"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

Қиличбой маданият марказида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

Ёшлар билан учрашиб, уларнинг фаолиятлари билан танишишни, эртамиз эгалари билан янада яқин алоқа ўрнатишни мақсад қилган туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Қиличбой ОФЙнинг маданият маркази бўлди. Маданият марказида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев туманимиздаги барча соҳаларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар, ёш тадбиркорлар, ёш фермерлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан учрашди.

Маданият маркази фаоллар залида ёшлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида туман ҳокими, ёшларнинг таклифлари, қизиқишлари, айниқса, уларни қийнаётган муаммолари билан танишди.

Султонбой Йўлдашев ўз нутқида мамлакатимизда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, чексиз имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб билим олишга, шижоат билан олға интилишга ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилди. Туман ҳокими: “…Эришган ютуқларимиз ўзимизники, биз хато ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак!” - деган фикрни барчамиз ҳаётий шиор қилиб олишимиз кераклигини таъкидлади. Шунингдек, билимга чанқоқ, изланувчан туманимиз ёшлари ҳақида ўзининг самимий фикр-мулоҳазларини билдирди.

Тақъкидланганидек, туманимизда ёшларимиз учун барча соҳаларда катта имкониятлар яратилган бўлиб, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёшларимиз талайгина. 2019 йилда ёшларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги 24 та лойиҳаси учун 8 млрд 811 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 155 янги иш ўрни яратилган.

2019 йил 5 нафар ёшларимизга Ёшлар меҳнат гузари, 16 нафарига ишлаб чиқариш ҳамда маиший хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик қилишлари учун ер майдонлари ажратилди.

Шунингдек, 2019 йилда қурулган кўп қаватли уйлардан 8 нафар ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшлар уйларнинг бошланғич бадали тўлаб берилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув чоғида кўпчилик ёшларнинг муаммолари тингланиб, шу ернинг ўзида ҳал қилиш учун тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди. Хусусан, ёшларимиздан Санжар Бекимбетов, Севара Холиеваларнинг кредит олиш масалалари, Қудрат Турсунбоев, Илёс Aҳмедов, Дониёр Pажабов ва Шерзод Жумабоевларнинг бандлик билан таъминланиш масалалари, шунингдек, Лобар Матсафаеванинг тикувчилик фаолияти билан шуғулланиши учун тикув машинаси билан таъминланиш масаласи, Ҳамида Pажабованинг имтиёзли уй-жой олиш масалалари ўрганилиб, айримлари шу жоининг ўзида ҳал қилинди. Қолганларини ижобий ҳал қилиш учун тегишли топшириқлар берилди.

Суҳбат якунида туман ҳокими биз буюк аждодлар фарзанди эканлигимизни, ҳар биримиз илм-фан чўққиларини эгаллаб, уларга муносиб авлод бўлишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида илм-маърифатнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги фикрларига тўхталиб, буларнинг барчаси исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат эканлигини эътироф этди.

Шунингдек, учрашув мобайнида туманимиздаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик маҳсулотларидан иборат бўлган кўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада ёш тадбиркорларнинг меҳнатлари намуналари йиғилганлар диққатига ҳавола қилинди. Кўргазма барчада катта таассурот уйғотди.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: