"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Тоза ҳаво - биринчи зарурат

Халқимизда "Тоза ҳаво – танга даво” деган ажойиб нақл бор. Дарҳақиқат, тоза ҳаво, айниқса тонг пайтидаги кислородга бой мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб, ҳузур қиласан киши. Лекин ҳар хил чанг-тўзонлар, автомашиналар, ишлаб чиқариш корхоналари, одамларнинг турли-туманхас-чўпларни, елим халта ва халтачалар, "баклашка”лар, пластик идишлар, резина буюмлари ва ҳоказоларни ёқиш пайтида ажралиб чиқадиган заҳарли ис газлари аралаш ҳаводан нафас олиш ҳеч кимга ҳузур бағишламаса керак. Бундай ифросланган заҳарли ҳаво соғлигимизга ҳам зарар етказишини ҳеч ким инкор қилолмайди. Ваҳоланки, биз ҳар йили куз ойларида ва баҳор ойларида хас-чўплар ва бошқа ташландиқ, буюмларни маҳалладошларимизнинг, қўни-қўшниларимизнинг ёқиб, тутатаётганини кўрамиз. Аммо бунга эътироз билдирмасдан ўзларимиз ҳам уларга қўшилиб ёқамиз, тутатамиз. Бу билан барчамиз нафас олаётган тоза ҳавони ифлослаб, уни заҳарга айлантирамиз. Нега биз шундай қиламиз? Бу билан биз ўз соғлигимизга ўзимиз болта ураётганимиз йўқми? Нима, бу бизнинг ақл-фаросатимиз камлигиданми ёки хас-чўплардан осонгина қутилиш йўлини топганимизданми? Ҳар ҳолда бу биз ўзимизнинг ҳали-ям экология бўйича билим ва тушунчаларимиз нақадар қашшоқ эканлигини тўла англаб етолмётганимиздан дарак бермайдими? Бундай ҳолатда ҳали экология маданияти ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасга ўхшайди.

Ҳаммамизга маълумки, ҳар йили баҳор ойлари келиши билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин бошланиб кетади. Энг аввало ҳовлиларни, кўчаларни супириб-сидириш, турли хас-чўплардан, дарахт япроқларидан ва ҳар хил маиший чиқиндилардан тозалаш ишлари мактабларда, шифохоналарда, жамоат жойларида ва маҳаллаларда, хуллас ҳамма жойда уюшқоқлик билан олиб борилади. Хазон ва чиқиндилар ёқилади.Умумхалқ ҳашарларида ҳам худди шундай ишлар такрорланади. Мана шу хас-чўплар ва турли маиший чиқиндилар ёнаётган пайтда соғлик учун зарарли ис газларининг ҳаво орқали теварак-атрофга тарқалишини ва ундан инсонлар нафас олаётганини билиб туриб шу ишга қўл урамиз. Бундай зарарли, ёмон ишни бир-иккита одам эмас, балки кўпчилигимиз қилаётганимиздан афсусланмасдан бўладими, ахир? Шу ва шу каби ҳамма зарарли одатлар, биз кўникиб қолган ёмон кўникмалар шу заҳотиёқ ўзимизга, ўз соғлигимизга зиён етказаётганини ҳар биримиз англаб етмоғимиз шарт.

Бунинг ўрнига ёнадиган хас-чўпларни, маиший чиқиндиларни бирор-бир қулайроқ жойдан чуқур қазиб, кўмиб ташласак, вақт ўтиши билан чириндига айланади ва бу чириндидан қишлоқ хўжалиги экинлари учун органик ўғит сифатида фойдаланиш мумкин бўлади-ку.

Биз ҳаммамиз яхши кийинишни, яхши юриб-туришни, яхши уйларда яшашни, энг сўнгги русумдаги янги машиналарни ҳайдашни, умуман яхши ҳаёт кечиришни яхши кўрамиз, шу баробарида тоза ҳаводан нафас олишни ҳам. Келинг, ҳар биримиз ҳаёт учун, яшаш учун биринчи манба ва омил бўлган атмосфера ҳавосини тоза сақлашни ўрганайлик, уни ҳар қандай заҳарли газлардан асрайлик! "Тоза ҳаво - танга даво” ибораси бизнинг ҳар кунги шиоримизга айлансин. Тоза ҳаво биринчи зарурат бўлиб қолсин!

Музаффар АБДPИМОВ,

туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: