"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

“Жайҳун илҳомлари” ННТ томонидан ўтказилаётган тадбирларда истеъдодли ва ижодкор ёшлар аниқланмоқда

Туманимизнинг қайси бир бурчагига борманг, кўнгли орзу-умидларга тўла, билим сирларини пухта эгаллаб, юксак чўққиларга интилаётган орзулари бир жаҳон ёшларга дуч келасиз. Ана шундай иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг истеъдодларини юзага чиқаришларида кўмаклашиш мақсадида “Жайҳун илҳомлари” нотижорат нодавлат ташкилоти томонидан умумтаълим мактабларида турли тадбирлар ташкил этилиб, улар учун яратилган шароитлар билан танишилмоқда.
Иқтидорли ва истеъдодли ёшлар туманимиздаги 49-сонли умумтаълим мактабида ҳам кўплаб топилади. Айни кунда мактабда 243 нафар ўқувчи билим сирларини эгалламоқда.

Мактабда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, улар орасидан қобилиятли ёшларни танлаб олиш, иқтидорли ўқувчиларнинг имкониятларини юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биз сўз юритаётган умумтаълим мактабида 15 та фан ва 9 та спорт тўгараклари мавжуд бўлиб, бу тўгаракларга 225 нафар ўқувчилар жалб қилинган. Адабиёт, театр ва санъат, мусиқа, жисмоний тарбия тўгаракларига ўқувчилар фаол қатнашишмоқда.
Мусиқа тўгараги қатнашувчилари бўлган раққоса қизлар гуруҳи ҳудудий, туман босқичидаги танловларда қатнашиб келишмоқда ва катта тадбирлардаги чиқишлари ҳам барчага манзур бўлмоқда.

Мактабдаги компьютер тўгарагининг ҳам фаол аъзолари кўп. Тўгаракда ўқувчиларнинг компьютер бўйича саводхонлиги ошириб борилмоқда. Спорт тўгаракларида эса ўқувчилар шахмат-шашка, волейбол, стол тенниси, футбол, енгил атлетика турлари бўйича машқлар ўтказишмоқда. Айниқса, мактабнинг спортчи ўқувчилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар кўзга ташланмоқда. Ҳудуд ва туман босқичларида мактабнинг ёш спортчиларидан Диёра Мақсудова 1,500 метрга югуришда 2-ўринни, Умаржон Ҳожиқурбонов 200 метрга югуриш мусобақасида 1-ўринни эгаллаб республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мактабда ўқувчиларнинг янада чуқурроқ билим олишлари учун кутубхона мунтазам ишлаб турибди. Кутубхона мудираси Гулбаҳор Тожибоева ўқувчиларнинг китоб танлашида, қулай шароитларда ўқиб мутолаа қилишларида яқиндан ёрдам бермоқда.

Мактабнинг 8-синф ўқувчиси Ўғилой Чоршамова, 7-синф ўқувчиси Элмира Йўлдошевалар кутубхонанинг энг фаол ўқувчиларидир. Элмира  Йўлдошева келажакда инглиз тили ўқитувчиси бўлмоқчи. Бунинг учун у бор имкониятлардан фойдаланиб, дарсликларга қўшимча равишда инглиз тилини ўрганишга оид адабиётларни ҳам ўқиб-ўрганмоқда.

Ҳозирги кунда мактаб директори Шукурбой Айимбетовнинг ташаббуси билан юқори синф ўқувчилари орасида “Келажакда ким бўлмоқчисиз” сўровномалари ўтказилмоқда. Сўровномага жавобан ўқувчилар келажакда қайси касб эгаси бўлиши, қайси олий ўқув юртларига кириб ўқиши ҳақида ўзларининг фикрларини билдирмоқдалар. Орзулар тиниқ, фикрлар уйғоқлиги сўровномаларда акс этмоқда.

Туманимиздаги 48-сонли умумтаълим мактабида ҳам бугунги кунда 370 нафар ўқувчи билим ва таълим-тарбия олмоқда. Бешта муҳим ташаббус ижросини ва ўқувчиларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишларини таъминлаш мақсадидаги 16 та фан тўгараклари ишлаб турибди. Бу тўгаракларга жами 250 нафар ўқувчи жалб қилинган. Жумладан, биринчи ташаббус йўналишида 4 та, иккинчи ташаббус йўналишида 6 та, учинчи ташаббус йўналишида 2 та, тўртинчи ташаббус йўналишида 1 та ва бешинчи ташаббус йўналишида 3 тўгарак фаолият  юритмоқда.

Мактабдаги “Адабиётшунослик” тўгарагининг аъзолари 10-синф ўқувчиси Нафиса Шукурлаева, 9-синф ўқувчиси Бекзод Халиллаевлар ўзлари ёзган шеърлари билан анча танилиб қолдилар. “Ёш рассомлар” тўгарагининг  аъзолари эса тасвирий санъат йўналишида туман, республика босқичларида қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Тўгарак қатнашчиси 5-синф ўқувчиси Динора Аминбоева тасвирий санъат соҳасида ўзининг билимдон эканлигини билан ажралиб туради. Мазкур мактабда компьютер сабоқлари ҳам пухта ўзлаштирилмоқда. Бу борада мактабнинг 8-синф ўқувчиси Оғабек Ўрозбоев ўзининг билимдонлиги билан барчани ҳайратга солмоқда.

Биз сўз юритаётган 48-сонли умумтаълим мактабида спортнинг барча турлари бўйича иш олиб борилмоқда. Тўгарак аъзолари мусобақаларнинг ҳудудий, туман босқичларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Мактабнинг 7-синф ўқувчиси Асадбек Ўринбоев эришаётган ютуқлар барчанинг қувончига сазовор бўлмоқда.
Ўқувчилар эришаётган ютуқлар кўп. Бу имкониятлардан фойдаланиб, улар янада баланд чўққиларни забт этадилар.
Ҳа, ўқувчиларнинг орзулари бир жаҳон. Улар келажакда юксак чўққиларни кўзлаб олға интилмоқдалар. Ўқувчиларнинг катта мақсадларга эришишида меҳрибон устозлар қўл-қанот бўладилар, албатта.

Ўрозали PЕЙИМОВ, "Жайҳун илҳомлари" ННТ раиси.

Янгиликни бўлишинг: