни пайқадим. Қизим эшик олдида мени кутиб турарди. Уйга  кирганимда қизим яраларимнинг ўрни қорайиб қолганини айтди. Шу ўтган бир неча ой ичида биринчи бор ўзим ювиниб устимга тоза либосларимни кийдим. Эрим ишдан қайтганида мен бозордан олиб келган картошкани қовуриб столга қўяётган эдим. У кўзларига ишонмай, бир зум серрайиб қолди. Сўнг отамга менинг касалланганимни айтишди. Аслида отамни соғинган, унинг дуои фотиҳасини олишни истаган эдим. 

Зебо PАЖАБОВА.  
Янгиликни бўлишинг: