"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10207.7 -3.40
  • 1 EUR = 11896 +229.60
  • 1 RUB = 137.46 -5.37

Қиличбой овулида прокурор ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Ёшлар ҳаётидаги муаммоларни, уларнинг истакларини ва таклифларини ўрганиш, қўллаб-қувватлаш, шарт-шароитлар яратиб бериш, бандлигини таъминлашга эътибор қаратиш мақсадида туман прокурори барча ҳудудлардаги ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

10 февраль куни Қиличбой овулида ўтказилган “Прокурор ва ёшлар учрашуви”да ҳам айнан шу масалаларга эътибор қаратилди. Учрашувда туман прокурори Ж.Муфтуллаев, 2-сектор котиби Х.Алланиёзов, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси М.Шерметов, бошланғич ташкилотлар етакчилари, корхона-ташкилотлар мутасаддилари, ёш тадбиркорлар ва фермерлар, умутаълим мактаблари битирувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар қатнашдилар.

Йиғилишда туман прокурори дастлаб, мамлакатимизда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, чексиз имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб билим олишга, шижоат билан олға интилишга ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват этди. “Эришган ютуқларимиз ўзимизники, биз хато ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этишга ҳаракат қилмоғимиз керак!”- деган фикрни ҳаммамиз ҳаётий шиор қилиб олмоғимиз лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, туманимизнинг билимга чанқоқ, интилувчан ва изланувчан ёшлари ҳақида ўзининг самимий фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси М.Шерметов ҳам юртимизда ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, туман ёшлари ҳам ўз ўрнида бу имкониятлардан унумли фойдаланишлари кераклигини, ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиб, янги иш ўринларини яратишга ҳаракат қилишлари мақсадга мувофиқ бўлишини, бундай ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини ҳам гапирди.

Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши бош сардори Қундузбек Йўлдошев эса Президентимизнинг ўтган йил 27 декабрь кунги ёшлар билан учрашувидаги маърузаси мазмун-моҳияти, аҳамиятини кенг тушунтирди. Шунингдек, ёшлар билан ишлашда маданий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш кераклигини, бу уларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик, ватанга садоқат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, йиғилиш иштирокчилари ва ёшларнинг муаммолари ва таклифлари атрофлича тингланди.
Қорамон  овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Йўлдошева Барчиной Қорамон овул фуқаролар йиғинида жойлашган 53-сонли умумтаълим мактабининг эски биносида тикувчилик цехини ташкил қилишда амалий ёрдам бериш бўйича мурожат қилди.

Хизр эли маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Саиджонов Одилбек, Тош қалъа маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Эшчонов Феруз,  Беш овул  маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Чаршамова Pаъно ҳамда Дўрман овулида истиқомат қилувчи фуқаро Гулимбоев Шаҳзодлар мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб мурожат қилишди.

Юқори қишлоқ  маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Қурбонбоев Пўлат эса балиқчилик хўжалигини ташкил этиш учун ер майдони ҳамда Дўрман овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ўрозбоев Илёс тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредит ва ер майдони  ажратиб бериш бўйича мурожат қилишди.

Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 34-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Султонмуродова Озоданинг мактаб битирувчи ўқувчи-ёшларига бизнес лойиҳа бўйича маҳорат дарси ташкил қилиш, 20-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулимматова Нилуфарнинг мактабга фаоллар зали қуриш, 69-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Бектурсинова Севинчойнинг мактаб учун спорт анжомларини ажратиб беришда амалий ёрдам бериш бўйича мурожаатлари тингланди. Ундан ташқари, 34-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Иброҳимова Маржона ҳам мактаб учун мусиқа чолғу асбобларини ажратиб беришда, 17-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Боғирова Мафтуна Холимбег овулида кутубхона ташкил қилиш, 20-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Кенжаев Обиджон Дўрман овулида махсус ўқув курсларини ташкил қилиш, 34-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Омонбоева Лайло “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақаси учун 20 та махсус спорт форма олишда амалий ёрдам сўрашди.

Йиғилишда иштирокчилар томонидан билдирилган мурожаатлар ва фикр-мулоҳазалар юзасидан тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари томонидан ўз муддатларида чоралар кўриш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ёшлар билан ўтказилган мазкур учрашув барчага манзур бўлди.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: