"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Баҳор илҳомлари

Болам, баҳор сенгадир

Болам, баҳор сенгадир,

Кузни менга қўйиб бер.

Оппоқ қорлар сенгадир,

Изғиринни менга бер.

Онанг яшаши учун,

Дунёга келдинг, болам.

Югур-югур, чопқиллаб,

Ўтирмоқни менга бер.

Сен сойларга сув қарат,

Мени кутмоқда адир.

Завқ олиб бўйларингдан,

Шеър айтмоқ керак ахир.

Шивирлаб майсаларга,

Сенга соғлик тилайман.

Ойлар балққан бағрингда,

Дуогўйинг бўлай мен.

Болам, баҳор сенгадир,

Лолазорга дўст тутин.

Етиб борсин кузгача,

Япроқлари бус-бутун.

Хазонлардан қўрқмагин,

Хазон сендан ҳайиқсин.

Қўриқлагин кафтингда,

Гул сенга олқиш айтсин,

Қўшиқ айт, тоғларга чиқ.

Уларни қуч бирма-бир.

Онанг яшаши учун,

Дунёга келдинг ахир.

Гулойим Бекжонова.

11-сонли мактаб ўқитувчиси.

 

 

Келди баҳор

Илитиб туну кунларни,

Шохларга илиб гулларни.

Яйратиб қалбу дилларни,

Келди баҳор, гулбаҳор.

Майсалар кўрсатиб қулоқ,

Сумалакда айтилиб тилак.

Орзиқиб кутган юрак,

Келди баҳор, гулбаҳор.

Дарахтлар чиқариб куртак,

Чумолилар ўрмалаб ҳуркак.

Момолар айтишиб эртак,

Келди баҳор, гулбаҳор.

Булутлари ёмғир келтириб,

Ариқларни сувга тўлдириб,

Соғинтириб анча куттириб,

Келди баҳор, гулбаҳор

Баҳодир ЖУМАМУPОДОВ.

 

 

"Тошёп”да баҳор

Яна келди ўлкамга баҳор,

"Тошёп” бўйи гуллади такрор.

Бедазорда рақсга тушиб,

Яшил гилам тўшади баҳор.

"Тошёп” тўлиб оқди, қаранглар,

Қирғоқларин безади ранглар.

Наврўз келди. Сумалак пишди,

Ҳар лаҳзада қўшиқ жаранглар.

Дарахтлар ҳам уйғониб қолди,

Фермер бобом ишга йўл олди.

Чивиқлардан отлар ясадик,

Отчопарлар бошланиб қолди.

Бизнинг "Тошёп” йўлини кўринг,

Топ-тоза уй, ҳовлини кўринг.

Ҳар болага битта-биттадан,

Кўчат эккан боғимни кўринг.

Шаҳзод ҚЎШЖОНОВ,

5-сонли мактаб ўқувчиси.

Устозларимга

Тополмасман ахтариб,

Сиздай азиз инсонни.

Сизсиз бу дунё ғариб,

Зулмат босар жаҳонни.

 

Синф тўла болани,

Болам, деб улғайтасиз.

Ардоқлаб гул-лолани,

Келажакка элтасиз.

 

Омон бўлинг устозим,

Сиз борсиз йўлим ёруғ.

Эзгуликка парвозим –

Орзу йўлларим ёруғ.

Умарбек Pаҳимбоев,

69-мактаб ўқувчиси.

 

 

Баҳор тонги

Кўрдим ажиб баҳор фаслини,

Кўрдим рангин гуллар аслини.

Лек кўрмадим бунчалар нафис,

Баҳордайин гўзал фаслни.

Кўрдим, бағри қайноқ шунчалар,

Музлаган юраклар эриб кетгудек.

Эртакка ўхшайди нега бунчалар?!

Гўё ойга қўлим етгудек,

* * *

Тонг отмоқда яна,

Қуёш чиқар секин тебраниб.

Ой юзини яширди ана,

Юлдузлар ҳам сўнди милтиллаб.

Бирдан осмон ёришиб кетди,

Қуёш нури оламни тутди.

Жаранглади қушлар овози,

Баҳор саси бизгача етди.

Мақсуда САФАPБОЕВА,

3-сонли Амударё академик лицейи ўқувчиси.

 

 

Наврўз мадҳи

Кўрсатиб она заминга чеҳрасин гулгун баҳор,

Санъатин этди намоён ҳар ённи қилиб гулзор.

Соғинган ҳар бир кимсанинг кўксига лола тақиб,

Кимгадир қўшиқ куйлатиб, кимга ёздиргай ашъор.

Бу гўзал гулшан ичраким, қолгай лоқайд қайси дил!?

Ўзлари яратган жаннат, ким бўлса меҳнатга ёр.

Туманимиз аҳлини ноз-неъматлари шод этур,

Серҳосил тупроғимиз, бўлса Аму суви бисёр.

Кирмоқда янги ҳаётга мўл орзу умид-ла эл,

Чунки Наврўзимиз кўклам саодати бирла ёр.

Бу мўътабар элда доим ҳар кимса шод яшагай,

Кимки кутса ҳар баҳорни халқи билан бахтиёр.

Яратувчи ишимизни кўшсак Ватан меҳрига,

Ҳар баҳорни кутармиз шод, фаровонлик барқарор.

Аҳмад Нафасов.

 

 

Бобомдан мерос

Бобом ўтди раҳматлик,

Онам роса йиғлади.

Онамнинг кўз ёшлари,

Юрак-бағрим тиғлади.

Онам битта дафтарни,

Ўқир эди ҳар куни.

Йиғлаб-йиғлаб ёзарди,

Онажоним кўнглини.

Бобом шеърлар ёзаркан

Ва буни сир тутаркан.

Ичидаги борини.

Оқ қоғозга тўкаркан.

Бобом шеърин ўқидим,

Ёшларга тўлди кўзим.

Шеър ёзишга ихлос,

Менга бобомдан мерос.

Умида Эрдошева,

22-сонли мактабнинг 6-синф ўқувчиси.

 

 

Шеър аро қўйдим қадам

Зулфия шеърияти,

Гўзал маънавияти.

Фикримни тортди менинг,

Ҳавасим ортди менинг,

Улғайиб бир қиз бўлай,

Қошлари қундуз бўлай.

Орзулари элга манзур,

Сўзи дур юлдуз бўлай.

Қалбда ҳавас уйғотган,

Шеърга ихлос уйғотган.

Онажоним шоирам,

Шеър аро қўйдим қадам!

Сурайё PАЖАБОВА,

44-сонли мактаб ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: