"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ҲАЁТДА ҲАММАНИНГ ҲАМ ЭМИН-ЭPКИН ЯШАШ ҲУҚУҚИ БОP

Суд идоралари томонидан судлов жараёнида қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, очиқ тарзда ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида шу йилнинг 5 февралида йўл-транспорт ҳодисасига доир жиноят ишини муҳокама этишга бағишланган очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Ушбу жиноятни содир этган шахс отаси номида бўлган автомашинани ишончнома орқали бошқариб бораётиб, йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлган. Воқеа 2019 йил 25 сентябрь куни “Қипчоқ-Манғит-Туркманистон” чегарасигача бўлган магистраль йўлининг Босув маҳалласи ҳудудида содир бўлди. Бу пайтда ҳайдовчи машина тезлигини меъёридан  оширганлиги сабабли, ушбу йўлни пиёдалар ўтиш жойи яқинидан йўлнинг шарқ томонидан ғарб томонига кесиб ўтаётган кекса аёлни ва унинг неварасини автотранспорт воситасининг олд чап томони билан уриб юборган. Натижада пиёда аёл ҳодиса жойида вафот этди, вояга етмаган невараси эса тан жароҳати олиб  касалхонада ётиб даволанди.

Бу билан ҳайдовчи амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 11-бандидаги “Транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, қариялар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўришга мажбурдир”, 77-бандидаги “Ҳайдовчи ҳаракатнинг  серқатновлигини, транспорт  воситаси ва юкнинг  хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароити, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгиланганидан оширмасдан бошқариши керак”, деб кўрсатилган талабларига хилоф равишда ҳаракат қилган. Шунингдек, 109-бандидаги “Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шарт” деб кўрсатилган қоидани ҳам қўпол  равишда бузган.

Мазкур жиноят иши юзасидан ўтказилган очиқ суд мажлисида ҳайдовчининг йўл қўйган хатолари батафсил муҳокама этилди. Бунда унинг Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги, бироқ айбига тўлиқ иқрорлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, жабрланувчининг қонуний вакилининг кечирим берганлиги инобатга олиниб, айбига яраша жазо тайинланди.

Суд мажлисида бу каби жиноятлар содир этилишининг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Йўл-транспорт ҳодисалари баъзан бегуноҳ одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига, баъзан бир умр ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлаётганлиги, эмин-эркин яшашга ҳамманинг ҳам ҳаққи бор эканлигини унутмаслик лозимлиги таъкидланди.

С. Давлетмуродов, Жиноий ишлар бўйича туман суди раиси.

Янгиликни бўлишинг: