"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10184.7 +10.60
  • 1 EUR = 11455.8 +43.50
  • 1 RUB = 142.48 -3.97

ОИЛА БАХТИ

Тақдир экан, Маҳмуданинг турмуши яхши бўлмади. Анвар билан севишиб қурган оиласидан бефарзандлик туфайли ажрашди. Анварнинг раъйига қараб оз эмас, ўн уч йил сабр-тоқат билан яшади. Қайнонасининг кесатиқлари, ирим-сиримлари, овсинларининг, қайнсингилларининг пичингларига тишини-тишига қўйиб чидади.

Сабрнинг ҳам чегараси бор, деганлари рост экан. Охири бўлмади, кетди...

Ўшанда Наврўз яқин эди. Ҳар йили қайнонаси Наврўз арафасида сумалак соларди.

– Сумалакда ҳикмат кўп, болам, зора фаришталар омин, деб бўйингда бўлса, – дерди яхши ниятлар билан.

Маҳмуда ҳам умид, ҳам ишонч билан сумалак қозони атрофидан кетмай, чарчадим демай, тунни-тонгга улаб астойдил ишларди. Ўша галги Наврўзда ҳадеганда сумалакка уринмаётган қайнонасига бу ҳақда гап очди-ю, юрагига ханжар урилгандай, турган жойида гандираклаб кетди.

– Ўн уч йилдан бери бир туғмас хотинни Аллоҳ ёрлақасин, деб сумалак соламан, – деди қайнонаси Pамиза она, – Аллоҳ ҳам хуш кўрмаётганга ўхшайди. Жу-да-а-а истаб турган бўлсанг, ўзинг солавер сумалакни!

Маҳмуда ҳеч нарса демади. Нима десин! Қайнонасини ҳам тушуниши керак. Ўғлининг ёши ўтиб бораётир. Ана, ўзидан кейинги уч ука-сингиллари ҳам бир этак болали бўлишган. Кенжа қайнсинглиси ҳам ҳомиладор.

“Кетишим керак!” – қатъий қарорга келди Маҳмуда. У индамай уйга кириб, ўзига зарур нарсаларни сумкасига жойлади. Аста ҳовлига чиқди. Узум зангисини кўтараётган қайнисининг ёнида турган  қайнонасининг олдига борди. Қайниси ҳайронлик билан боқди. Pамиза она худди унинг кетишини узоқ йиллардан бери кутаётган каби хотиржам эди. Маҳмуда: “Мендан рози бўлинг, дилингизни оғритган бўлсам, кечиринг!”  демоқчи эди. Айтолмади, томоғини ғиппа бўғиб турган нимадир уни гапиришга қўймади. Кўзидан оқиб тушаётган аччиқ ёш томчилари юзини ювиб, лабларини куйдиргандай бўлди. Аста кўчага йўналди. Қайнона жим, “қилт” этмади. Қайни ҳайрон.

Маҳмуда дарвоза остонасидан ҳатларкан, ортига бир назар солди. Афтидан қайниси унинг ортидан чиқмоқчи бўлган-у қайнона уни тўхтатишга уринарди.

– Чеча, чеча, тўхтанг, нима бўлди, чеча?

Маҳмуда тўхтамади, қайнисини Pамиза она қўйиб юбормади. У кетди. То ота уйига етгунича томоғига тиқилган фарёд сиртига чиқмай, ичини ёндириб юборди...

Маҳмуданинг ҳеч кутилмаганда кетиб қолиши Анварни довдиратиб қўйди.

– Кимдир нимадир дедими?

– Ўзи кетди, ақлли хотиннинг ишини қилди, энди бас қил, тақдирга тан бер, – деди қатъий онаси.

Тақдирга тан бериш Анварга осон бўлмади. Маҳмуда ишлайдиган мактабга қатнайвериб, унинг йўлини пойлайвериб чарчади. Озиб-тўзиб, одамови бўлиб қолди. Яқинларининг қистови билан уйланди. Икки қизи билан бева қолган ёшгина жувон уйим, жойим деб қанчалик меҳр кўрсатмасин, Анвар ҳамон Маҳмуда ишлайдиган  мактабга қатнашини қўймасди. Шундай кунларнинг бирида онаси гап топиб келди.

– Маҳмуда турмушга чиқаётган экан.

– Нима? – худди ток ургандай сапчиб тушди Анвар. – Ним-нимага турмушга чиқади?

– Эсингни еб қўйибсан сен бола. Нимага эмиш? Нимага бўларди, боши очиқ аёл, хоҳласа турмушга чиқади, хоҳласа...

– Чиқмайди! – хонтахтага бор кучи билан мушт туширди Анвар. – Мен уни қайтариб олиб келаман.

Нонуштага энди ўтираётган хотини Саломат иккала қизалоғини бағрига босганча анграйиб қолди. Анварнинг важоҳатидан қўрқиб кетган қизалоқлар чириллаб йиғлаб юборишди.

– Уялмайсанми, болам, – Pамиза онанинг  овози қалтиради, кўзларига ёш қуйилиб келди. – Бола-чақангда не айб, қара уларнинг эс-ҳушини олиб бўлдинг. Бор, эркак бўлсанг, бор. Олиб келақол, Маҳмуданг қайтармикан? Мана бу қора кўзларни Аллоҳ сенга бир синов учун юбормадимикан, болам!

Ниҳоят хотини тилга кирди.

– Етимларим яна биттага кўпайишини ўйламабман, худойим, ўзинг кечир!

Жаҳл отига миниб, ҳозироқ Маҳмудани етаклаб келгудай аҳволдаги Анвар хотинининг илтижоли нигоҳларига боқиб, бирдан шаштидан қайтди.

У умрида ҳеч қачон эшитмаган хуш хабар қаршисида ўзини йўқотиб қўяёзди.

– Етим, етим, нималар деяпсан, Саломат? Қани, буёққа келинглар, асал қизларим! Уларни ҳаргиз етим дема, етим дема! Қизларим, менинг қизалоқларим, яхшилик элчиларим менинг!

Шу кундан бошлаб Анвар ўзгарди, оиласига, хотинига, бир йилдан бери болам демаган қизалоқларга меҳрибон бўлиб қолди. Қизи туғилгач, оиласига боғланиб, Маҳмудани унутди...

***

Маҳмуда иккинчи турмушидан ҳам фарзандли бўлмади. Биринчи хотинининг хиёнатини кечиролмаган эри Маҳмудага нисбатан жуда қаттиққўл эди. Икки ўғлидан воз кечиб, кўнглининг кўчасига кириб кетган кундошини Маҳмуда танимас, у ҳақдаги тарқалган  гап-сўзларга ҳам эътибор беравермасди. У бутун меҳрини икки ўғлига берди. Эрининг  тутумларига сабр-тоқат билан чидади. Болалар ўз онасини эслай олишмас, ҳатто бу уйда унинг сурати ҳам йўқ эди. Каттаси еттинчи, кичиги бешинчи синфда ўқишарди. Бир куни катта ўғли мактабдан йиғлаб келди.

– Менинг онам сиз эмас экансиз, ҳаммасини биламан, сиз дадамнинг бойлиги учун бу уйда экансиз, нега алдайсиз? – деди жиғибийрони чиқиб.

Маҳмуда ич-ичидан зил кетди, болага қандай тушунтиришни билолмай, юраги эзилди. Қучоғига олмоқчи бўлганида Шокиржон уни силтаб ташлади.

– Дадам келсин, ўз онамни олиб келтираман!

– Ҳеч қачон келмайди!

Остонада қандайдир идишни тутганича эри Исмоил турар, унинг кўзларида аввал Маҳмуда ҳеч қачон кўрмаган меҳр бор эди.

Шокиржон, онангга иккинчи бундай муомала қилганингни кўрмайин, болам, ма, буни олинглар, ишхонадагилар сумалак қилишибди. Йигит киши кўчадаги гапга эргашиб, яқинларини ранжитмайди, мактабингга борган хотин ҳеч қачон сенга она бўлаолмайди, мана сенинг онанг, кечирим сўра! – эри Маҳмуданинг елкасига қўлини қўйди.

Шокиржон сумалак тўла идишни отасининг қўлидан олиб Маҳмудага тутқазаркан.

– Мен хато қилдим, кечиринг, – дея қучоқлаб олди.

Уй сумалакнинг хушбўй ҳидига тўлди.

– Сумалак билан онамнинг ҳиди бир хил-а, ака, – деди Нодиржон сумалакка нон ботираркан.

Маҳмуда ҳаяжондан энтикиб кетди. У ҳаётида илк марта ўзини бахтиёр ҳис этди. Бу оила ва оналик бахти эди.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: